“Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси Навоий вилоятида

2020-12-14T11:50:55+05:0014 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Раҳматли Саъдулла Ҳаким ҳокисор, камтар инсон эдилар. У киши Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасига раҳбарлик қилганларида уюшмамизнинг обрўсини кўтариш учун қўлдан келган ишни қилдилар. Бу йилги режалар ҳам улкан эди. Аммо жаҳонда кузатилган коронавирус пандемияси туфайли республикамизда ҳам жорий қилинган карантин чекловлари сабаб режадаги кўп ишлар амалга ошмай қолди. Шунингдек, устоз Саъдулла Ҳакимнинг бевақт вафоти ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Саъдулла аканинг бағри кенг инсонлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Айниқса шогирд танлашда талабчан эдилар. У кишининг шогирдлари кўп. Шулардан бири Ҳолмурод Салимовдир.

Холмуродни кўпдан бери биламан. ЎзАда ишлаб юрганида яхши-яхши мақола, хабарлари, лавҳалари билан тилга тушган журналист. Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари сифатида ҳам кўп ишларни амалга ошишига баҳоли қудрат ҳисса қўшди. Саъдулла Ҳакимнинг вафотидан кейин, режадаги ишларни давом эттиришни устозининг хотираси олдидаги бурчи деб билди. Айни дамда шу ишларни амалга ошириш учун қўлдан келганича ишламоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари учун Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан сўнг, Навоий вилоятига Пресс-тур уюштирди.

Кўзим тўймас, қилсам сайру-саёҳат

Раҳматли Муҳриддин Холиқовнинг шу қўшиғини яхши кўраман. Хорижгами, ё республикамиз бўйлаб сафарга чиққаманми, беихтиёр шу сатрлар қулоқларим остида жаранглайди. Ўтган йилларда бир қатор мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ташаббуси билан ўша давлатларга бордим ва имкон қадар таассуротларимни ижтимоий тармоқларда ўртоқлашдим. Шунда кимдир пичинг қилдими, ё самимий ёздими, “нима учун Ўзбекистон худудларини эмас, балки хорижий давлатларни кўз-кўз қиласиз?” деган фикрни билдирди. Бир томондан у ҳақ эди. Аммо русларда “ким пул тўласа мусиқани ўша буюртма қилади”, деган гап бор. Мени қайси давлат таклиф қилса, ўша давлат ҳақида ёзишим ҳам керакку?!

Сўнгги вақтларда республикамиз бўйлаб сафарга чиқа бошладим. Бунинг учун Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасига алоҳида миннадорчилик билдиришим керак. Дўппини бошдан олиб бундоқ ўйлаб қарасам, 2002 йилдан кейин деярли мамлакатимиз бўйлаб сафарга чиқмабман. Тўғри, 2016 йилда Германия элчихонаси Фарғона, Наманган ва Андижонда Германия лойиҳалари асосида фаолият юритадиган корхоналар билан таништириш мақсадида Пресс-тур уюштирган эди. Кейин 2018 ва 2019 йилда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг Фарғона вилоят бўлими томонидан ташкил этилган тадбирларда иштирок этгандим. Мана энди, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан уюштирилган “Журналист ва ҳаёт” лойиҳасида қатнашдим.

Буюклик рамзи Навоийда

Халқимиз тарихининг тилсимлари кўп. Ўзбек халқи тарихида кўплаб алп сиймоларни кўрамиз. Энг қадимги миллий қаҳрамонларимиздан бири бўлмиш Алп Эр Тўнга (Афросиёб) нинг улуғвор ва муҳташам қиёфаси халқимизга қайтарилди. Ўзбек халқи ва давлатчилигимиз пойдеворига асос солган буюк давлат арбоби ва моҳир саркарда, сак-икситлар қавми доҳийси Алп Эр Тўнга (Афросиёб) сиймоси ва шахсиятига мурожаат қилиш орқали, аслида, ўзлигимизга, ўзбек халқининг азим ва қадим тарихига мурожаат қилган бўламиз.

Тошкентдан Бухоро сари йўлга чиққан “Афросиёб” поездида кетар эканман, шу ҳаёлларни бошдан ўтказдим. “Афросиёб”нинг Жиззах, Самарқанддан сўнг Навоийда ҳам тўҳтаб ўтиши буюк бобомиз номи билан аталадиган вилоятга бўлган ҳурмат белгисидир.

Вокзалдан тўғри меҳмонхонага йўл олдик, сўнг тушлик қилдик. Шундан кейин Навоий шаҳридаги “Baht-Textile” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишдик. Раҳбарият қандайдир мажлисга кетган экан, ўзини механик дея таништирган йигит корхона ҳақида маълумот берди. Тўғриси, кўпчилик ҳамкасбларимизнинг, жумладан менинг ҳам энсамиз қотгани аниқ. Чунки, Тошкентдан журналистлар келса-ю, раҳбар ёки унинг ўринбосари эмас, қандайдир механик пешвоз чиқса. Очиғини айтаман, бу каби корхоналарда бўлганман. Фаолияти деярли бир-бирига ўхшаш. Аммо шунга қарамай Навоийдаги корхона билан яқиндан танишишга қарор қилдим. Танишув якунида аввал бошдаги, яъни “нима учун раҳбарият бизни кутиб олмади” деган фикримдан уялдим. Нимага деганда, журналистларга раҳбариятнинг маълумотидан кўра, эркин ҳаракат қилиш учун яратилган имконият афзаллигига ишондим.

“Baht-Textile” масъулияти чекланган жамияти 2006 йил 7 март куни ташкил қилинган. Жамият чет эл инвесторлари иштирокида ташкил этилган ва унга қўшма корхона мақоми берилган. 2017 йилда чет эллик ҳамкорларнинг улушлар жамият томонидан сотиб олинган ва жамият маъсуляти челанган жамиятга айлантирилган. Жамиятнинг асосий фаолияти ип-калава ишлаб чиқаришдан иборат. Дастлаб жамият ташкил этилганда Швейцария давлатидан илғор етакчи енгил саноат дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи “RIETER” компаниясидан ип йигирув дастгоҳлари олиб келинган. Мазкур ип йигирув дастгоҳлари йиллик 4800 тонна ип калава йигириш қувватига эга бўлган. 2012 йилда жамиятда олиб борилган такомиллаштириш ва кенгайтриш дастурларига асосан йилига 7200 тонна ип калава ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган. 2017 йилда жамиятда қўшимча ишлаб чиқариш босқичи ташкил қилиш ишлари бошланган ТИФ Миллийбанк кредитлари эвазига эски бино қайта капитал таъмирланиб Швейцария давлатидан R66 русумли пневматик ип йигирув дастгоҳлари олиб келинган. 2019 йил январь ойида тўлиқ қуваттда ишлатиш имкони яратилган. 2019 йилда жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 27000 тонна калава ип ишлаб чиқаришга етказилди. Ҳозирги кунда жамиятда 1327 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда.

2020 йил январь ойида эса жамият Россия фуқароси устав капиталига кириши ҳисобига қайта давлат руйхатидан ўтказилиб қўшма корхона мақомини олган. Ҳозирги кунда жамиятнинг устав жамғармаси 10.007.554 АҚШ долларини ташкил қилади.

Оқибат

Навоий вилоятида 365та умумтаълим муассаси бор. Шундан 12та давлат ихтисослаштирилган мактаби, 5та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ва 3та махсус мактаб-интернати бор. Бизларга айтишларича, айни дамда 181 минг 223 нафар ўқувчига 20 минг 707 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Навбатдаги манзил Навоий-Қоракўл ихтисослаштирилган мактаби бўлди. Математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган 360 ўринли мазкур мактаб интернати жорий ўқув йилидан иш бошлади. Мактаб-интернатига ўқувчиларни саралаб олиш жараёнлари 5 босқичда амалга оширилди. Шунингдек, мактаб-интернати 2,8 млрд. сўмга мукаммал таъмирланиб 1,7 млрд. сўм маблағ эвазига замонавий моддий-техника базаси билан тўлиқ жиҳозланди. Мактабда математика, физика ва инглиз тили дарслари чуқурлаштирилган ҳолда ўтилади. Ўқувчи ва устоз кадрларни танлашда ҳокимлик мутлоқо аралашмайди.

Мактаб раҳбарияти ва журналистлар ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Камина “Қоракўл мактабининг филиали бўлгандан кўра, уни “синдириб” ўзингиз, Навоий брендини яратмайсизларми?” деганга ўхшаш савол бердим. Бу саволга мактаб-интернат директори Нурилла Яҳёев ўзи ҳам Қоракўл мактабидан келганини айтар экан, ўта маданият билан “мақсадимиз Қоракўл мактабини синдириш эмас, балки ундан ҳам ўтиб кетиш”, деди. Оқибатни Нурилла акадан ўрганиш керак экан, деб қўйдим.

Марказий Осиёда ягона

Навоий шаҳридаги Амир Темур ва Ғалаба кўчалари чорраҳасидан ўтар эканмиз пиёдалар учун қурилган кўприкка кўзимиз тушди. Дастурга киритилмаган бўлса ҳам, журналистлар талаби билан кўприкни бориб кўрдик. Айтишларича, қурилиш қиймати таҳминан 15 миллиард сўмни ташкил этди. Пиёдалар кўприги чорраҳада йўл-транспорт ҳодисалари хавфидан сақлайди ва тирбандлик келиб чиқишига йўл қўймайди. Кўприк қурилиши ғайриоддий дизайн ечимига эга ва у миллий услубда ишланган. Зинадан ташқари, кексалар ва 1 та юк кўтариш имкониятига эга бўлган одамлар учун пандуслар ва лифтни тақдим этади.

Очиғини айтиш керак, кўприк навоийликлар фахрига айланиб улгурган. Одамлар кўприкдан йўлнинг у томонига ўтиш учун эмас, дам олиш учун, санъат намунасидан баҳраманд бўлиш учун ҳам бу ерга келмоқда.

Тўғри, Тошкентда ҳам шунга ўхшашроқ кўприклар бор. Аммо Тошкентлаги кўприкларни Навоийдагидек саньат асари даражасида кўриб бўлмайди. Масалан дейлик, Ганга ва Тўқимачлик корхонаси яқинидаги кўприклардан одамлар камдан кам ҳоллардагина фойдаланаётганини кўриш мумкин. Лифтлар деярли ишламайди. Ёки, Миллий театр яқинидаги ер ости йўлининг ногиронларга мўлжалланган лифти қачон ишлаганини ҳеч ким билмайди. Аммо Навоийдаги мега-кўприк лифти доимо ишлаб туради.

Навоийдаги кўприк менга Тбилисидаги Шаффоф кўприкни эслатиб юборди. Тўғрисини айтсам, менга Навоийдаги кўприк кўпроқ ёқди.

Шахсий фикрим: Саньат асари ягона бўлганидек, республикамизнинг бошқа шаҳарларига (ҳатто Тошкентга ҳам) бу каби кўприк қуриш керак эмас. Навоий кўприги республикамизда ягона бўлиши керак. Бу каби кўприклар жаҳонда ҳам жуда саноқли.

Журналистлар бугунги матбуот ҳақида

Навоий шаҳридаги тўрт юлдузли, “Тinzhlik Plaza” меҳмонхонасида “Замонавий профессионал журналистикани ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов бугунги кунда профессионал журналистикани ривожлантириш янада муҳим, долзарб аҳамият касб этаётганини, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. У етук журналистларни тайёрлаш, уларнинг билим ва маҳоратини ошириш учун кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкилдлади. Давра суҳбатида бир қатор амалий таклифлар ўртага ташланди. Конференция доирасида бир гуруҳ навоийлик фаол журналистларга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Уюшманинг Навоий вилояти бўлими томонидан нашрга тайёрланиб, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Бунёдкорлик симфонияси” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Китобда Навоий вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида сўз юритилган бўлиб, унда 50 нафарга яқин қурувчи-бунёдкорлар фаолияти ҳақида очерклар ўрин олган.

Тадбирда камина ҳам матбуот эркинлиги борасидаги фикр-мулоҳазаларимни билдириб ўтдим. Жумладан, шу йилнинг 1 октябрь куни Тошкентда кўрсатилган қаҳрамонликни мисол сифатида келтириб ўтдим. Ўша куни навоийлик бир йигит Анҳорда чўкаётган болаларни қутқариб қолган эди.

Матбуотимиз ур-йиқит, жанжаллар ҳақида оламга жар солмай шу каби инсонийликларни, қаҳрамонликларни ҳам ёритиб туриши кераклигини таъкидладим.

Таксичилар қачон қимматга юради?

Навоий таксичиларида инсоф бор экан. Шаҳар айланаётганимизда таниқли журналист Шоҳира Ҳамро (Шоира Рауфбоева)нинг ўғли, ҳокимлик матбуот хизмати ходими Искандар Аҳмедов қаерга боришингиздан қатьий назар такси нарҳи 3 минг сўм эканлигини айтди. Тадбирлар тугаб, оқшом нонуштасини Карманадаги “Чархпалак” қаҳвахонаасида ташкиллаштиришибди. Ажойиб маскан.

Бироз мазам бўлмагани боис, қаҳваҳонада озгина ўтирдимда, сўнг “инглизчасига” (ҳеч кимга айтмай) қуённи расмни чиздим. Катта йўлга чиқишим билан такси ҳам келиб қолди. Меҳмонхона манзилини айтдим. Ҳайдовчи “ўтиринг”, деди. Суҳбатлашиб кетдик. Тил топишдик. “Такси нарҳи сизларда арзон – атиги 3 минг экан”, дея гап бошлагандим, ҳайдовчи “сиздан беш минг оламан”, деса бўладими. Сабабини сўрадим. Йўлкира шаҳар ичкарисида 3 минг сўм экан, аммо Кармана шаҳар ташқарси ҳисобланар экан, бунинг устига биз жойлашган меҳмонхона шаҳарнинг янги қисмида экан, у ерга кирган ҳайдовчилар адашиб қолиши мумкин экан. Қойил, шаҳардаги ўзгаришларга такси ҳайдовчисининг берган баҳоси менга ёқди: “Кирсангиз адашиб қоласиз”.

Дарҳақиқат, Навоий қатьий режа асосида қурилган республикамиздаги ягона шаҳар бўлса керак. Шаҳарликлар мустақилликдан аввал қурилган бино ва йўлларга ўрганиб қолишган. “Навоий-Сити” эса ҳақиқий мўъжиза. Буни вокзалдан шаҳарга кираверишда ҳам кўрсак бўлади. Чап томон эски Навоий, ўнг томон эса янги Навоий. Шаҳарда ҳовлилар деярли йўқлиги сабаб “снос” муаммоси ҳам йўқ.

Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳри

Ғозғон шаҳри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан расман 2019 йил 3 май куни ташкил топган. Майдони 59,4 минг гектарни, аҳолиси эса 8,4 минг кишидан иборат. Ушбу ҳудуд Марказий Осиёдаги пардозбоп тошлар, хусусан гранит ва мармар йирик захираларига эга энг бой ҳудуд саналади. Ғозғон шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари” тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда.

Биз ҳудуддаги энг йирик корхона — “Мармаробод” кластер корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ва жараёнларини кўздан кечирдик. Биз ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларни, ишлаб чиқариш жараёнини ўз кўзимиз билан кўрдик. Ҳозирги кунда “Мармаробод” кластер корхонасига тегишли 2 та карьерда янги ускуналарда гранит тошларни замонавий усулларда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда корхонада 400 нафар маҳаллий ёшлар уч сменада иш олиб бормоқда.

Замонавий технологиялар мармар тошларга ишлов бераётганини кўришнинг ўзи бир мўъжиза. “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмида айтилганидек, “техника мўъжизасини кўрганман-у”, аммо Ғозғон мўъжизасини биринчи кўришим.

Жума куни кўринадиган тилла балиқлар

Нурота туманида амалга оширилаётган лойиҳалар, кенг кўламли ободончилик жараёнлари катта қизиқиш уйғотди. “Чашма” меъморий мажмуасида олиб борилаётган беқиёс бунёдкорлик жараёнлари олдида лолман. Очиғини айтиш керак, тарихий ёдгорликлар таъмири масаласида сал инжиқроқман. Кўп жойларда таъмирлаш ишлари қўл учида олиб борилади. Аммо Нуротада бутунлай бошқача манзарани кўрдик. Зиёратчилар учун ҳамма нарса муҳайё қилинган. Қадимий обидалар таъмирланишида маъсулият билан ёндашилгани шундоққина кўриниб турибди.

Айниқса, одамларга фақат жума куни кўриниш берадиган балиқларни кўрганимдан ўзимни бахтли сездим. Нуротадан руҳат тетиклашган ҳолда қайтдик.

Нимага танқид нишонига айландим

Навбаҳор туманининг “Қалқонота” маҳалласида ташкил этилган “Навбаҳор касаба чеварлари” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишдик. Мазкур замонавий тикувчилик фабрикасида 100 нафардан зиёд хотин-қиз фаолият юритмоқда. Жойлардаги ислоҳотларнинг самарасини мана шу корхонада фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг дилидаги мамнунликдан ҳам билса бўлади. Шу ерда суратга тушиб, шу заҳоти ижтимоий тармоқларга жойлаштирдим. Корхона маҳсулотлари ҳақида мутлроқо гап йўқ эди. Кимдир қитмирлик қилгиси келдими, ё қонуни яхши билмайдими, “рекламамасми уста” деб ёзибди. Яна бири эса унга жавобан “Жарима қилмас ахир. Бир қошиқ қондан кечишар…” дебди.

Уларга Норқобил Жалил муносиб жавоб қайтарди: “Жаримаям кам, камида юз баравар минималка ёздириш керак шу журналистга. Сабаби, бу одам миллиардларни ўмараётган нафси ўпқонларга ўхшамагани учун жазоланармиди. Хайриятки, қанча ишсизларни ишли қилган шу корхона чиқарган майка трусикни қўлига ушлаб тушса, уриб ўлдирардикда!”

Мен эса қуйидагича жавоб қайтардим: “Дўстим, бу ҳазилми ё рост? Афсус, кўпчилик «Реклама тўғрисида»ги қонунни билмайди. Жавоб ёзмоқчим эмасдим-у, бир неча сабаблар туфайли ёзишга қарор қилдим. Биринчидан корхона 100 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. Иккинчидан, корхона маҳсулотини реклама қилмадик. Учинчидан, маҳсулотлар хорижга экспорт қилинади. Тўртинчидан, «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остидаги маҳсулотларни ўзбек борки реклама қилиши керак. Бешинчидан, бу корхонадан битта майка ҳам олмадик, тузини ҳам тотиб кўрмадик. Олтинчидан бу Пресс Тур. Журналист ўзи ҳоҳлаган нарсасини ёритади”.

Вокзалда ўтказилган матбуоти анжумани

Пресс-тур якунида вокзалда журналистлар билан вилоят ҳокими Қобилжон Турсунов ўртасида самимий суҳбат бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими амалга оширилган ишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтди ва пойтахтдан келган меҳмонларнинг таассуротлари билан қизиқди. Журналистлар вилоятдаги ўзгаришларни алоҳида таъкидлаб, иқтисодиёт билан бирга маънавий-маърифий соҳа ҳамоҳанг юксалиб бораётганлигига урғу бердилар.

Шу кунгача ОАВ вакиллари билан аъло даражада фаолиятни йўлга қўйган Фарғона вилоят хокимлигининг матбуот хизмати ҳақида фақат ижобий фикрни айтиб келардим. Энди Навоий вилоят хокимлигининг матбуот хизмати ҳақида шу фикрни айта оламан. Хокимлик матбуот котиби Дилшод Мамаражабов икки кун бизга ҳамроҳлик қилар экан, унинг тафаккури юксак эканлигига амин бўлдим. Бу ҳақда ҳокимга ҳам айтдим.

Оддий одамларнинг дилидаги хурсандчилик жойларда ҳаёт сифати ўзгараётганидан далолат беради. Биз, Навоий вилоятида ана шундай ўзгаришлар бир неча баробар жадал амалга ошаётганлигини кўриб, гувоҳи бўлдик. Нафақат янги-янги корхоналар ва бошқа объектлар мисолида, балки одамларнинг кайфиятидан ҳам буни билса бўлади.

Буюк бобомиз Алп Эр Тўнга (Афросиёб) вақтнинг қадрига етган. Унинг номи билан аталувчи поезд ҳам вақтнинг қадрига етади — Навоий шаҳрида атиги 3 дақиқа тўҳтаб ўтади. У ҳеч кимни, ҳатто вилоят ҳокими билан суҳбатлашаётган журналистларни ҳам кутмайди. Соат 16.20да залдан перронга чиқдик. 16.24да “Афросиёб” келди.

Биз билан ҳайрлашар экан, Қобилжон Турсунов, “Ўзингизни, саломатлигингизни асранг” деди. Мен бу сўзларни яқиндагина касалликни енгган инсоннинг гапи сифатида қабул қилдим. Поезд қўзғалганида вагон ойнасидан қарасам, Навоий вилоят ҳокими бизларни қўл силтаб кузатиб қўяётганига кўзим тушди.

Навоий вилоятидан меҳр билан қайтдим. Ҳокимнинг Ойбек қаламига мансуб “Навоий” романини совға қилиши бу алоҳида мавзу.

Шарофиддин Тўлаганов