Бугун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор таваллуд топган кун

2020-12-23T05:29:46+05:0023 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор “Опа-сингиллар”, “Туғилиш”, “Давр менинг тақдиримда”, “Чинор” романлари, бир қатор қисса, ҳикоя ва драмалари, кузатувларга асосланган фалсафий лирикаси, жаҳон адабиёти намуналаридан бадиий юксак таржималари билан ХХ аср ўзбек адабиётига катта ҳисса қўшган сўз санъаткоридир.

Атоқли шоир, носир ва драматург, таржимон Асқад Мухтор 1920 йилнинг 23 декабрида Фарғона шаҳрида темир йўл ишчиси оиласида туғилди. Ўн бир ёшида отасидан етим қолиб, болалар уйида тарбияланди. Мактабни тугатгач, Ўрта Осиё Давлат университетида таҳсил олди. Сўнг Андижон педагогика институтида ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб хизмат қилди.

Асқад Мухторнинг Тошкентга келиши шахсий ҳаётида ҳамда ижодий фаолиятида янги саҳифа очди. У республикамиз марказий газета-журналлари таҳририятларида бўлим мудири, масъул котиб, “Шарқ юлдузи” журналида (1960–1965) бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби (1957) сингари масъул лавозимларда фаолият юритди. “Гулистон” журнали ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бош муҳаррирлик қилди.

Асқад Мухтор “Тилак”, “Тонг эди”, “Тотли дамлар” сингари илк шеърларида (1935–1938) шеъриятнинг мақсад ва вазифасини, шоирнинг жамият олдидаги бурчини аниклаб олишга интилади. У шеъриятга “қалбга қанот”, “дардга даво” берувчи деб қарайди.

Шоир Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан “Ғалаба ишончи”, “Жангчининг байрам кечаси”, “Туғишганлар қайтди”, “Соғиниш”, сингари қатор шеърий асарларини яратиб, халқни фашист босқинчиларига қарши курашга ундади. Тинчлик йилларида юртимиз табиий бойликларини, халқ ҳаётидаги ўзгаришларни тасвирловчи “Пўлат қуювчи” (1947), “Ҳамшаҳарларим” (1949), “Раҳмат, меҳрибоним” (1954), “Чин юракдан” (1956) шеърий китобларини ёзди.

Ёзувчининг “Дарёлар туташган жойда” (1950), “Қорақалпоқ қиссаси” (1958), “Бухоронинг жин кўчалари” каби қиссаларида, “Опа-сингиллар” (1955), “Туғилиш” (1963), “Давр менинг тақдиримда” (1964), “Чинор” (1973) “Аму” каби романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топган. “Чин юракдан” (1956) шеърий китоби, “Ҳаётга чақириқ” (1956), “Дунё болалари” (1962) ҳикоялар тўплами ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитди. Асқад Мухторнинг “Мардлик чўққиси” (1948), “Яхшиликка яхшилик” (1949), “Самандар” каби пьесалари томошабинлар ва ўқувчилар қалбидан чуқур жой олди.

Софокл, А. Пушкин, М. Лермонтов, Р. Тагор, М. Горький, Т. Шевченко, А. Блок, В. Маяковский, А. Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган.

Асқад Мухтор лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшди. У “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони ва Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.