Бугунги кун аниқ концепция асосида ишлашни тақозо этмоқда

2021-01-28T08:31:09+05:0028 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлини танлади. Бунда, шубҳасиз, оммавий ахборот воситалари, журналистлар муҳим ўрин тутади. Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида оммавий ахборот воситаларининг бугунги кундаги ўрни ва роли ҳақида тўхталиб, ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби, деди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Энг аввало шуни алоҳида таъкид­лаш лозимки, давлатимиз раҳбари оммавий ахборот воситалари вакилларини мунтазам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Инчунун, Олий Мажлисга Муржаатномада ҳам “Оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни холис ёритиш билан бирга, жойлардаги мавжуд долзарб муаммоларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиб, уларни бартараф этишга барча даражадаги раҳбарларни даъват этиб, ундаб келаётганини алоҳида таъкид­лаб ўтмоқчиман. Улар том маънода «тўртинчи ҳокимият”га айланиб бормоқда”, дея эътироф этди. Шунинг­дек, 2021 йилда ҳам сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилади. Давлатимиз раҳбарининг бундай эътироф ва эътибори барча журналист ва блогерларнинг кўнглини кўтарди, уларга руҳ, куч-қувват ва илҳом бағиш­лади, ўз билимини янада бойитиш ва изланишга даъват этди.

Жамиятдаги сўз эркинлиги, ошкоралик ва шаффофлик ортга қайтмас тус олди. Бугунги давр ва шароит оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада ошириш учун улар фаолиятини тизимли ривож­лантириш концепциясини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда. У газета ва журналлар, телерадиоканаллар, оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган веб-сайтлар ҳамда ахборот хизматларининг демократик ислоҳотлар жараёнидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, эркин ва мустақил оммавий ахборот воситалари тармоғини кенгайтириш, журналист касбининг ижтимоий мақоми ва нуфузини юксалтириш, блогерлик мақомини белгилаш, кадрлар тайёрлаш, малакасини ошириш, ихтисослаштириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоялаш, миллий журналистикамизнинг халқаро медиа маконда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, соҳани ҳар жиҳатдан ривож­лантиришга қаратилиши лозим.

Мурожаатномада белгиланган дав­лат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш йили” муносабати билан қабул қилинадиган дастур ижроси, барча соҳада амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар аҳамияти ҳамда натижаларини тезкор, холис ва ҳаққоний ёритиб бориш оммавий ахборот воситалари вакиллари — журналист ва блогерлар, қолаверса, уюшмамиз зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Уюшмамизнинг тасдиқланиш арафасида турган 2021 йилги иш режа ва “Йўл харитаси”да бу борада бажариладиган вазифалар аниқ белгиланган.

Маълумки, бу йил Ватанимиз мус­тақиллигининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаймиз. 2020 йилда коронавирус пандемияси сабабли ўтказилмай қолган “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро, “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” ҳамда турли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда респуб­лика танловларини янги формат ва низом асосида юксак савияда ташкил этиш режалаштирилган.

Йиллик режамиздан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини миллий ва халқаро медиа маконда маҳорат билан кенг ёритиш, жойлардаги камчилик ва муаммоларни қўрқмай кўтариб чиқиш, ечимини таъминлашга эришиш, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этган оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларни рағбатлантириб бориш чора-тадбирлари ўрин олган.

Олий ўқув юртларида журналис­тика бўйича таълим олаётган, соҳага энди кириб келган йигит-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг қизиқиши, билими, малакаси ва маҳоратини оширишга қаратилган турли тадбирлар — танловлар, семинар-тренинглар, медиатурлар, давра суҳбати ҳамда маҳорат дарслари ўтказиш белгиланмоқда. “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, ҳар жиҳатдан кучли, профессионал журналистлар сафи кенгайишига ҳисса қўшиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фикрлар хилма-хиллиги, турли қараш ва ёндашувларга кенг йўл очишга кўмаклашиш борасидаги ишларимизни давом эттирамиз.

Жорий йилда илк бор Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда мамлакатимиз ёш журналистларининг Бўстонлиқ семинарини ўтказишни мақсад қилганмиз.

Бу йил ҳам кўплаб устоз журналистларимиз ўз юбилей ёшларини қарши олади. Йиллик режамизда фахрий журналистларимиз ҳолидан хабар олиш, саломатлигини мус­таҳкамлаш учун моддий кўмак, санаторийларга имтиёзли йўлланмалар бериш, уларни уюшма тадбирларига кенгроқ жалб этиш бўйича ишларни жонлантириш кўзда тутилган.

Уюшмамиз Хитой, Россия, Жанубий Корея давлатлари журналистлар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришган. Бошланган йилда дунёдаги эпидемик вазиятни ҳисобга олган ҳолда бу борадаги ишларни давом эттириш, қўшни давлатлар, шунингдек, Ҳиндис­тон, Туркия, Польша каби бир қатор хорижий мамлакатлар медиа соҳаси ташкилотлари билан меморандумлар имзолаш, тажриба алмашиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик ва алоқаларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар медиа тузилмалари эксперт ва мутахассислари иштирокида халқаро форум ўтказишни ният қилганмиз.

Ўзбекистон Миллий телерадио­компаниясининг “Маданият ва маърифат” телеканали билан ҳамкорликда “Журналист” номли икки ҳафтада бир марта эфирга узатиладиган кўрсатув тайёрлашни йўлга қўйиш, уюшма логотипини янгилаш ва унинг ҳаракатдаги кўринишини яратиш, веб-сайтимиз — journalist.uzдаги камчиликларни бартараф этиш ҳамда уюшма имиджини шакл­лантириш ва кўтариш бўйича иш олиб боряпмиз.

Уюшмамиз томонидан 2021 йилнинг 22-28 февраль кунлари Фарғонада медиалагер ташкил этиш режалаштирилмоқда. Мамлакатимиз барча ҳудудларидан ОАВ вакиллари, хусусан, ёш ва устоз журналистлар иштирок этадиган тадбир доирасида уларнинг билим ва малакасини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, соҳанинг долзарб масалалари бў­йича фикр алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Маънавий-маърифий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ­Президентимиз “Агар кимдир, маънавият масаласи — бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, деди. Бу, ўз навбатида, уюшма олдига ҳам муайян мақсад-вазифаларни қўймоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида олти минг нафарга яқин ижодий ходим фаолият олиб бормоқда. Улар, шубҳасиз, катта куч. Ҳар бир журналист ва блогер, ўз навбатида, маънавият тарғиботчиси ҳамдир. Маънавият тарғиботчисининг, энг аввало, маънавияти юксак бўлиши керак. Шу боис мазкур йўналишдаги дастлабки ишларни соҳа ходимлари маданияти ва маънавиятини юксалтиришга қаратиш зарур.

Ушбу йўналишдаги ишлар доирасида яқинда уюшма қошида кутубхона ва ўқув бурчагини ўз ичига олган маънавият хонаси ташкил этдик. Ушбу зиё масканимиздан бадиий ва илмий адабиётлар, журналистика соҳасида ўзига хос мактаб яратган устоз журналистлар ҳаёти ва фаолияти, қолаверса, ҳамкорларимиз — халқаро медиа ташкилотлар иш услубларига оид қўлланмалар ўрин олган. Бундан ташқари, тўрт тилда нашр этиладиган ўттиздан зиёд марказий газета ва журналларнинг ҳар бир сони тахламлари ҳамда уларнинг электрон вариантлари билан танишиш мумкин.

Шунингдек, уюшма қошида маънавий-маърифий кенгаш ташкил этишни режалаштиряпмиз. Уюшма бошқаруви аъзолари, кўплаб журналистлар бундай кенгаш ва маънавият хоналарини вилоят бўлимларимизда ҳам йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Битта нохолис ахборот бугунги кунда жамиятга қанчалик маънавий зарар етказиши мукинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ана шундай ҳолатларни назарда тутган ҳолда, нохолис хабар тарқатиш, соҳамизга доир қонун, фармон ва қарорлар, шунингдек, Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси қоидалари бузилишининг олдини олиш, сўз ва матбуот эркинлигидан тўғри фойдаланишга қаратилган фаолиятимизни жонлантириш бўйича режа тайёрланаяпти.

Айни пайтда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини кенг ёритишга кўмаклашиш, ушбу йўналиш бўйича самарали ижод қилаётган журналист ва блогерларни рағбатлантириш, уларга таклиф ва тавсиялар бериш, фаолиятини таҳлил қилиш, ўзаро ҳамкорликда медиатурлар ташкил этиш бўйича келишувга эришиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Маданият вазирлиги масъуллари билан музокаралар олиб бораяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августда Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида уюшмамизга ҳомий сифатида Респуб­лика товар-хомашё биржаси бириктирилган, икки ташкилот ўртасида “Дўстлар клуби” тузилган эди. Шундан буён ҳар йилнинг бошида клуб ҳамкорлигида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади, ҳамраислар томонидан тасдиқланганидан сўнг йил давомида шу асосда иш олиб борилади. Ўтган йилги “Йўл харитаси”га биноан 150 нафардан зиёд эҳтиёж­манд ва фахрий журналистларга, бир қанча бемор ҳамкасбларимизга моддий ёрдам кўрсатилди. Уюшма моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, яқинда иш бошлаган маънавият хонасини жиҳозлашга маблағ йўналтирилди.

Ўтган йили “Дўстлар клуби” тадбирларида икки юз нафарга яқин журналист ва блогерлар рағбатлантирилди. Нашрдан чиқиш арафасида турган “Умид ёғдуси” номли китоб молиялаштирилди. “Ёш юраклар садоси” сериясида чоп этишга тайёрланган ушбу тўпламга юртимизнинг барча ҳудудидан олтмиш нафарга яқин истеъдодли ёш журналистларнинг энг сара мақолалари киритилган. Бу борадаги ишларимиз жорий йилда ҳам давом этади.

Андижон, Тошкент, Сирдарё ва Навоий вилоятларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, бунёдкорлик жараёнлари, аҳолига қулайлик яратиш, одамларни рози қилиш учун қилинаётган кенг кўламли ишлар билан марказий оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида уюштирилган медиатур харажатларининг муайян қисми ҳам “Дўстлар клуби” ҳисобидан қопланди. Яқин кунлар ичида клубнинг жорий йилги иш режаси тасдиқланади.

Ўтган йили уюшма аъзоларига тақдим этиладиган билет ҳамда кўк­рак нишонининг янги намунаси тайёрланди. Айни пайтда ана шу билет ва кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилмоқда.

Ўтган бир ойдан ошиқроқ вақт мобайнида уюшма марказий аппарати ҳамда вилоятлардаги бўлимларига юз нафарга яқин журналистлардан аъзоликка қабул бўйича аризалар келиб тушган. Улар тегишли тартибда рўйхатга олинган, айни кунда топширилган ҳужжатлар ўрганилмоқда.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари

(«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2021 йил 28 январь кунги 19-сонидан олинди)