Сув – бебаҳо неъмат Пресс-тур иштирокчилари соҳага оид ишлар билан яқиндан танишдилар

2020-12-29T11:27:29+05:0029 Dekabr, 2020|Қашқадарё вил.|

Азалдан халқимиз сувни улуғ неъмат деб билишган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ ходимлари томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар қатраси олтинга тенг бўлган ичимлик суви ишлаб чиқаришнинг ўзига яраша ютуқ ва муаммолари бор. Аҳолига бу улуғ неъматни етказиб бераётган соҳа вакилларининг сермашаққат меҳнатларини оммага етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Адмнистрацияси ҳузуридаги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, «Қашқадарё сув таъминоти» МЧЖ ҳамкорлигида журналист ва блогерлар учун аҳолига ичимлик суви етказиб беришнинг долзарб масалаларига бағишланган пресс-тур ташкил этилди. Иштирокчилар дастлаб Шаҳрисабз туманидаги Ғаров қишлоғида жойлашган Шаҳрисабз-Қарши сув ишлаб чиқариш бўлимида бўлиб, ичимлик суви ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишдилар.

-Бугунги кунда корхонамизда 162 нафар малакали мутахассислар фаолият юритиб келмоқда,-деди бўлим бошлиғи Азим Темиров. 9 та сув иншоатлари мавжуд бўлиб, жами 162 та қудуқни ташкил этади. Ишлаб чиқарилаётган сув қувурининг умумий узунлиги 463 километр бўлган Шаҳрисабз-Қарши (240 км.), Яккабоғ-Ғузор (62 км.), Яккабоғ-Муборак (161 км.) бош сув қувурлари орқали вилоятимизнинг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Ғузор, Қарши, Косон ва Муборак туманларини қисман, Қарши шаҳари аҳолисини тўлиқ ичимлик суви билан таъминлайди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ га қарашли бўлган Шаҳрисабз-Қарши сув ишлаб чиқариш бўлимидаги иншоотларда 162 та артезиан қудуқлардан 17донаси узоқ йиллар давомида ишлаб келганлиги, ўз хизмат муддатини ўтаб бўлганлиги сабабли ҳозирги кунда яроқсиз ҳолга келиб қолган. Сув истеъмолининг йилдан йилга ошиб бораётганлиги сабабли яроқсиз ҳолга келиб қолган ва хизмат муддатини ўтаб бўлан қудуқлар ўрнига босқичма-босқич замонавий технологиялар асосида янги қудуқларни қазиш лозим бўлади.

Ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси Ғафур Олимов, энергетик Файзулло Жумаев, гидрогеолог Абдурасул Дилов, бош сув қувурлари участкаси бошлиғи Ғиёсиддин Тўхтаев, диспетчер Умрзоқ Чориевлар ичимлик суви ишлаб чиқариш ва аҳолига етказиш билан боғлиқ бўлган жараёнлар ҳақида иштирокчиларга кенг тушунтириш бердилар. Пресс-тур қатнашчилари корхонада меҳнат қилаётган соҳа фидойиларининг иш фаолияти билан танишгач, Шаҳрисабз туман сув таъминоти корхонасининг аҳолига ичимлик суви етказиб бериш билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

-Биргина жорий йилнинг ўзида Шаҳрисабз туманидаги «Боғишамол», «Хазара» ва «Олмазор» маҳаллалари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида замонавий сув йиғиш ва тарқатиш иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди,-дейди «Қашқадарё сув таъминоти» масъулияти чекланган жамият директори Хуршид Усмонов. -Бу каби эзгу ишлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади.

Ичимлик суви етказиб бериш билан боғлиқ бўлган жараёнларни бевосита кузатган оммавий ахборот воситалари вакиллари халқимизга ҳар қатраси олтинга тенг бўлган бу бебаҳо неъматнинг қадрига етиб, уни беҳуда исроф қилмаслик, ўз ўрнида фойдаланиш хусусида ОАВда кенг ёритадилар.

Шавкат СУЛТОНОВ,
ЎЖИУ Қашқадарё вилояти бўлими
Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси