Беҳбудий таваллудининг 146 йиллиги муносабати билан халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди

2021-01-20T09:18:28+05:0020 Yanvar, 2021|Рукнсиз|

Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 146 йиллиги муносабати билан “Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадид матбуоти” мавзусида халқаро миқёсдаги онлайн илмий-амалий конференция ўтказилди.

Конференция Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Илмий хизматлар Маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференция орқали мамлакатимизда журналистика ва коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда масс медиа соҳасида изланаётган ёш олим ва тадқиқотчилар миллий матбуотнинг етакчи намояндаларидан бири бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг меросини ўрганишда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий алоқаларни ўрнатиш, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммункациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа очиб берди. Конференцияда Европа, Россия ва Евроосиё таълим маркази директори ўринбосари, АҚШ Мичиган давлат университети, Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қошидаги Россия Давлат Ҳуқуқшунослик университети, Туркиянинг Ege Üniversitesi, Бобожон Ғафуров номидаги Хўжанд Давлат университети ҳамда Озарбайжон Миллий илмлар Академияси, Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институтидан мутахассис-олимлар маърузалар билан иштирок этишди.

Шунингдек, мамлакатимизда жадид матбуоти бўйича тадқиқот олиб борган таниқли олимлардан Наим Каримов, Баҳодир Каримов, Турсунали Қўзиев, Зайнобиддин Абдурашидов, Ҳалим Саидов, Акбар Нурматов, Сайёра Ҳалимоваларнинг маърузалари ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Эътиборлиси, конференция тўпламида нашр этилган илмий тезислар GOOGLE SCHOLAR халқаро базасида индекцияланади. Ҳар бирига DOI (Digital Object Identifier) рақами берилади.

Рисолат МАХСИМОВА

Тайёрлади

Манба: (Даракчи)