Ақлли газ ҳисоблагичнинг афзаллиги журналистларга тушунтирилди

2021-01-22T11:39:43+00:0022 Yanvar, 2021|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилоят Матбуот уйида “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали мутасаддилари томонидан 2020 йил давомида аҳоли истеъмолчилари ҳамда улгуржи истеъмолчиларга 1 639 094,2 метр куб табиий газ, 61 514,65 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларига етказиб берилгани айтилди.

 

– Ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида бир мунча муаммолар келиб чиқмоқда, – дейди “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори Олим Исоқулов. – Бу муаммолар жойига бориб ўрганиляпти, ечими имкон қадар ижобий ҳал этилиши чораси кўриляпти. Табиий газ етиб бориши қийин бўлган манзилларга газ бориши учун жадвал асосида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида газ сотилиши қатъий жадвал асосида ташкил этилишига мажбур бўляпмиз. Яна бир муҳим сабаб, марказий газ тармоқлари қувури маънан эскирган. Шу боис аҳоли хонадонларига, ижтимоий объектларга юқори газ босимда тарқатишнинг имкони йўқ. Буларни босқичма-босқич алмаштириш чораси кўриляпти.

Таъкидланишича, аҳолига табиий газ етказиш тизимини янада яхшилаш мақсадида ақлли газ ҳисоблагичлар бепул ўрнатилмоқда. Хусусан, вилоят бўйича жорий йилнинг 20 январь ҳолатига 18 616 дона ақлли газ ҳисоблагич аҳоли хонадонларига ўрнатилди, 15 422 дона газ ҳисоблагич кўрсаткичлари онлайн биллинг дастурига уланди. Шу йилнинг январь-июль ойларида 192 487 дона газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг учун айни пайтда 97 та пайвандчи ва чилангар бригада ишламоқда. Агарда бу ишлар тўлиқ якунига етказилса, табиий газнинг қўшимча сарфланиши, тармоқдан ўғринча фойдаланиш ҳолатлари олди олинади. Муҳими ақлли ҳисоблагич ўрнатилса, қазрдорлик бўлмайди, ҳисоблагичда алоҳида сим карта мавжуд бўлиб, истеъмолчи ҳисоб рақамида тўлов маблағи кам қолганда телефонга огоҳлантириш СМС хабар келади. Тўлов амалга оширилмагач тизим автомат тарзда ўчади. Яна бир афзаллиги фақат иш кунлари тизим ўчирилади, ҳароратга қараб газ ўтказади, саккиз йилда бир бор қиёслов кўригидан ўтказилади, маълумотлар 90 кун мобайнида сақланади бу албатта аҳоли учун қулай.

Янги электрон ҳисоблагич ҳозирча табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳридаги аҳоли хонадонларига ўрнатилмоқда. Бу жараён ушбу ҳудудларда шу йилнинг 1 мартгача якунланади.

Бунинг учун вилоят бўйича 50 дан ортиқ газ пайвандловчи ва чилангар шартнома асосида филиалга ишга олинди. 10 та пудратчи қурувчи фирмалар билан шартнома тузилиб, 120 дан ортиқ ўрнатиш бригадалари ташкил этилди. Яна қўшимча 350 та ўрнатиш бригадалари жалб қилинади.

— Шаҳар аҳолиси хонадонига ўрнатилаётган ақлли газ ҳисоблагич истеъмол қилинган газ сарфини ҳаққоний кўрсатяпти, — дейди Шавкат Усмонов “Samarqandshahargaz” газ таъминоти бўлими бошлиғи. —  Таҳлил қилганимизда олдинги ҳисоблагич бир ойда 1000 куб метр сарф қилган бўлса, ақлли ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг 1600-1700 куб сарфланаётгани кузатилди. Бу деганики қурилма юқори аниқликка эга ва паст ҳарортда ҳам ишлайди. Натижада, аҳоли таббий газни тежашга ўрганади, газ сарфи камаяди.

Тадбирда журналистлар аҳолидан тушган саволлар юзасидан ҳам мутахассисларга мурожаат қилишди. Аниқликлар киритилди. Бу ва бошқа саволларга жавоблар олишди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,

Самарқанд вилояти.

Leave a Review

  • feature
    0
Submit

User Reviews

REPLY
Cancel