Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг ёритиб бериш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди томонидан тарғибот тадбири ташкил этилди.

2021-01-25T06:51:36+05:0025 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини кенг ёритиб бериш мақсадида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом”жамоат фонди томонидан тарғибот тадбири ташкил этилди.

Мазкур йиғилишга Тошкент Давлат Транспорт Университети таянч доктарантура изланувчиси Ҳ.Абдуллаев таклиф этилди.

Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатнома стратегик аҳамиятга эга. Унда Ўзбекистоннинг яқин истиқболи учун мақбул тараққиёт йўналишлари баён этилди. Расман Мурожаатнома Олий Мажлис аъзоларига йўлланди. Бироқ Мурожаатнома тўғридан-тўғри узатилгани боис, унинг аудиторияси минглаб кишиларни қамраб олди. Мурожаатни жойлардаги депутатлар ҳам, ижроия органлари вакиллари ҳам, ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳам, жамоатчилик вакиллари ҳам, фуқаролар ҳам реал вақтда кўриш ва тинглаш имконига эга бўлдилар. Шу нуқтаи назардан, бу чиқишни жамиятимизга, фуқароларга, халқимизга мурожаат сифатида қабул қилиш тўғрироқ бўларди. Токи Президентимиз фақат парламентга эмас, халқимизга, ҳар биримизга юзланиб гапирди.

Мурожаатномадан ўрин олган масалалар ниҳоятда кўламдор. Таълим сифатини ошириш, бандликни таъминлаш, пандемияга қарши кураш, камбағалликни қисқартириш, ҳудудларнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, коррупцияга қарши кураш, Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашини ташкил этиш, сўз эркинлиги, “бир суд – бир инстанция тамойили” каби масалалар бу давомли рўйхатнинг айримлари, холос. Залвори, юки ва салмоғига кўра қайси масала бирламчи ёки муҳимроқ эканини белгилаш ниҳоятда қийин. Чунки Мурожаатномада мамлакатимиз ривожи билан боғлиқ энг ўткир, энг оғриқли, энг долзарб масалалар кўтарилди.

МУРОЖААТНОМАДА ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ҚУРИЛИШИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШДАГИ ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

2020 йил инсоният тарихида оғир синов йили бўлди. Вужудга келган пандемия мамлакатимизда ҳам таъсирини кўрсатиб, ҳалқимиз бардошини, оғир синовларга чидамлилигини, нималарга қодир эканлигини синовдан ўтказди. Бу мудҳиш офат давлат бошқарув тизимимизга, ҳалқнинг онги, хавф-ҳатар йўлида бирлаша олиш қобилияти кучли эканлигини кўрсатди.

Президентнинг 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномасида амалга оширилган ишларга холисон баҳо берилиши билан, мамлакатимизнинг равнақи учун, фаровон ҳаётга эришиш учун қилинадиган ишлар белгилаб берилди. Улкан ва масъулиятли вазифалар орасида давлат бошқарувини самарадорлигини оиширишга ҳам алоҳида урғу берилди.

Давлат бошқарувини самарадорлигига эришиш учун Ҳаракатлар стратегияси ва Маъмурий ислоҳотлар концепцияси асосида кейинги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Давлат бошқарувининг ҳуқуқий асослари кенгайди, институционал тузилмалар кучайтирилди. Давлат бошқарувидаги асосий куч – Давлат хизматчилари, раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, уларни танлаб олиш тизими такомиллаштирилди.

Давлат бошқарувининг самарали бўлиши учун, кучли ҳуқуқий асос бўлиши; аниқ вазифа ва ваколатларга эга давлат органлари бўлиши; давлат органларида малакали, билимли, ташаббускор, фақат қонунга итоат этувчи раҳбар ва ходимлар бўлиши; кучли ижро интизоми бўлиши ва энг муҳими фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда фаол ва онгли иштирок этишлари керак. Президент Мурожаатномада ана шу ҳолатларни кучайтириш ва улар асосида фаолият кўрсатишни белгилаб бердилар.

Бу ерда давлат бошқарувида жамоатчиликка таяниш алоҳида аҳамият касб этади. Бу билан биринчидан фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирокини кенгайтириш, иккинчидан давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш назарда тутилади.

Мамлакатимизда “Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши”ни, Олий Мажлиснинг қонунчилик палатасида “Нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили” институтини ташкил этиш, “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимини жорий этиш, маҳалла раисига маҳаллий кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифлар, давлат бошқарувида жамоатчилик назоратини кучайтириш механизмларини мустаҳкамлаш ва кучайтиришга қаратилган кучли воситадир. Шунингдек, уларнинг фаолияти орқали фуқароларнинг давлат ва жамият ишларида иштироки янада кенгаяди.

Мамлакатимиз ҳаётида 2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси муҳим роль ўйнамоқда. Лекин унинг айрим кўрсатмаларини янада чуқурроқ амалга ошириш зарурати келиб чиқмоқда. Жумладан, мазкур ҳужжатда давлат ижрочиларини номарказлаштириш йўли белгиланган эди. Мурожаатда давлат идораларининг қабул қилаётган қарорлари ҳозиргача ўта марказлашганлиги эътироф этилди. Шу масалани ижобий ҳал қилиш мақсадида “Маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси” деб эълон қилиниб, “… барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт” – деб муҳим кўрсатма берилди.

Давлат бошқаруви самарадорлингини оширишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди:

  • идоралар вазифасини аниқ белгилаш, такрорлашга ўрин қолдирмаслик;
  • раҳбарларни ташаббускорлиги, билими, малакаси, катъиятини шакллантириш;
  • рақамли технологияларни кенг қўллаш ҳисобидан ходимлар сони ва иш жараёнларини оптималлаштириш;
  • барча ходимларни замонавий ахборот технологиялар асосида ишлашга ўргатиш;
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва маҳалла институти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги қонун лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
  • фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ННТ ва ОАВни қўллаб қувватлашни давом эттириш.

Шу ўринда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларини бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносабат шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун рахбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги рахбарлар – вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими, ўзини одоб-аҳлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиши зарур” деган сўзлари амалга ошса давлат бошқаруви янада мукаммал бўлади, унга халқ ишонади ва ҳар доим қўллаб қувватлайди.

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ ДОЛЗАРБ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Мурожаатномада қонун устуворлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва ташкилий асосларини янада кучайтиришга қаратилган илғор ғоялар илгари сўрилди. Зеро, сўнгги йиллар давомида айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида юзлаб фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги ушбу йўналишдаги ишлар кўлами нечоғлик кенглигини кўрсатади.

Ҳозирги замон демократик давлатларида қонун устуворлиги жамият ва давлат ҳаётининг бош тамойилига айланган. Қонун устуворлиги тамойилининг бундай тантанаси – инсониятнинг кўп асрлик ривожи, изланиши ҳамда тараққиёт тажрибалари, сиёсий ва ҳуқуқий фикр такомилининг натижасидир.

Шу сабабли, Янги Ўзбекистонни барпо этишда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш давлатимизни ривожлантиришнинг бош мезони сифатида белгилаб олинган.

Бобокалонимиз буюк Соҳибқирон Амир Темур “Салтанатим мартабасини тўра ва тузуклар асосида шундай сақладим-ки, унинг ишларига аралашишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди”, деб ўз давлатини қатъий қоидалар, қонунлар орқали бошқарилганлигини кўрсатиб беради.

Давлат бошқарувида қонун устуворлигини таъминлашда сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва ташкилий кафолатлар тизими шаклланиши муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу йўналишда қуйидаги муҳим вазифалар белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир:

Биринчидан, коррупцияга қарши курашда тарғибот-ташвиқотдан самарали фойдаланилади.

Иккинчидан, коррупцияга қарши курашда очиқлик ва ошкоралик механизмларидан самарали фойдаланилади.

Учинчидан, давлат хизматига кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизимини йўлга қўйиш тизими тўлиқ ишга туширилади.

Мурожаатномада белгиланганганидек давлатимизнинг коррупцияга қарши кураш сиёсати изчил давом эттирилади.

ИҚТИСОДИЁТДА БОЗОР МЕХАНИЗМЛАРИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ – УЗОҚ МУДДАТЛИ БАРҚАРОР ЎСИШНИНГ ПОЙДЕВОРИ

Ҳар бир шахс ёки ижтимоий гуруҳнинг иқтисодий аҳволига хос хусусият бўлган камбағаллик инсонларнинг ҳаёт, меҳнат қобилиятини асраш ва ўзидан авлод қолдириш учун зарур бўладиган минимал эҳтиёжларнинг маълум миқдорини қондира олишини назарда тутади. “Камбағаллик” нисбий ва ноаниқ тушунча бўлиб, маълум бир жамиятдаги умумий турмуш даражасига боғлиқ бўлади.

Республикада «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби босқичма-босқич жорий этилди.

2021 йилда маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказлар ташкил этилади. Бунда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига 1 миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга асбоб-ускуна харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар берилади. Ҳудудларнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки қуйидаги иккита йўналишда кўзга ташланади:

биринчидан, бошқарув амалиёти бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилади ва корпоратив тузилмаларнинг фаолияти давомида қонунчиликда белгилаб қўйилган талабларнинг бажарилишини назорат қилиб боради. Мазкур жиҳат барча мамлакатлар тажрибасида қўлланилади;

иккинчидан, давлат иштирокидаги корхоналарда бевосита иштирок этади ва акциядорлик жамиятлари фаолиятига доир қарорлар қабул қилинишига ўз таъсирини кўрсатади. Бунда давлат устав капиталидаги маълум бир улушга эгалик қилиш орқали мулкдор сифатида иштирок этади.

МУРОЖААТНОМАДА ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БОРАСИДА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилди.

Мурожаатнома матни миқдорий таҳлил қилинадиган бўлса, унда “ёшлар” атамаси энг кўп ишлатилган сўз бўлганини кўриш мумкин. Мурожаатнома матнида бу сўз 47 марта қўлланилган. Айни пайтда “таълим” сўзи ҳам ушбу ҳужжатда 31 марта ишлатилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Мурожаатномада ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги олти вазифа ажратиб кўрсатилди. Булар қуйидагилар:

  • Боғча ёшидаги ҳар бир болани мактабгача таълим йўналиши билан тўлиқ қамраб олиш учун зарур шароит яратиш;
  • Мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш;
  • Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш;
  • Мамлакат тараққиётининг замини бўлган илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш;
  • Ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;
  • Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этиш.

Мурожаатномада таълим ва илм-фан ёшлар муаммоларини самарали ҳал қилиш воситаси сифатида тақдим этиляпти, “нажот – билимда” эканига урғу бериляпти. “Билимлар иқтисодиёти” шаклланаётган ҳозирги замонда таълимга эътибор қаратмасдан туриб, давлатни равнақ топтириб бўлмаслиги таъкидланяпти. Шунинг учун бу ҳужжат матнида “ёшлар” ва “таълим” атамалари ҳамроҳ, ҳатто эгиз тушунчалар сифатида ифодаланяпти.

ХАВФСИЗЛИК, МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК ВА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ҲАМДА ТАШҚИ СИЁСАТ СОҲАСИДАГИ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАР. ВАТАНПАРВАРЛИК ‒ ИНСОНИЙЛИКНИНГ ОЛИЙ ТИМСОЛИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ва халқига йўллаган Мурожаатномасида “…жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқамиз” деган ғояни алохида таъкидладилар. Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси миллий таркибига кўра аҳолиси кўп миллатли давлатлар қаторига киради. Ҳозир Ўзбекистонда 136 та миллат ва элатларнинг вакиллари яшайди.

Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эркинлиги соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳукуматимиз томонидан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бағрикенглик анъанаси қўллаб-қувватланиб, янада ривожлантиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Хозирда мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб бўлган 2276 та диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда. Улардан 2093 таси исломий, 183 таси ноисломий, шу қаторда 166 та христиан черкови, 8 та яхудий ибодатхоналари, 6 та бахоий жамоалари ва 1 та кришнани англаш жамияти мавжуд.

Бугунги кунда мамлакатимизда турли эътиқодга мансуб юқорида қайд қилинган ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳити ўрнатилиши учун барча шароитлар яратилган. Энг асосийси — бағрикенгликнинг муҳим омилларидан бири бўлган миллатлараро ва динлараро тотувликнинг тўла таъминланганлиги ҳисобланади.

Ҳушнудбек Абдуллаев ўз тақдимотини Муҳтарам Президентимизнинг қуйидаги сўзлари билан якунлади:

“Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.

Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!”

Шундан сўнг Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ижро этувчи директори Ризаев Жамшид Ҳамидуллаевич сўзга чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси нафақат Республикамизда, балки дунё сиёсатчилари томонидан кенг ўрганиб келинаётганлиги, ҳақиқатдан ҳам мазкур мурожаатномада баён этилган фикрлар, режалар, мамлакатимиз тараққиётини халқимиз фаравонлигини янада юксак босқичларга кўтаришга бевосита хизмат қилишига ҳамда мурожаатномадаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда педагог ходимларнинг олдида турган асосий вазифаларни батафсил баён этилди.

Қолаверса, ҳуқуқий демократик давлатнинг энг асосий талаби давлат ва жамият хаётида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш ҳисобланади. Ушбу устувор вазифани таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини ўрганиш муҳим ахамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Ҳусусан, Муҳтарам Президентимиз томонидан 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши бежиз эмаслиги, жамиятда ёш авлодни ҳар томонлама етук, фидоий ва билимли тарбиялаш масалаларига қаратилган вазифалар мурожаатномада ўз аксини топганги қайд этилди. Шу билан бирган фондда ҳозирги вақтда меҳнат қилаётган ходимларнинг 60 фоизи ёшлардан иборатлиги ва бу ёшларнинг меҳнат фаолиятида Президентимиз томонларидан билдирилган фикрлар жуда муҳимлиги таъкидланди

Шу билан бирга, йиғилишда Президентимиз Мурожаатларида келтирган фикрлари яъни “ҳозирги Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлашиб, янада кучли ва мустаҳкам бўлаётганлигимиз ва бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бораётганлиги ва бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафлиги” тўғрисидаги фикрлари мажлис иштирокчиларида юқори кўтаринкилик руҳи билан қабул қилинди.

Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш

“Илҳом” жамоат фонди