НАВОИЙ ВИЛОЯТИ МИСОЛИДА РЕСПУБЛИКА АРХИВ СОҲАСИ ФАОЛИЯТИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛМОҚДА

2021-01-19T13:20:23+05:0019 Yanvar, 2021|Навоий вил.|

Бу ҳақда Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармасининг 2020 йилги фаолияти якунлари ва жорий йилги режаларга бағишланган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Сайёра Бекова журналистларга батафсил маълумот берди.

Хусусан, ҳозирда Зарафшон шаҳрида давлат хусусий-шерикчилик асосидаги илк архив биносини қуриш ишлари бошланган. Республикада биринчи ташкил этилаётган ушбу лойиҳа жорий йил охиригача ишга туширилади.

Анжуманда журналистларга 2020 йилда архив ишини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳамда 2021 йилда белгиланган режалар хусусида ҳам маълумот берилди. Жумладан, ўтган йилда 9 220 сақлов бирлигидаги ҳужжатларнинг 57 224 та электрон нусхаси яратилган. Келиб тушган 15 779 та сўровномадан 13 256 тасининг ижроси таъминланган.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, 2020 йилда Нурота тумани ва Зарафшон шаҳар архив иши бўлимлари фаолияти республикада намунали деб топилган. Шунингдек, 2021 йилда мавзули сўровлар онлайн хизмат кўрсатиш имконияти яратилиши режалаштирилган. Унга кўра, ерга ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини акс эттирувчи архив ҳужжатлари, суд қарорлари юзасидан архив маълумотномаларини олиш электрон шаклга ўтказилади.

  • Бошқарма қошида илмий кенгаш ҳам тузилган бўлиб, архив соҳасида малакага эга ҳамда рус тили ва араб имлосини ўзлаштирган мутахассислар алоҳида қимматга эга ҳужжатлар мазмуни ўрганилмоқда, — дейди Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Хуршид Қурбонов. — Айниқса, қулоқлаштириш даврига оид ҳужжатлар тўлиқ кўздан кечириляпти. Тадқиқ жараёнида воҳамиз ҳудида ўтган асрнинг қатағон даврларида минг-минглаб ноҳақ сургунга учраган инсонлар хотираси тикланмоқда.

Маълумот учун, Навоий вилоятида 13 та давлат архиви мавжуд бўлиб, уларда жами 281 594 сақлов бирлигида ҳужжатлар сақланиб келмоқда. Ҳар йили 10 минг сақлов бирлигидан ортиқ ҳужжат давлат архивларига келиб тушади.

Қайд этиб ўтиш лозим, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамда архив бошқармаси ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, юқоридаги тадбир шу доирада ташкил этилди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ вилоят бўлими мутахассиси.