Ҳаёт ҳақиқатларига янгича нигоҳ

2021-01-19T06:12:43+05:0019 Yanvar, 2021|Навоий вил.|

Инсоннинг табиати турлича: бирор ҳолатга муносабат билдиришда кимдир мақтовларни “ёғдирса”, бошқа биров бутунлай ўзгача фикр билдиради. Ижтимоий тармоқлардаги турли муҳокамалар замонида, айниқса бу яққол кўзга ташланмоқда.

Ижодкор инсоннинг назари билан қаралганда эса жараённинг кўпчилик илғамаган томонларини билиб олиш мумкин. Бу кишига дунёга янгича қараш ва фикрий ўсишни туҳфа этади.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва публицист Ашурали Жўраевнинг яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан “Адиб ва жамият” рукнида чоп этилган “Уйғониш замонинг муборак бўлсин” номли очерк ва эсселар тўпламини варақлар эканман, дастлаб ана шу фикрлар хаёлимдан ўтди.

Дарҳақиқат, Кармана фарзанди — Ашурали Жўраев ўткир, сўзи дадил ижодкорлардан. Янги китобида публицистнинг турли йилларда ёзилган ижод намуналари жамланган. Китобнинг биринчи қисми Навоий вилоятининг турли ҳудудларида рўй бераётган янгиланишлар қаламга олинган. Бу бобга умумий ном сифатида олинган “Номингдан айланай, Навоийим” мақоласи айниқса, киши диққатини тортади. Публицист мазкур очеркида ҳазрат Навоий ва у кишининг номи билан аталадиган ҳудуд ўртасидаги маънавий боғлиқликка эътибор қаратади. Муаллиф “Ўзбекистон заминида Алишер Навоийнинг муборак номлари билан аталадиган вилоят ва шаҳарнинг борлиги ҳамиша халқимизга фахр-ифтихор ва бебаҳо ҳузур бағишлайди”, дейди. “Улуғ шоир ижоди билан вилоят ўртасида қандайдир теран боғлиқлик ва ўхшашлик бор. Масалан буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Хамса”сидан бошлаб, барча асарлари мазмун-моҳияти, боқий сатрлари билан бебаҳо ноёб хазиналарга бой. Навоий вилояти ҳудуди ноёб табиий бойликлар, бебаҳо ноёб топилмаларга кон”, дея изоҳлайди.

Маълумки, Навоий вилояти бепоён Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган. Саҳро эса адабиётда донолик, сирлилик ва матонат рамзи саналади. Ижодкор ҳам айни шу жиҳатларга урғу беради: “Одам ҳамиша ҳикматлар ичида яшайди. Бепоён кенгликларда ҳикматлар яширин бўлади. Дашту далаларда, саҳрою чўллар бағрида жавоҳирлар макон тутган. Инсон ҳамиша ана шу ҳикматларни излайди, жавоҳирларни ахтариб топишга интилади. Қизилқум ана шундай буюк сир-синоатлар, бетакрор мўъжизалар яширинган сержумбоқ ҳудуд”.

Китоб номи сифатида олинган йўл очерки — “Уйғониш замонинг муборак бўлсин” мақоласида билдирилган фикрлар ҳам кишининг қалб торларини чертиб ўтади. Адиб бу ўринда умрнинг ўтиши, замонларнинг алмашинувини бадиий бўёқларда теран ифода этади. Ўзгаришлар, эврилишларга бир-бир тўхталади. Навоий вилоятида барпо этилаётган йирик-йирик корхоналар ҳамда лойиҳаларнинг шу заминда яшовчилар учун аҳамияти тилга олинади.

“Нурота — покланиш каъбаси” сарлавҳаси остидаги хотиралар ҳам киши диққатини тортади. Публицист мазкур мақолада Нурота туманида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришларга уруғу беради. “Ҳар бир инсон учун Нуротани кўриш — бахт, уни зиёрат қилиш эса — руҳий мадад ва покланиш, маънавий байрам”, дейди ижодкор.

Нуротага кўпчилик ижодкорлар турлича, кўпинча бир-бирига ўхшаш таъриф беришган. Аммо мазкур китобдаги таърифлар ўзгача: муаллиф “Нурота — сабр замини”, деб атайди ва буни изоҳлаб ўтади ёки “Нурота — дардкаш маскан”, дейди ҳамда бу борада ҳам ҳаётий мисоллар келтиради. Қуйидаги таъриф эса бугунги замонда инсон маънавий қиёфаси ҳақида: “Агар тавба қилганларнинг кўзёшлари бир жойга тўпланганда эди, Нурота уммоннинг остида қолиб кетарди. Тавба-тазарру ёшларидан тоғлар чўкар эди”.

Китобнинг “Меҳрим тушган инсонлар” қисмида адиб Ўзбекистон халқ ёзувчилари Саид Аҳмад ва Одил Ёқубов, шоир ва адиб Шуҳрат, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Озод Шарафиддинов ва Эркин Воҳидов, ўзининг устози, ёзувчи Неъмат Аминов, беназир адабиётшунос олим, таржимон ва адиб Иброҳим Ғафуров, Абдулла Қаҳҳорнинг умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорова, машҳур ҳофиз Отажон Худойшукуров ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов билан боғлиқ хотираларни тилга олган. Муаллиф ушбу битикларда ўзи гувоҳ бўлган қизиқ воқеаларга тўхталади. Китобнинг бу ўрнидаги очеркларда ижодкор мисолида унинг қалбидаги эврилишлар, сабр ва матонат туйғуларига теран таъриф берилади.

Китобнинг учинчи — якуний қисми эса “Инсонийлик юки”, деб номланган. “Агар юкимни кўтарсин десанг, юкингни кўтаргувчи дўст ниҳоятда душвордур. Ва агар юкини кўтаришни истасанг, бутун жаҳондагилар сенга дўст бўлгай”, — бу карманалик Мавлоно Ориф Деггаронийнинг ҳикматларидан. Китобнинг шу қисмида ушбу аллома хусусида сўз боради ҳамда муаллиф ҳазратнинг ҳаёт йўли ва бугунги давр кишиларининг турмушини солиштириб, шундай дейди: “Қачон кимнинг юкини енгил қилдик? Кимнинг қайси юкига елкадош бўлдик? Ва энг даҳшатлиси, ўзимизнинг юкимизни бошқаларга юкламадикми, бировларга юк бўлмадикми?”

Бир сўз билан айтганда, “Уйғониш замонинг муборак бўлсин” китоби китобхонни одатий ҳаёт тарзига айланиб кетган, кунда-кунора кўзимиз тушадиган ҳолатларга бадиий тафаккур билан қайта боқишга ўргатади. Мазкур нашр айниқса, ёш авлоднинг китоб жавонидан ўрин олса, нур устига аъло нур бўларди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎзЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси.