Бахтиёрлик ҳисси

2020-12-28T16:32:00+05:0028 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Уйимдан ишга ўтган-қайтганда, деярли ҳар куни Тошкент ер усти метроси Сергели йўналиши қурувчиларига кўзим тушарди. Баҳор ва кузнинг ўзгарувчан об-ҳавосида ҳам, саратоннинг жазирамасида ҳам, қишнинг изғиринида ҳам улар тинимсиз меҳнат қилар, наздимда улар мўъжиза яратаётган сеҳиргарга ўхшарди.
Метро очилган кун 5- бекатдан ичкарига кирар эканман, афсонавий биллур саройга киргандек ҳаяжонда эдим. Ёнимда бир йигит чамаси 70 ёшлардан ошган бобосини томоша қилдиришга олиб юрибди. Бобо метрога кириб “Эй, отангга раҳмат!”, “Қурувчиларга раҳмат!”, “Юртбошимизга раҳмат!”- дея, баралла овозда айтар, йўловчилар ҳам нуроний бобога хайрихоҳ табассум билан бош ирғар эдилар.
Ҳамманинг юзида севинч ва бахтиёрлик аломатлари. Ҳа, метро қурилиши ҳам куч ила қудрат, жасорат.
“Ҳар қандай жасорат шовқин –суронсиз амалга оширилади. Кўпинча жасорат соҳиблари ўзлари амалга оширган ишни жасорат деб ўйламайдилар ҳам”- деган эди Лев Толстой. Ҳа, янги йўналишлари қурилиши давом этаётган бугунги метро бунёдкорлари ҳам давр қаҳрамонларидир.
Йўналишнинг очилиши пойтахтликлар ва унга туташ ҳудудлар аҳолиси ҳаётида улкан бурилиш ясади, десам муболаға бўлмас. Биргина менинг оддий кичик оилам мисолида ҳам бу бахтиёрлик ифодаси ўз аксини топди.
Кичик ўғлим Элдор ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва шанба кунлари кеч соат 19:00 дан 21:00 гача пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги ўқув марказида IT соҳаси бўйича қўшимча дарс олаётгани туфайли уйга ярим тунда қайтади. Тўғриси, бундан жуда ҳавотир олардик, ўқишини эртароққа ўтказишнинг эса ҳозирча иложи йўқ эди.
Тарихий кун – 2020 йилнинг 26 декабрь, шанба куни у одатдагидан анча – бир ярим соатча вақтли уйга кириб келди. Бундан ҳайрон қолган онаси: “Нега бугун вақтли келдинг, дарс бўлмадими” деб сўради ундан. Кайфияти кўтаринкилиги шундоқ юз-кўзидан кўриниб турган ўғлим онасига давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қисқа вақт ичида қурилиб, шу кун ишга туширилган Сергели метросининг илк йўловчиларидан бири бўлганини, метрода, унинг янги бекатларида хизматчи ва йўловчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликлар ҳақида тўлқинланиб гапирди. Унинг хурсандчилигига шерик бўлган турмуш ўртоғим “Ўзбекистон 24” телеканали орқали бир соатча олдин эфирга узатилган лавҳа орқали ушбу янги метро ҳақида маълумотга эга бўлганини айтди. Маҳалламиз ва унга туташ ҳудудларда одамларнинг яхши яшаши учун олиб борилаётган ободончилик ва бунёдкорлик ишлари, жумладан, кейинги уч-тўрт йил ичида беш юзга яқин кўп қаватли уй қурилгани, янги мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, меҳмонхона каби кўплаб хизмат кўрсатиш объектлари қад ростлаганини фахр билан тилга олди. Суҳбат “Minerva city” қурилиши ҳақида давом этди.
Ширин ўйга чўмаман, бу ердаги беш йилча олдинги манзара кўз олдимда намоён бўлади – кенг дала, қулпинайзор. Рости, ўша пайтлари Сергелида шунча кўп қаватли уй қурилади, бу ерга метро келади, деса ҳеч ким ишонмасди. Президентимизнинг шахсий иродаси билан бу ишларга қўл урилди ва ўтган қисқа вақт мобайнида, пандемия шароитига қарамай қурилиш билан боғлиқ жуда катта ҳажмда иш бажарилди – минглаб оилаларнинг уй-жойли, ишли бўлиши таъминланди, кўплаб турли иншоотлар бўй чўзди, биз бугун фойдаланаётган метронинг Сергели йўналиши ишга тушди. Энди ўзингиз айтинг, бу каби эзгу ишларга бош-қош бўлаётганларга раҳмат айтмай, бу кунларга етказганига шукрона келтирмай, булардан қувонмай, фахрланмай бўладими?!
Чалғимайин, кичик ўғлим Элдор Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейда, каттаси Сардор эса Сингапур менежментни ривожлантириш институтида таълим олади. Тошкент вилояти Зангиота туманинг Сергели маҳаллаларига чегарадош “Чорбоғ” маҳалласида қурилган намунавий уйларда яшаймиз. Бу ерга кўчиб келганимизга ҳадемай беш йил тўлади. Фарзандларим шаҳар марказидаги илм даргоҳларида сабоқ олаётгани учун бу ердан ўқишга қатнашга қийналарди, лицей ва институтга учта транспорт алмашиб боришга мажбур бўларди. Ярим соатлаб тирбандликда туриш катталар сингари шу йигитчаларни ҳам асабийлаштирганидан, бу ҳолат сабаб ўқишдан кеч қолган пайтлари бўлганидан, бунинг учун устозларидан бир неча бор танбеҳ эшитганидан хабардорман. Янги метро линиясининг фойдаланишга топширилгани биз каби қанчадан қанча юртдошларимизнинг бу каби вақт, маблағ билан боғлиқ муаммоларини ечиш, уларга катта қулайлик яратиш имконини бергани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.
Нимадандир хурсанд бўлсам, баъзан бу ҳақда ким биландир гаплашгим келади. Қишлоқдаги онамга қўнғироқ қилдим. Янгиликдан жуда хурсанд бўлди. Худо хоҳласа Тошкентга борганимда мени янги метрога миндирасан, деди яхши ният қилиб. Телефон орқали мулоқотимиз давом этар экан, онам қишлоғимизда одамларни рози қилиш, аҳолига қулайлик яратиш, бугун яхши яшаши учун Президентимиз ташаббуси билан қилинаётган ишлар ҳақида ҳам гапирди. Суҳбатимиз якунида дуо қилди: Аллоҳдан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, халқимиз учун ҳеч нарсани аямаётган Президентимизга соғлик-саломатлик, узоқ умр тилади.
Якшанба куни катта ўғлим “Ҳуррият” газетасининг 26 декабрь кунги сонида эълон қилинган давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқини қайта-қайта ўқиб чиққанини, Президентимиз ўз нутқида келгуси ўқув йилидан бошлаб, республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалаврият босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилишини маълум қилгани ўзи каби шундай таълим даргоҳларида ўқиётган йигит-қизлар учун катта эътибор, имтиёз ва имконият эканини, бу минглаб ёшларга мотивация берганини таъкидлади. Юртбошимиз ғамхўрлигидан баҳрамандлик умиди ўғлимга қандайдир куч, ўзига ишонч берганини унинг кўзи айтиб турарди.
Яқинларинг, қўни-қўшниларинг, юртдошларингни ҳаётдан бу каби рози бўлиб, завқ олиб яшаётганига гувоҳ бўлишнинг ўзи катта бахт аслида. Бу одамни элу юртимиз тараққиётига, тинчлиги таъминланишига муносиб ҳисса қўшишга, янада фаол бўлишга ундаб, куч-ғайрат, кўтаринки кайфияту руҳият бахш этади. Ана шундай бахт, шижоат ҳеч биримизни асло тарк этмасин. Метронинг Сергели йўналиши барчамизга муборак бўлсин!

Холмурод Салимов,
журналист