Сарҳисоб ва келгусидаги режалар

2021-01-14T12:01:23+05:0014 Yanvar, 2021|Сурхондарё вил.|

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартиби белгиланди.

Ушбу қарор бўйича Сурхондарё вилоятида амалга оширилган ишларга бағишланган “Ер ажратиш тизимида коррупцияга қарши курашиш ва бу борадаги қонунчилик асослари ҳамда кадастр соҳасида олиб борилаётган ишлар” мавзусида брифинг ташкил этилди. Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтган брифингда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимларига Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатаси вилояти бошқармаси бошлиқ ўринбосарлари Сардор Шукуров ва Фахриддин Ашуров 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилда белгиланган вазифалар юзасидан сўзлаб берди.

Айтиш керакки, кадастр паспортини шакллантириш бўйича 2020 йил давомида 29 минг 757 та буюртмалар келиб тушган бўлиб, 28 минг 255 та жисмоний шахслар томонидан, 1 минг 502 та юридик шахслар томонидан буюртмалар келиб тушган. Ушбу маълумотлар объектлар кесимида таҳлил қилинганда 499 таси ДХМ томонидан бекор қилинган, 2 минг 508 таси рад этилган, 3 минг 221 таси тўлов жараёнида ҳамда 23 минг 529 тасининг кадастр паспорти шакллантирилиб берилган.

Тадбир давомида бу ва бошқа маълумотлар оммавий ахборот воситалари ходимларига маълум қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа ходимларидан жавоблар олишди.

Мастура ХАМРАЕВА,

ЎЖИУ Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси.