Профессионал журналистикани ривожлантириш – долзарб масала

2020-12-11T05:58:27+05:0011 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Журналист ва ҳаёт”лойиҳаси доирасида Навоий вилоятига уюштирилган медиатур доирасида “Замонавий профессионал журналистикани ривожлантириш:муаммо ва ечимлар”мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Навоий шаҳридаги тўрт юлдузли, яқинда фойдаланишга топширилган “Тинчлик плаза” меҳмонхонасида ўтказилган ушбу тадбирда сўз олган Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов бугунги кунда профессионал журналистикани ривожлантириш янада муҳим, долзарб аҳамият касб этаётганини, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

У таъкидлаганидек, етук журналистларни тайёрлаш, уларнинг билим ва маҳоратини ошириш учун кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозим. “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, соҳа учун кадрлар етказиб берувчи олий ўқув юртларида таълим олаётган йигит-қизларни амалиётга кўпроқ жалб этиш, қизиқишини ошириш, ёш журналистларимизни муносиб рағбатлантириб бориш шулар жумласига киради.

Тадбирда бир гуруҳ навоийлик журналистларга уюшманинг фахрий ёрлиқ ва совғалари топширилди. Медиатур тудбирлари бугун вилоятнинг Ғозғон шаҳри ва Нурота туманида давом эттирилади, бу ҳақда маълумот бериб борилади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати