Асосий мақсадимиз – Адлия органларини коррупциясиз соҳага айлантириш

2020-12-18T12:32:00+05:0018 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Сирдарё вилоят адлия бошқармасида ушбу шиор остида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Тадбирда давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимлари, журналист ва блогерлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

 

Тадбирни вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов бошқариб борди.

 

Дарҳақиқат, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.

БМТ маълумотларига кўра, дунё иқтисодиёти ҳар йили коррупция сабабли 2,6 триллион долларни йўқотмоқда. Бу дунёдаги мавжуд ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидан кўпроғини ташкил этади.

Халқаро коррупцияга қарши кураш нодавлат ташкилоти — Transparency International ташкилотининг 2020 йил бошида эълон қилинган рейтингига кўра Ўзбекистон 180 давлат орасидан 153-ўринни эгаллаганини кўришимиз мумкин. Бу эса бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўплигинидан далолатдир.

Мулоқотда Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди ҳамда бу иллатга қарши муросасиз кураш олиб борилиши, бунинг учун, энг аввало, ҳар бир давлат ташкилотининг ўзи тизимидаги ташкилотларда коррупцияни олдини олиш бўйича аниқ ҳаракатларни амалга ошириши, турли хавф-хатарларни баҳолаши улардаги коррупциявий омилларни минимал даражага тушириши лозимлиги таъкидланди.

 

Учрашувда коррупцияга қарши курашиш борасида вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Хусусан, қонун ижодкорлиги соҳасида 2020 йил давомида бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Адлия вазирлигига жами 65 та таклиф киритилган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 57 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳоли, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, унда коррупцияга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш, соҳага оид ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жами 495 маротаба тарғибот тадбирлари, шундан 320 маротаба ОАВ орқали, 150 маротаба жойларда оғзаки тарғибот тадбирлари ва 25 маротаба кўргазмали тарғибот тадбирлари шаклида амалга оширилди.

Матбуот анжумани қизғин-савол-жавоблар билан янада қизғин тус олди.

Шунингдек, тадбирда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини, коррупцияга қарши курашиш ғояларини кенг оммага тарғиб қилишдаги хизматлари учун бир гуруҳ фаол тарғиботчилар адлия бошқармасининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

 

“Очиқ эшиклар куни” доирасида тадбир иштирокчилари адлия тизими фаолияти билан яқиндан танишдилар. Адлия органлари ва муассасалари маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг вакилларини қабул қилишда видео ва аудиога ёзиб олиш тизими жорий этилганлиги акс этган баннерлар, ҳар бир ходим иш столида коррупцияга қарши курашиш ғояси ифодаланган тарғибот материалларининг мавжудлиги иштирокчиларнинг эътиборини тортди ва бу адлия органларининг очиқлик ва шаффофлик принципи асосида фаолият олиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғи бўлди.

Хулоса ўрнида айтганда, Коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида давлатимиз раҳбари ва давлат ҳокимияти органларининг доимий назоратида бўлиб турибди. Мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини оширишда коррупцияга қарши курашиш натижалари ва халқаро рейтингларда ижобий ўринларни эгаллаш муҳим ҳисобланади. Жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, очиқликни таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада мустаҳкамлаш коррупцияга қарши муросасиз бўлишнинг кафолати саналади. Мазкур тадбир ана шу мақсадларга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.

Дилором Исмадиёрова