ЎЗБЕКИСТОН ЖУРНАЛИСТЛАРИНИНГ ОНАСИ ёхуд юз ёш билан юзлашган журналист

2021-01-23T11:51:09+05:0023 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Табаррук юз ёшга кирган ва бу ёшдан ошганлар ҳақида кўп эшитганмиз. Аммо, мен аср билан тенгдош журналист аёлни шу пайтгача кўрмагандим.

Бугун устоз журналист Фарида Усмонованинг юз ёшга тўлгани муносабати билан уюшмамиз раиси ўринбосари Холмурод Салимов, ташкилотимиз қошидаги фахрий журналистлар кенгаши раиси Жаббор Раззоқов бошчилигида онахонни йўқлаб хонадонига бордик. Бизни ва биз билан бир пайтда ушбу оилага ташриф буюрган Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги жамоасини онахонни фарзанду набиралари илиқ қарши олди. Чиройли қилиб безатилган хонадонда Ф. Усмоновани қутлаш бошланиб кетди.

Даставвал онахонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси номидан йўлланган табрикни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг мазкур агентлик ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг совғалари устоз журналистга тантанали топширилди.

—Ёши улуғлар, жумладан, устоз журналистлар давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Х. Салимов. — Биз Президентимиз яратиб берган имкониятлар туфайли кенг кўламли ишларни амалга оширмоқдамиз, жумладан, кекса, фахрий журналистларимиз ҳолидан хабар олиш, уларни турли байрам ва мана шундай юбилей саналари билан қутлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш шарафига муяссар бўлмоқдамиз.

Дарҳақиқат, “Қариси бор уйнинг париси бор”. Кексалар — уйимизнинг кўрки, қалбимизни мунаввар қилиб тургувчи чироқ, беминнат дуогўйимиз, панд-насиҳатлари билан умримизни ёритгувчи қуёш, тажрибаю маслаҳатлари билан ёшларимизга тўғри йўл кўрсатувчи йўлчи юлдуздир. Ана шундай устозларимиздан бири бўлган Ф. Усмонова узоқ йиллар матбуот соҳасида меҳнат қилган. Онахон билан суҳбатлашар экансиз, дилингиз яйрайди, қандайдир бир куч оласиз.

-Журналистнинг қалби ёниб туриши керак. Ёнмаган, ўзидан учқун чиқармаган қалб билан ёзиш қийин. Қаламингиз ўткир, юрагингиз ёниб турса халқнинг кўнглига етиб борадиган материаллар ярата оласиз. Мана, қарийб бир аср давомида не-не даврлар-у, синовларни кўрмадик. Болалигим олтин водийнинг Қўқон шаҳрида кечган. Журналистикага бўлган ҳавас мени Тошкентга етаклаган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтини тамомлаб, ижодий фаолиятимни дастлаб “Ўзбекистон овози” газетасида бошлаганман. Кейинчалик “Тошкент ҳақиқати”да узоқ йиллар ишладим. Устозларимдан журналистиканинг сир-асрорларини ўргандим. Қаламим чархланди, ўз устимда ишлаш кўникмаларим мустаҳкамланди. Бир зум бўлсада вақтимни зое кетказмадим,—дейди Фарида Усмонова.

Ўзлари айтиб ўтганидек, босма нашрларда қалами чархланиб, ижод, журналистика қозонида қайнаган, тобланган устоз ижодкор “Баҳор маликаси”, “Меҳри дарёлар”, “Яхшилик умри” рисолалари, “Дил фарёди” романи, “Онанома”, “Ҳижрон”, “Қиз келин” қиссалари ҳамда “Синов”, “Она бағри”, “Чолиқуши” драмаларини яратди.

Давлатимиз томонидан устоз ижодкорнинг ўзбек матбуотини ривожлантиришдаги қўшган хизматлари инобатга олиниб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

—Истеъдод ва ижод — инсонга Аллоҳ томонидан инъом этиладиган илоҳий хислат. Уни ўзида камол топтириб, эъзозлаб ва ҳар томонлама бойитиб, яхшиликни дилидан қўймаган инсонгина етукликка эришади, умрига умр қўшилади. Биз устоз ижодкор Фарида Усмонова билан “Матбуотчилар уйи” деб аталмиш Тошкент марказидаги бинода 26 йил елкама-елка, тунларни кунга улаб, ҳамфикр бўлиб ишлаганмиз. Улардан ижоднинг кўп қирраларини, ҳаётий тажрибаларни ўрганганман,—дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов.

Онахон китоб мутолаа қилишдан, ёзишдан, юзга яқин набиралар, эвараю-чевараларини ватанга муҳаббат, ижод бахти, кексаларни эъзозлаш, ўз касбини севиш, ардоқлаш сифатларини ўргатишдан тўхтамайди. Улар биз билан сухбатлари давомида “Қутлуғ уйдан қуруқ кетасизларми, сизларга ўзим ёзган китобларимдан олиб қўйганман, албатта ўқиб чиқинглар, ёшларга, навқирон авлод вакиллари—набираларимга етказинглар” дея китобларидан улашдилар.

Биз устоз ижодкор, фахрий журналист Фарида Усмоновага сиҳат-саломатлик, сермаҳсул ижод илҳоми, фарзандлари, набира, чевара ва эваралари, шунингдек, шогирлар камолидан завқланиб яшашнинг саодатли онлари узоқ бўлишини тилаб қоламиз.

Ислом АСИЛБЕКОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.