Миллий матбуот фидойиси

2021-01-20T09:22:10+05:0020 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистоннинг озодлиги учун кураш тарихида унутилмас саҳифаларни муҳрлаган аждодларимиздан бири, миллат карвонбошиси, улуғ маърифатпарвар, бетакрор салоҳият соҳибидир. Серқирра алломанинг миллий матбуот тараққиётига қўшган ҳиссаси эса тарихий аҳамиятга эга.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширлиги ва муҳаррирлигида чоп этилган “Самарқанд” газетасининг ўз давридаги аҳамияти ҳақида Абдулла Авлоний “Элу халқнинг кўзини очишга боис бўлди”, дея баҳолаган.

“Самарқанд” газетаси ва “Ойна” журнали таъсис этилгунга қадар, яъни 1906 йилдан 1907 йилгача чоп қилинган “Тараққий”, “Хуршид”, “Шуҳрат” каби газеталарнинг ёпилиш сабаблари бугун кўпчиликка маълум. Улар фаолиятини чор ҳукумати тақиқлаган.

Тилга олинган газеталар тўхтатилгач, 1908 йилдан бошлаб биз жадидларнинг мақолалари оқпошшо сиёсати тарғиботчиси “Туркистон вилоятининг газети”да кўпайганини кузатамиз. Мустамлакачилар газети муҳаррири маҳаллий зиёлиларнинг “нодуруст” мақолаларига турли сўзбошию сўнгсўзлар билан жой ажрата бошлади. Лекин у ҳам кўпга бормади. Беҳбудийнинг “Таърих ва жуғрофия” (“Туркистон вилоятининг газети”, 1908 йил 30 ноябрь) мақоласи миссионерлар “бағрикенг”лигига нуқта қўйди. Мазкур мақолада Беҳбудий юртимизнинг қандай сабабларга кўра ўзга давлат мустамлакасига айланиб қолганлигини ҳар томонлама таҳлил қилади. Мақола чоп этилгач, унинг муаллифига маломат тошлари отила бошлайди.

Четдан қараганда ўта айёр миссионер Н.Остроумов мақолага ёзган сўзбошисида Беҳбудий фикрларининг “зарарли” жиҳатларини “очиб” бергандек кўринади. Лекин “Таърих ва жуғрофия” барибир шов-шувга сабаб бўлгач, чор “Охранка”си уни таржима қилиб, муаллифга ҳам, муҳаррирга нисбатан ҳам чора кўради. Натижа шулки, Беҳбудий изоҳ талаб қилмайдиган ўша мақоласига “Тавзеҳ” (“Туркистон вилоятининг газети”, 1908 йил 18 декабрь), яъни изоҳ ёзади.

“Русиянинг ким ва қандайлигини билмайдурғон нодонлардан эмасмиз ва аммо “Таърих ва жуғрофия” унвонлик мақоламиз таърих ва жуғрофия ўқумоқни диний жилва этдурмоқ ва ёинки сарф илмий ва воқеий бир мақола эди. Сиёсий ва таассубий эмас”.

Шундан сўнг “некий Бегбуди” махсус хизмат ходимларининг назоратига тушади, “пантуркист”лар рўйхатига киритилади. Халқ зиёлилари орасида унга нисбатан ҳурмат кучаяди. Беҳбудийнинг ўзи эса хусусий газета очиш ҳаракатини бошлайди. У бу йўлда беш йиллик қоғозбозлигу сарсонгарчиликларга дучор бўлади.

Бу ҳақда Садриддин Айний “1908нчи йилдан ўз идорасинда бирон газета чиқармоқ фикриға тушуб, 1913нчи йил апрель ойинда бу мақсадиға етишуб “Самарқанд” газетасининг бир неча рақамини чиқаришга муваффақ бўлғон”, деб ёзади. Архивдаги маълумотлар ҳам бу фикрларни исботлайди. Шу ўринда ёзилган аризаларда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг имзолари сақланганлигини таъкидлаш жоиз.

Абдулла Авлонийнинг фикрига келсак, дарҳақиқат, “Самарқанд” ўзидан аввал чиққан нашрлардан фарқ қилади. Бунда Беҳбудийнинг матбуот соҳасидаги тўплаган тажрибалари қўл келган.

Газетанинг ўзгачалигига биринчи далил шуки, бу кунгача ҳеч бир нашр уч тилда чиққан эмас. Ўз даврининг тараққийпарвари ва донишманди бўлган Беҳбудий газетани фақатгина ўзбек тилида чиқариб, форсча сўзлашадиган халқларни ҳам эътибордан четда қолдира олмасди. Ношир ва муҳаррир “Самарқанд”нинг 36-сонидаги мақоласида газетани нега уч тилда чоп этаётганини шундай изоҳлаган: “Самарқанд” жаридаси ўзбекий, форсий ва русий тилларида ва Туркистоннинг ўрта шевасинда таъсис этилиб туриб эди. Мундан мақсад шул эдики, Баҳри Ҳазардан бошлаб жанубдаги Афғонистон фасили, Аму наҳри ўртасиндаки васеъ аросиға сокин турк ва тожик биродарларимизға бир қадар тоқат хидмат этмак ва аларни ҳолиға ва ижобати асрия, вақойиъ замонияда ва Руссия култури, илми, ҳунари ва саноатға ошино бўлишлариға ожизона ташвиқ этмоқдин иборат эди. Мактаб бўлсун, мадраса бўлсун, ислоҳ ва тараққийсиға ёрдам учун халқни даъват этмоқ эди. Фосид урф ва ботил расмларни, ёмон одатларни шаръан ислоҳиға кўшиш этмоқ эди” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. На учун илтифот этмайдурлар // “Самарқанд” газетаси, 1913 йил 16 август).

Муҳаррир истилоҳи Навоий асарлари луғатида “ёзувчи, таҳрир қилувчи” маъносини бериши таъкидланади. Бироқ ХХ аср бошига келиб муҳаррир фақат ёзиб, таҳрир қиладиган эмас, балки таҳрирдан ўтган хабар ва мақолаларнинг газетада берилишини бошқарадиган, муаллиф жалб этадиган, шунингдек, яна бир қанча вазифаларни бажарадиган масъул шахс даражасига чиққанди. Маҳмудхўжа Беҳбудий эса Шарқу Ғарб тушунчасидаги муҳаррирнинг вазифасини бемалол бажара оладиган инсон эди. Айниқса, ўзининг қаламига мансуб мақолаларда муҳаррир нуқтаи назари билан қараб, қисқа ва лўнда шаклда ёзганлигини кўрамиз. “Таҳсил ойи”, “Миллатлар қандай тараққий этарлар?”, “Эҳтиёжи миллат” каби кўпгина мақолалари фикримизга далилдир.

“Самарқанд”да Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Ҳожи Муин сингари яна кўплаб замонасининг етук маърифатпарварлари ўз ижодлари билан иштирок этишган.

Нашр нимаси билан ва қайси йўналишларда элу халқнинг кўзини очди?

Газетада мустамлака исканжасида туриб бўлса-да, миллат болаларини ўқитиб, ўзлигини танитиб, маърифат воситасила озодликка эришиш ғояси тарғиб этилди. Бу йўлда газета жамоаси барча турдаги ахборий, таҳлилий, бадиий, ҳажвий материаллари билан маърифат нурини тарқатиб турди.

“Самарқанд” газетасининг илк сони биринчи саҳифаси Регистоннинг виқорли сурати билан (ўша даврда таҳририятга қанчалик қимматга тушмасин) безатилади: “Кимлигимизни билишни истасангиз биз қурган иморатларга қаранг!” Фахрланиш билан бирга, буюк бобокалонимиз Амир Темур барпо этган қудратли давлат нега шу аҳволга тушиб қолганлигининг туб моҳиятини таҳлил қилиб чиқди. “Самарқанд” газетасининг 45 та сони дунё юзини кўради.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек миллий газетачилигининг шаклланиши ва ривожланишида ўз ҳиссасини қўшган жонкуяр илк ношир ва муҳаррирлардан биридир. Миллий ўзига хослиги эса Ғарб газетачилигидаги фақат шов-шувли хабар ва мақолалардан фарқли ўлароқ ибрат вазифасини ўтайдиган фиқра ва мақолалар, улар ифодалаган ғоялардадир.

“Ойна” халқни уйғотиш… учун яхшиғина хидмат этди” (Ҳожи Муин. Маҳмудхўжа Беҳбудий// “Учқун”, 1923 йил, 1-сон), деган эътироф Беҳбудийнинг шогирди Ҳожи Муинга мансуб. Абдулла Авлоний эса «бу журнал “Ойна” чиққунча чиққон журналларнинг энг биринчи ва яхшиси эди», дея баҳо беради. Эътибор берган бўлсангиз, Туркистонда журнал чоп этиш тажрибасини ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий бошлаб берган.

Жарида ва мажаллалар миллатни тараққий эттирувчи башарият ихтиросидир, деган эди у.

Аввало, журнални очиш учун ҳам газетага рухсат олиш каби беш йил югур-югур, қоғозбозлик қилмаган бўлса-да, муайян тўсиқларга дуч келди. Тўплаган тажрибалари натижасида мустамлакачи тилида ҳам чоп этилишини таъкидлаб ариза ёзди (Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, 18-фонд, 1-рўйхат, 8752-иш).

Бироқ газетадан фарқли ўлароқ, журнал матбаа корхонасига топширилишидан икки кун олдин чоп этишга тайёрланган материалларни ҳарбий цензурага келтириб, ўқитиб, рухсат олиш муҳаррир зиммасига юкланади. Бунинг қоғоздаги кўриниши юқорида таъкидланган архив ҳужжатларида сақланмоқда. Эҳтиёт чоралари шу даражада кўрилган бўлса-да, “ТВГ” журналда чоп этилган фикрларга қарши чиқишларни кўпайтиради. “Ойна”да ҳам бу газетада чиқишларга эътирозлар бериб борилади. Масалан, “ТВГ”да мустамлакачилар томонидан маҳаллий халқ “сартлар” деб аталиши ва миссионер Н.Остроумов асосларига эътироз билдирилган “Сарт сўзи мажҳулдир” (“Ойна” журнали, 1914 йил 22, 23, 24, 26-сонлар) мақоласи фикримизга далилдир.

“Ойна” журналида босилган материаллар мавзу мундарижасига кўра мактаб ва таълим ислоҳига, тил, одоб-ахлоқ масаласи, дин мавзуси, авом орасида тарқалган ва таназзулга элтадиган тўйлардаги исрофгарчилик, ароқхўрлик каби иллатлар, халқаро янгиликларга бағишланган публицистик асарларга ажратишимиз мумкин.

Журнал саҳифалари даврнинг янгича яшашга иштиёқманд, озодлик орзусида зиёлилар учун фикр айтиш майдонига айланади. Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода, Тавалло, Сиддиқий-Ажзий, Ҳожи Муин, Маҳмуд Тарзий, Садриддин Айний сингари кўплаб ижодкорлар қаламлари шу нашрда сайқал топди.

Журналнинг довруғи етти иқлимга етмаган бўлса-да, уни Россия ва яқин шарқ давлатлари мусулмонлари мутолаа қилишгани тўғрисида маълумот бизгача етиб келган. “Ойна” Туркистондан бошқа Тотористон, Кофкоз, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Мисргача тарқалар ва ҳар ерда суйиб ўқилур эди” (Ҳожи Муин. Самарқанд матбуотининг тарихи // “Зарафшон” газетаси, 1923 йил 23 июнь).

Беҳбудийнинг машҳур саёҳатномаси ҳам айнан “Ойна” журналининг бир неча сонларида чоп этилган. Унинг “Икки эмас, тўрт тил лозим” сарлавҳали мақоласи “Ойна” саҳифаларида мангуга муҳрланган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, бугунги “Зарафшон” газетасининг дастлабки кўриниши “Самарқанд” ва “Ойна” нашрлари жаҳолат сабаб ўзгаларга поймол бўлган халқни миллатга айлантириш йўлида хизмат қилди ва улар Ўзбекистон журналистикаси тарихида ўз ўрнига эгадир.

 

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари номзоди, доцент.