Хато қилишга ҳаққимиз йўқ

2021-01-27T12:12:37+05:0027 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида маънавий-маърифий соҳани ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз “Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”, дея алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатдан ҳам маънавият – ҳар биримизга дахлдор муҳим масала. Бу масалага етарлича эътибор бермасдан ҳеч бир соҳа, жумладан, журналистикани ҳам ривожланатириб бўлмайди.

Кези келганда айтиш лозим, бугун мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситаларида олти минг нафарга яқин ижодий ходим фаолият олиб бормоқда. Улар катта куч, бошқача айтганда, катта “армия”. Журналист ва блогерлар – маънавият тарғиботчилари бўлиши керак. Маънавиятли бўлмасдан туриб эса бу масъулиятли ишни амалга оширишнинг иложи йўқ. Шундай экан, биз мазкур йўналишдаги ишларни аввало ҳар бир оммавий ахборот воситаси ходими маънавияти ва маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни кучайтиришдан бошлашимиз зарур, деб ҳисоблайман.

Жорий йилнинг 19 январь куни бўлиб ўтган ана шу тарихий йиғилишда иштирок этар эканман, шу пайт хаёлимга уюшмамиз қошида маънавий-маданий масалалар бўйича кенгаш ташкил этиш ғояси келди. Уюшма бошқаруви аъзолари, устозлар ва жамоадошлар билан шу хусусда фикрлашганимда улар бу ғояни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашини билдириб, вилоят бўлимларимиз қошида ҳам шундай кенгаш ва маънавият хоналари фаолиятини йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Йиғилишда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда ОАВлари катта кучга эга экани, уларнинг тўғри ахборот тарқатиши муҳимлигига алоҳида урғу берилди. Бу бежиз эмас. Биласиз, тарқатилган битта нохолис ахборот қанча маънавий зарар келтиради. Шулардан келиб чиққан ҳолда биз нохолис маълумот тарқатиш, соҳамизга доир қонунлар, фармон ва қарорлар, шунингдек, Ўзбекистон журналистларининг касб этика кодекси қоида ва талаблари бузилиш ҳолатларини олдини олиш, берилган сўз ва матбуот эркинлигидан тўғри фойдаланишга қаратилган ишларни жонлантириш бўйича режа ишлаб чиқмоқдамиз.

Айни кунда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараларини ёритиб боришга кўмаклашиш, ушбу йўналиш бўйича самарали ижод қилаётган журналист ва блогерларни рағбатлантириб бориш, уларга тегишли таклиф ва тавсиялар бериш, фаолиятини таҳлил қилиш, биргаликда медиатурлар уюштириш бўйича қўшма қарор қабул қилиш бўйича Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги масъуллари билан музокаралар олиб бормоқдамиз.

Ана шу ишлар доирасида яқинда уюшмамизда кутубхона ва ўқув бурчагини ўз ичига олган маънавият хонаси фаолиятини йўлга қўйдик. Ушбу зиё масканимизда турли адабиётлардан ташқари, журналистика соҳаси, ўзига хос мактаб яратиган устоз журналистларимиз ҳаёти ва фаолияти, қолаверса, ҳамкорларимиз – халқаро медиа ташкилотлар иш услубларига оид қўлланмалар ўрин олган. Бундан ташқари, тўрт тилда нашр этиладиган ўттиз номдан кўпроқ марказий газета ва журналларимизнинг ҳар бир сони тахламлари ҳамда уларнинг электрон вариантлари билан танишишингиз мумкин.

Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раисининг ўринбосари.