Янги йил олдидан “Булунғур ҳаёти” газетаси янги бинода иш бошлади

2020-12-29T11:18:45+05:0029 Dekabr, 2020|Самарқанд вил.|

Булунғур туман ҳокимлиги ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши муассислигидаги «Булунғур ҳаёти» газетасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Давлат-хусусий шериклик асосида 275 миллион сўм маблағ эавзига бунёд этилган бинода муҳаррир ва мухбирлар хоналари, 35 ўринли кичик мажлислар зали, шинам ва ёруғ фойе мавжуд. Бино алоҳида иситиш тизимига эга. Умумий қиймати 100 миллион сўмлик замонавий мебел жиҳозлари, компьютер жамланмалари билан таъминланган.

Бино ёнида таҳририят ходимлари бўш вақтларида ҳордиқ чиқаришлари учун мўъжазгина хиёбон ҳам бунёд этилди. Бу албатта ижодкорларга илҳом бағишлайди.

– Газетамиз 1931 йил декабрь ойидан буён чоп этилиб келинади, – дейди газета бош муҳаррири Ғулом Ўролов. Дастлаб “Колхозчилар байроғи” номи билан чоп этилган ҳамда қўшни Жомбой ва Пайариқ туманларига ҳам тарқатилган. Газетамизнинг 90 йиллиги ва янги йил байрами олдидан замонавий бинога кўчиб ўтишимиз айни муддао бўлди. Яратилган шарт-шароитлар келгусида “Булунғур ҳаёти” газетасининг замон талабига мос ҳолда тўлақонли фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тўлқин Сиддиқ

журналист