КИТОБ МАЪНАВИЙ ХАЗИНА (МАТБУОТ ФАХРИЙЛАРИНИ ЭСЛАБ)

2021-01-18T12:03:04+05:0018 Yanvar, 2021|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилоят A.Пушкин номидаги ахборот-кутубхона марказида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида адабий ва ижодий кеча ташкил этилди.

Унда “Зарафшон” газетаси туркумидан” остида чоп этилган буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Зарафшон”нинг Беҳбудийси”, шоир ва журналист Суръат Ориповга бағишланган “Шоир юраги”, журналист, серқирра ижодкор Эркин Азаматовга аталган “Юрак гавҳари”, “Самарқанд мушоираси” ёшлар баёзи китоблари тақдимоти ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев олиб борди. Учрашувда фахрий журналист ва ёзувчилар, ёш китобсеварлар томонидан мазкур китобларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

“Зарафшон”нинг Беҳбудийси” китоби буюк маърифатпарвар, замонасининг таниқли арбоби, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги муносабати билан чоп этилди. Китобда турли йилларда айнан алломанинг ўзи таъсис этган “Зарафшон” (турли даврда турлича номланган) газетасида унинг шонли ҳаёт йўли ҳақида босилган мақолалар ўрин олган. Шунингдек, унинг турли йилларда мактаб, мадраса, миллат, маънавият, тил ҳақида ёзган ҳақчил қораламалари “Беҳбудий дейдики…” сарлавҳаси остида берилган.

Китобни ўқиган киши Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Марказий Осиёдаги жадидчилик ҳаракатидаги ўрни, Туркистон зиёлилари, хориждаги бундай ҳаракат фаоллари билан мустаҳкам алоқа ўрнатгани, том маънода миллат жонкуяри экани, ўқувчилар учун алифбо ва бошқа кўплаб дарсликлар ёзиб, чоп эттиргани, географ сифатидаги изланишлари ва Самарқандда миллий матбуотимиз тамал тошини қўйгани ҳақидаги нодир маълумотларга эга бўлади. Китоб буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий-маънавий, ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб этишда тадқиқотчиларга зарур манба, китобхонларга манзур асар бўлиб қолади.

Публицистик нашр Тошкент шаҳридаги “Sahhof” нашриёти, “AZMIR NASHR PRINT” МЧЖ босмахонасида чоп этилди.

“Шоир юраги” шеърлар, таржималар ва хотиралар китоби ўтган асрнинг 70-йилларида Самарқанд адабий муҳити, хусусан, воҳанинг назм майдони пешқадамларидан бўлган шоир ва журналист Суръат Ориповнинг шъер, ғазал ва таржималари ўрин олган.

1936 йилда Оқдарё туманида туғилган Суръат Орипов узоқ йиллар “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси таҳририятида ишлади. Шоирда илҳомий жўшқинликдан ташқари тиришқоқлик, меҳнатсеварлик, камтарлик каби ажойиб фазилатлар мужассам эди. Гарчи давраларда шоду хуррам ўтирса-да, унинг юрагида, кўзларида ҳамиша аллақандай сеҳрли мунг, дард, ҳасрат бўларди. У ана шу туйғуларни шеърларига, ижод намуналарига туширар, ҳаётни бевосита образли тасвирлашга, ҳаётдан олинган типик воқеаларни оригинал тарзда ифодалашга интиларди. Энг муҳими, у воқеа ва фактларни баён этиш йўлидан эмас, аксинча мушоҳада қилиш, ҳаётий тасвир яратиш йўлидан боришга ҳаракат қиларди. Минг афсуски, устоз ўз ижод намуналарини тўплаб, ҳаммасини тўла нашр қилишга улгура олмади. Ундан фақат Рауф Парфи билан ҳамкорликда чиқарган «Субҳидам» тўпламигина ёдгор қолди, холос. Суръат Орипов вафотидан кейин «Товушлар ва ранглар» деб номланган шеърий тўплами босилди. Яна кўплаб шеърлари, минг афсуски, ижодкорнинг столи устида қолиб кетди. Бироқ, бу шеърлар ҳали-ҳануз ўз қадр-қимматини йўқотмай келмоқда.

“Юрак гавҳари” китобида самарқандлик қаламкаш – матбуотда узоқ йиллар фаолият кўрсатган фидойи журналист, серқирра ижодкор Эркин Азаматовнинг ўзига хос ижод йўл акс этган. Ижодкор вилоят маҳаллий нашрларида хизмат қилиш билан бирга ўзидан наср ва назмда кўплаб ижод намуналарини қолдирган. Ушбу тўпламда ҳам унинг қатор шеърлари, ҳикоя ва таржималари ўрин олган. Шунингдек, унинг билан замондош, сафдош бўлган инсонларнинг ҳамда фарзандларининг у ҳақида хотиралари жой олган.

Унинг содда ва равон ўқилувчи шеърлари шеър ихлосмандларининг эътиборини тортади. Китоб Тошкентдаги “Hilol media” нашриётида чоп этилди.

“Самарқанд мушоираси” ёшлар баёзи вилоят ҳокими ташаббуси билан чоп этилди. Тўпламда янги Ўзбекистоннинг янгича дунёқарашли бунёдкорлари, мақсаду марраларни баланд олаётган самарқандлик ёш қаламкашларнинг шеърлари ўрин олган. Ушбу баёз самарқандлик ёш ижодкорларнинг иқтидор ва маҳоратини, воҳада шаклланган адабий анъаналарга садоқатини, энг муҳими, Самарқандда “Устоз ва шогирд мактаби” давом этаётганини намойиш қилади.

Китобни қўлингизга олсангиз қадимий ва ҳамиша навқирон маскан фарзандлари, ҳаёт завқи, сўз лаззатидан баҳра олиб, адабиёт қасрининг эшигини қоқаётган Самарқанд ёшлари мушоирасидан баҳра оласиз!

Тадбир давомида Шарқ юлдузи журналининг махсус самарқандлик ижодкорларга бағишланган сони ва юқоридаги китоблар тадбир иштирокчиларга совға қилинди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари уюшмасининг

Самарқанд вилоят бўлими мутахассиси.