Менда таклиф бор “Қаҳрамонлар хиёбони” бунёд этилса…

2020-12-18T12:33:57+05:0018 Dekabr, 2020|Бухоро вил.|

Зарафшон дарёси бўйида жойлашган Жондор тумани нафақат воҳанинг, балки юртимизниунг ўзига хос, бетакрор ва ажиб гўшаларидан бўлиб, узоқ тарихга эгалиги билан бир қаторда, мислсиз жангу жадалларга шоҳид ҳам. Туманнинг ўтмишига назар ташласангиз, араб ва мўғул босқинчилари истилоси, қирғин-барот жанглар гувоҳи бўласиз. Бу муқаддас заминда умргузаронлик қилган, чорвадор ва деҳқончилик билан шуғлланган аждодларимиз ўз она-юртлари эрки, озодлиги учун сўнгги томчи қонлари қолгунча курашиб, жанг майдонларида шаҳид бўлганлар.

Оддий элакчи оиласида вояга етган ғалвирсоз Маҳмуд Торобийнинг Чингизхон босқинчи қўшин­ларига қарши халқ қўзғолонига бошчилик қилиб, ғалаба қозониши, Қутайбага қарши қаҳрамонларча курашган ёвқур аждодларимиз, Варахша ҳукмдорлари Бухорхудот ва Туркон хотунларнинг ёв билан тенг­сиз курашдаги жасоратларини айт­майсизми?!

Улуғ тарихчи олим Муҳаммад Наршахийнинг 943-944 йилларда ёзилган “Бухоро тарихи” китобида қайд қилинишича, “Ҳали Бухоро шаҳри вужудга келмаган, лекин қишлоқлардан баъзилари пайдо бўлган эди: Нур (Нурота), Вардонзе, Торобча (Тороб қишлоғининг кичрайтирма номи) ўша қишлоқлар жумласидандир”.

Араблар ўрта Осиё ерларига бостириб келганда, бошқа қишлоқлар қатори Тороб қишлоғи аҳолиси қаршилигига дош беролмасдан, чекинишга мажбур бўлган. Бу қишлоқ аҳолиси ойлаб, йиллаб мудофаага тура олган ва душманни ичкарига йўлатмаган. Бу ҳақда Наршахий шундай ёзади: “Бухоро қишлоқларидан Тороб, Хумбин (Хумин) ва Ромтин (Ромитан) оралиғида кўп лашкар тўпланиб, Қутайбани ўраб олади”.

Яқин ўтмишдан бир мисол. ­Бухоро амирлари тансоқчилар, жиловбардорлар ва сарой соқчиларини асосан шу кент йигитлари орасидан танлашганида ҳам ҳикмат бор, албатта.

Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкинки, бу юртда яшаб ўтган аждодларимизга хос ёвқурлик, баҳодирлик, мардлик, матонат, жўмардлик, тантилик, қаҳрамонлик, бағрикенглик, жасорат каби чин инсоний фазилатлар бугунги авлодга ибрат қилиб кўрсатишга ҳар жиҳатдан муносиб.

Жондорликлар нафақат жанг майдонларида, балки тинч меҳнат фронтларида ҳам ўзига хос жасорат, матонат ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганлар. Пахта, ғалла, пилла, полиз ва сабзавот экинларидан юқори ҳосил олиб, собиқ иттифоқда етакчи ўринларни эгаллаганлар.

Биргина мисол. Жондор тумани 1940 йил собиқ иттифоқ республикалари ўртасида биринчи бўлиб пахта тайёрлаш режасини бажариб, “Ҳурмат тахтаси”дан жой олган. Туманнинг юзлаб пахтакору ғаллакорлари, боғбонлари фидокорона меҳнатлари, эришган ютуқлари учун ўз даврида давлатнинг юксак мукофотларига сазовор бўлганлар. Булар орасида Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари Рустам Бобоев, ­Даврон Бобоев, Иззат Эллиев, Теша Салимов, Сайфулла Насуллаев, ­Абдулла Кўкламов, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Нарзи Ражабов, Ўзбе­кистон Қаҳрамонлари — Фарҳод ­Соҳибов ва Тўра Нарзиевлар бор. Булар қаторига Чингизхон қўшинларига қарши халқ қўзғолонига бошчилик қилган халқ қаҳрамони Маҳмуд Торобий ва Жануби-ғарбий Бухоро қўрбошиси, халқ қаҳрамони Жўра Аминни ҳам қўшиш мумкин.

Афсуски, жанг майдонларида, меҳнат фронтларида жон олиб, жон бериб, мардлик ва матонат кўрсатиб, қаҳрамонликка лойиқ топилган бу катта авлод ва ҳозирги Ўзбекистон қаҳрамонларини нафақат ёшларимиз, балки биз тенгилар ҳам яхши билишмайди. Ўтмишини билмаган халқнинг келажаги ҳам бўлмайди, деган мантиққа суянилса, табиийки, бу борада қиладиган ишларимиз кўплиги аёнлашади.

Шуни инобатга олиб, туман марказий истироҳат боғи негизида барпо этилган “Ватанпарварлик боғи”да Жондор фарзандларининг икки фронтдаги матонат ва қаҳрамонликларини ёш авлодга намуна қилиб кўрсатувчи “Қаҳрамонлар хиёбони” бунёд этилса, хайрли иш бўлар эди. Турли авлод вакиллари вақти-вақти билан бу ерга келиб, аждодларимиз босиб ўтган жанговар йўл ҳақида ҳикоя қилувчи маълумот ва лавҳалар билан танишишса, маънавият борасида кузатилаётган кўплаб муаммолар ҳам ўз-ўзидан ечим топар эди.

Энди ўзим гувоҳ бўлган бир воқеага эътиборингизни қаратмоқчиман. 1978 йилда немис туркологи Отто Дизел Маҳмуд Торобий қабрини зиёрат қилишга келганди. Унга мен ва яна икки ҳамкасбим ҳамроҳлик қилгандик.

Меҳмон Маҳмуд Торобийнинг лойшувоқ қилинган кўримсиз қабрини, тўрт тарафи очиқ-сочиқ ётган Тороб қалъасини кўриб, фарёд ­чекиб юборганди: “Маҳмуд Торобий Германия тупроғида туғилиб, қаҳрамонлик кўрсатса эди, немис халқи уни боши узра баланд кўтариб, олтиндан ҳайкал қўярди. Ахир, сиз билмасангиз, бутун дунё билади-ку Маҳмуд ­Торобийни!”

Афсуски, бугун ҳам қаҳрамонимиз қабри ҳавас қиларлик кўринишда эмас. Ён-атрофни ободонлаштириш, бу ерни сўлим зиёратгоҳга айлантириш масаласи ҳали ҳам ўз ечимини кутиб турибди.

Сиз нима дейсиз, мутасаддилар?

Сафар АХМЕДОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси