Ахборот хизмати раҳбари қандай иш олиб бориши керак?

2021-01-19T13:14:21+05:0019 Yanvar, 2021|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилоят Матбуот уйида “Ахборот хизматлари фаолиятида ахборот тарқатиш тажрибаси” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.

Семинар вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилди. Унда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, корхона-ташкилотлар ахборот хизмати раҳбарлари, ОАВ вакиллари, блогерлар иштирок этди.

Тадбир давомида ахборот тарқатиш тажрибаси, унинг ҳуқуқий асослари, ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга оғзаки ва ёзма шаклда ахборот тақдим этиш, ахборот кўламини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятига урғу берилди. Шунингдек, маҳоратли журналистлар ва экспертлар томонидан ахборот хизмати ходимининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ахборот алмашинуви самарадорлиги усуллари, фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чекланган ахборотга тааллуқли маълумотлар рўйхатини тузиш амалиёти мавзуларида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Мутахассислар томонидан соҳага доир қонунчилик, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот тарқатишнинг ўзига хос жиҳатлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга нисбатан муносабат билдириш каби бир қатор муҳим мавзуларда тавсиялар берилди.

Маълумот учун: вилоятнинг 16 та шаҳар ва туманлар ҳокимликларида, 44 та давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, жами 60 дан зиёд ахборот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган. Яна 20 дан ортиқ ташкилот ва корхоналарда ахборот хизмати йўлга қўйилиши учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Самарқанд вилоят бўлими.