Биз қурдирган иморатларга боқ…

2020-12-14T09:37:12+05:0014 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмига йўлим тушди. Асқад Мухтор тасвирлаган “жин кўчалар”, эгри-бугри муюлишлар, пастқам иморатлар бўйлаб кезиб, тарихга тушиб қолгандай ҳис қилдим, ўзимни.

Қайси кўчага бурилманг, бир мўъжаз ёдгорлик ёки обида кўз ўнгингизда намоён бўлади, хонадонлар томи оша ҳовлилардан кўриниб турган туғлар бу ерда қадимий бир қабристон, зиёратгоҳ манзил борлигидан сўзлайди. Обидалар эшиги ёки деворига осиғлиқ кичик лавҳалардаги давлат муҳофазасига олинганлик ҳақидаги маълумотларни кўздан кечириб, озми- кўпми билимга эга бўласиз.

Ёш тарихшунос Шавкат Бобожоновнинг таъкидлашича, ўтган асрнинг 20-йилларида Бухоро амирлигига Фрунзе босқин уюштиргунига қадар эски шаҳар ҳудудида 200 та мадраса (39 таси сақлаб қолинган) 360 та масжид (47 таси омон қолган), 67 та карвонсарой (14 таси сақлаб қолинган) фаолият юритган. Бундан ташқари, 200 та гузар, юздан ортиқ ҳовуз, 20 та ҳаммом ишлаб турган. Улар босқин даврида ва ундан кейин бузилган ёки кўмиб ташланган…

Мана, бобокалонларимиз томонидан барпо этилган ажойиб карвонсарой, унинг ёнида мўмин-мусулмонлар ибодат қиладиган, савоби ўтиб кетганидан сўнг ҳам жаннатга бориб турадиган масжид, ёшлар таълими – келажак учун қурилган улкан мадраса.

Обидаларнинг аксарияти мана шундай илм ёки дин учун хизмат қиладиган иншоотлар бўлганлигидан англаш мумкинки, қадимда бухороликлар том маънода илм-фан тараққиёти ҳомийлари, дину диёнат ҳимоячилари бўлишган. Давлатманд инсонлар ўз хазинасининг бир қисмини албатта масжид ё мадраса барпо этишга сарфлаган. Қушбегилар, элчилар, вазирлар, мирзабошилар томонидан мадраса қурдирилиши, унда таълим берадиган мударрисларга, талабаларга мояналар таъсис этилиши, куз-қиш мавсумларига илм масканини тайёрлаш, доимий равишда керакли жиҳозлар билан таъминлаш, таъмирлаб туриш сингари харажатталаб ишларни ўз гарданига олишнинг сабаби ҳам айнан келажак авлод олдидаги улкан масъулият ҳисси, илм-фанга ҳомийлик қилиш шарафи, савоб умиди бўлса, ажаб эмас. Зеро, тарихшуносларнинг қайд этишича, бу даргоҳлардан улар бирор бир иқтисодий фойда олишмаган.

Майли. Бизга-ку, аждодлардан кўкрак кериб мақтанишимизга арзигулик бебаҳо иморатлар мерос бўлиб қолган. Бироқ ўзимиз келажак авлодга нималар қолдираётганимиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдикми? Бу савол миямда айланиши билан, беихтиёр эски шаҳарнинг бугунги иморатларига кўз ташладим: ҳар қадамда учрайдиган озиқ-овқат дўконлари, малласоч қизнинг сурати туширилган гўзаллик салонлари, ҳали у ҳали бу дарвозанинг тавақасига маълум қилиб қўйилган “Hostel” – меҳмон уйи, икки ё уч қаватли “Hotel” – меҳмонхона, турли алмойи-алжойи безаклар ёпиштирилган емакхона ва яна тижорат мақсадида қурилган қатор маиший хизмат уйлари…

Буларни кузата туриб, Амир Темур бобомизнинг “Бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлсанг, биз қурдирган иморатларга боқ”, деган машҳур сўзлари фақат ҳукмдорларгагина тегишли эмас, балки келиб-кетаётган ҳар бир авлод ўзидан қолдираётган иморатларга нисбат бериб айтилганига ишонч ҳосил қиласан, киши.

– Эски шаҳардаги унутилиб кетган зиёратгоҳларни ўрганишга киришганимизда бир неча авлиёлар хоки қаровсиз қолганига гувоҳ бўлдик, – дейди Шавкат Бобожонов. – Масалан, Равғангарон кўчасида Хожа Аспгардон авлиёси туғи, “Мехчагарон” меҳмонхонаси рўпарасида Хожа Туроб хоки, шунингдек, Хожа Калобод қабри, Ғозиён мадрасаси ёнида Солиҳ Такядор хоки ташландиқ бўлиб қолган, баъзиларининг туғлари аҳоли томонидан ерга йиқитиб қўйилган. Буни ҳам қўя туринг, 33-боғча ҳудуди аслида тарихда динимиз тарғиботчиларидан бири бўлган шахс – Ҳалимуддин Деҳмуний мақбараси ўрнида тикланган. Бу шахс ҳақида Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг “Тарихи Муллозода” (Бухоро мозорлари зикри), шарқшунос олима О.Сухареванинг “Бухоро гузарлари” асарларида маълумот келтирилган. Авлиё қабри боғчанинг ҳожатхона қисмида қолиб кетганига нима дейсиз? Ислом цивилизацияси маркази деб тан олинган шаҳримизда авлиёлар хокига бундай ҳурматсизлик қилиниши қайси мантиққа тўғри келади?

Ёш тарихчи куюниб айтганидек, ўзимиздан бир мерос қолдириш уёқда турсин, борларини ҳам эпини келтириб, асраб-авайлай олмаётганимиз айни ҳақиқат! Биз, шариф шаҳар фарзандлари неча йиллардирки, дунё молларини диёнат устига тўнкариб қўйдик. Илм-маърифатни моддиятга айирбошладик. Келажак олдидаги масъулиятни унутиб қўйдик.

Эски шаҳар… Ғалати уйғунлик – карвонсарой, масжид… Меҳмонхона, магазин… Бу “уйғунлик”нинг маъноси шуки, Бухорийлар авлодлари илму маърифатни бойликка, маънавиятни кўнгилхушликка алмаштиришга улгурди.

Бу нафақат эски шаҳар, балки бутун Бухоро билан боғлиқ ҳодиса, ҳар қадамда тижорат уйларию емакхоналар билан тўқнашасиз. Гуллаб-яшнаган маданият уйлари йўқ ҳисоби, кўп қаватли уйлар олдида болалар майдончалари, спорт ўйингоҳларини бирор саховатпеша обод қилиб берганини деярли учратмаймиз. Чекка бир қишлоқда боғча қуриб, хайр қилган, кексалар учун кичкина гузар ёки чойхона қуриб берган фалончибойлар ноёб бўлиб қолди. Болалар майдончаси қураман деб олинган ерга автотураргоҳ қурган ва ундан жарақ-жарақ пул ишлаётган олғирлар эса қайси Бухорийларнинг авлоди экани номаълум. Акс ҳолда, Бухоронинг обод бўлмаган бир манзили қолмас эди.

Эҳтимол, чин эҳсондорлар ўзларини кўз-кўз қилишни истамаслар. Лекин бир ҳудудда тужжорлик қилаётганлар ўз савдоси улушидан кўчалардаги бир хароба йўлни таъмирлаб қўйса, қадимий обиданинг ёритгичларини алмаштиришга ҳисса қўшса ёки ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда яшаб ўтган авлиёлар хокини муҳофазага олса ҳам, ҳарна-да! Сиз нима дейсиз, азиз муштарий?!

 

Дилдора ИБРОҲИМОВА,

“Бухоронома” мухбири

“Бухоронома” газетасидан олинди