ҚУТЛАЙМИЗ

2021-01-19T09:32:05+05:0019 Yanvar, 2021|Қутловлар|

Бугун халқимизнинг севимли адиби, Хайриддин Султонов туғилган кун. У 1956 йил 19 январда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида туғилган.

Хайриддин Султонов 1978 йил Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тугатган. Меҳнат фаолиятини “Гулистон” журналида бошлаб, кейин “Ёшлик” журналида, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида фаолият кўрсатди.

Адибнинг “Қуёш барчага баробар”, “Бир оқшом эртаги”, “Онамнинг юрти”, “Умр эса ўтмоқда”, “Бобурнинг тушлари”, “Бобурийнома” маърифий романи, “Тўқчилик ва йўқчилик”, “Саодат соҳили” каби насрий китоблари нашр этилди. Шунингдек, у “Чангак”, “Мозийдан бир саҳифа”, “Меҳробдан чаён” каби видеофильмлар, “Тушларимда кўриб йиғлайман”, “Ёлғиз ёдгорим” каби бадиий ва ҳужжатли фильмлар сценарийлари муаллифидир.

Адиб Хайриддин Султонов моҳир таржимон сифатида А.Сент-Экзюпери, Ю.Нагибин, В.Шукшин, В.Распутин, А.Якубан, С.Цвигун, О.Ипатова каби адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Хайриддин Султонов 1996 йил “Шуҳрат” медали, 2003 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2006 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда 2016 йил “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси номидан Хайриддин Султоновни қутлуғ ёши билан чин кўнгилдан муборакбод этамиз. Унга узоқ умр, мустаҳкам саломатлик, оилавий фаровонлик тилаймиз.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси