Аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди

2020-12-10T15:20:15+05:0010 Dekabr, 2020|Жиззах вил.|

Маълумки, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан уюшмага янги аъзоларни қабул қилиш ва аввалги аъзоларига янгиланган намунадаги гувоҳнома ва кўкрак нишонлари топширилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири “Жиззах ҳақиқати”-“Джизакская правда” газеталари таҳририятининг мажлислар залида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими томонидан ташкил этилди. Унга вилоятдаги матбуот ва оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистлар ва фахрийлар таклиф этилди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Жиззах вилояти бўлими раиси Эркин Шерманов табрик сўзи билан очиб, бугунги кунда мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлашда ва жамоатчилик фикрини шакллантиришда журналистнинг ўрни ва аҳамиятига эътиборни қаратиб, бу борада соҳа ходимлари олдида турган вазифалар ҳақида гапирди.

Таъкидландики, собиқ иттифоқ даврида, шунингдек, Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигига эришган дастлабки йилларига қадар вилоятдан 125 нафар уюшма аъзолигига қабул қилинган ижодкорлар фаолият кўрсатган.

Бугун шулардан 29 нафарига янгиланган намунадаги гувоҳнома ва кўкрак нишонлари топширилди.

  • Мен қарийиб 45 йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб келаман, – дейди Жиззах давлат педагогика институти қошидаги “Зиё чашмаси” газетаси бош муҳаррири Абдукарим Шарипов, – тўғриси, бугун кўксимга тақилган кўкрак нишони қаддимни бир қадар юксалтирди. Чунки, шунча йиллардан буён мустақил Ўзбекистоннинг уюшмага аъзолик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ эди. Гувоҳнома ва кўкрак нишонини қўлимга олиб, жамият кўзгуси ҳисобланган журналистика соҳасида қалам тебратаётганимдан фахрландим. Биз устоз журналистлар эндиликда ёшларга ўз тажрибамизни, ҳаёт сабоқларини ўргатишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Нодира Алимова,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг

Жиззах вилояти бўлими мутахассиси.