ЭСЛАРМИКАН МЕНИ ҲАМ?

2020-12-24T15:09:45+05:0024 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

…Қай бир замон, бегона
Йўловчи қўйса қадам,
Маъюс бир соғинч ила,
Эслармикан мени ҳам?

 

Бу Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ажойиб шоир Cаъдулла Ҳакимнинг шеъридан олинган сатрлар. Бу йилги бутун дунё қатори юртимизга келган коронавирус уни бевақт орамиздан олиб кетди. Аммо, донишманд бобомиз Ж.Румий: “Хафа бўлма! Ҳар ким ўлади. Кимдир тўпроққа, кимдир эса юракларга кўмилгай” дея айтганидек Саъдулла Ҳаким халқимизнинг, шеърият ихлосмандларининг юрагидан жой олганлиги ҳақиқат.

Сўзни қиз каби суйган шоир ижоди билан танишар эканмиз, ҳаёт картинаси бир нафис ранглар ила кўз олдимизда намоён бўлади. Оддий ҳақиқатни оддий тарифлаш аслида мана шу ҳақиқий маҳорат, чинакам санъат!

 

Қуёшга интилган ҳавойи буғлар,
Баланд парвозларни қилса ҳам ҳавас,
Бир кун қайтиб келар, ўкириб-йиғлаб,
Ватандан яралган Ватандан кетмас.

 

ёки “Ўрмончилар”тўртлигида:

 

Ўрмончилар ҳақида ҳангомага бу бир гап,
Кўрган-эшитган ҳайрон: ўрмончилар нетдилар?
Эгри-бугри қайрағоч соясида соялаб,
Тўғри ўсган теракни шартта кесиб кетдилар…

 

Дилдаги гапни кўчириш, одам ўқийдиган тилда ёзиш осон эмас. Шу боис ҳам шоирлик ҳаммага насиб этавермайди. Ҳар замонда, ҳар миллатда бор-йўғи чинакам бир-иккита шоиргина халқ эътирофи ва эҳтиромига, муҳаббатига сазовор бўлиши мумкин. Қай бирики, бизнинг мудраб ётган ҳисларимизни ўйғотса, қай бирики бизни ҳаётга, яхшиликка ташна этса, юракка олов жойласа. Саъдулла Ҳаким ўзи ёниб, ўзгаларни ҳам ёндиришга қодир даражада қалам тебратди. Унинг «Ҳамал тонглари» (1981), «Сен кутган баҳор» (1986), «Ёз оқшоми» (1996), «Она сўз» (2000), «Сайланма» (2001), «Кўнгил юзи» (2006), “Кўҳна нақл” каби шеърий тўпламлари халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Шулар қатори “Эсимда қолган кунлар”, “Атом қаърига саёҳат” каби публицистик асарлари, жаҳон адабиётидан А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, С. Есенин, Гётеларнинг ижод намуналаридан қилган таржималари адабиётимизнинг янаям равнақ топишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Яхши асар миллат ҳам танламайди, чегара ҳам билмайди. С.Ҳакимнинг яқинда қорақалпоқ тилида “Дебдиў” номли шеърий китоби нашр этилди. Унда ватан туйғуси, ҳаёт фасллари, адолат, шукроналик ҳиссига йўғрилган шеърлари, “Юрт ўғлони” қасидаси киритилган. Шоир шеърларини таниқли таржимон, Ўзбекистонга хизмат кўрсатган журналист Кенесбай Реймов маҳорат билан қорақалпоқ тилига ўгирган. Бу китоб китобхонлар жавони қатори кўнгилларидан ҳам жой олишига шубҳа йўқ.

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Қорақалпоғистон Республикаси бўлими.