Узлуксиз таълим тизимини жорий этиш – баркамол авлодни вояга етказиш кафолати

2021-01-08T05:25:00+05:008 Yanvar, 2021|Умумий янгиликлар|

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилда босиб ўтилган йўлимизга баҳо берар экан “ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз”, деб яна бир бор ёшларнинг таълими ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратди.

Давлат раҳбарининг юқори минбардан мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун буюк шахсларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак, деб муносабат билдирди. Таълим ва тарбияни ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши бежизга таъкидланмади.

Бу йўлда ёшлар ўз олдига қўядиган маақсадларга эришишлари учун уларга кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – энг устувор вазифа сифатида белгиланди. Шубҳасиз, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш асосий вазифамизга айланади.

Ҳақиқатан ҳам, мамлатимизда таълим ва тарбия соҳасини тизимли жорий этишнинг ҳуқуқий ва стратегик йўналишлари белгилаб олинди. Хусусан, 2019 йилда Президент қарорлари билан Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциялари тасдиқланди. Шунингдек, 2020 йил 29 октябрда Президент фармони билан Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепция ҳам тасдиқланди.

Юқорида кўрсатилган бу ҳужжатлар Мурожаатномада таъкидланганидек, бола туғилганидан бошлаб, 30 ёшгача бўлган даврда уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим жорий этилаётганидан далолат беради. Президентимиз бежизга “дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш учун сарфланган сармоя жамиятга ўн, юз баробар кўп фойда келтиради”, – деб қатъий таъкидламади.

Ёш авлоднинг келажак истиқболдаги ўрнини белгилаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни инсоният учун хизмат қилиш йўлида вояга етказиш, жисмонан бақувват, соғлом, интеллектуал қобилиятли, мустақилликни янада мустаҳкамлаш, жамият ва давлат бошқарувини ишончли қўлларга ўтказиш, бу йўлда бошлаган ишларимизни давом эттириш ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида 2021 йил-“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди.

Халқимизнинг асрий орзуларига эришиш, ижтимоий жиҳатдан кучли давлатни барпо этиш, очиқ ва эркин, ахборотлашган жамиятни шакллантириш учун ёш авлоднинг таълим-тарбиясига бундан кейин алоҳида эътибор қаратилади. Шунга кўра, 2021 йил якунига қадар мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йил охирида эса 75 фоизга етказиш, бу ишларга бюджетдан 600 миллиард сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиб, хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилиши, 2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар ёки уларнинг 82 фоизи қамраб олиниши режалаштирилди.

Келгуси йили 30 та янги мактаб қуриш, 320 та мактабни таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 2 триллион сўм ажратилади.

Албатта, бутун бир йилнинг ёшлар масалаларини ҳал этиш, жамият саломатлигини муҳофаза қилишнинг асосий мақсад қилиб олингани фақат инсонпарвар давлатдагина амалга оширилади. Ёш авлодни буюк ишларга сафарбар этиш албатта ўқитувчиларнинг ҳам зиммасидаги вазифалардан саналади. Шунинг учун ҳам, Президентимиз “жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим”,-деб тўғри таъкидлади. Педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Биз сўз билан айтганда, жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим.

Бундан буён уларнинг, “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида, ўз малакасини узлуксиз ошириб бориши йўлга қўйилади. Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқилиши қайд этилди.

Хулоса қилиб айтганда, узлуксиз таълим тизимини жорий этиш, ёш авлод ва унинг тарбиячилари фаолиятига оид давлат сиёсати юритилиши янги жамиятни шакллантиришга хизмат қилади.

Гулнора Худайбердиева

Тошкент давлат юридик университети

Ихтисослаштирилган филиали доценти,

юридик фанлар номзоди