Фахрий журналистларга эҳтиром

2020-12-23T12:31:08+05:0023 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Журналистикамиз фахрийларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоялаш Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, умр йўли, қалб қўрини журналистика соҳасига бахшида этган устозларимиз ҳамиша эътиборда. Биргина жорий йилда Тошкент шаҳри ва вилоятларда истиқомат қилаётган 200 нафарга яқин фахрий журналистларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдам берилди. Бунда Журналистлар ижодий уюшмаси билан Республика товар-хом ашё биржаси ўртасида тузилган “Дўстлар клуби” муҳим ўрин тутмоқда.

Куни кеча Янги йил байрами арафасида узоқ йиллар давомида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожига беминнат хизмат қилган, бугунги кунда ҳурмат-эътиборда бўлиб, ёшларга муносиб устозлик қилиб келаётган нуроний-фахрийларимиз Абдусамад Исоқов, Дилбар Маҳмудова ва Ғуломзокир Юсуповлар ҳолидан хабар олинди. Байрам билан муборакбод этилиб, уюшманинг совға-саломлари топширилди.

Аслида дийдор ширин, табаррук отахон-онахонлар билан суҳбатлар, уларнинг ибратлари ундан-да ширин.

Ҳақ гап. Фахрийларнинг битмас-туганмас билимлари, тажрибаларидан баҳраманд бўлиш ёшларнинг амалий кўникмалари шаклланиши, журналист касбининг ўзига хос сир-асрорларини ўрганишларида катта мактаб бўлади. Шогирдлари камолини кўриш эса устозлар учун катта бахт.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.