Танлов ғолиблари тақдирланди

2020-12-09T09:58:31+05:009 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда “Экология мавзусига доир энг яхши мақолалар” танловини эълон қилган эди.

Танловга 2019 йилнинг 31 августидан 2020 йилнинг 30 ноябригача газета ва журналларда чоп этилган, ОАВ сифатида тегишли тартибда рўйхатдан ўтган интернет сайтларида эълон қилинган материаллар 2020 йилнинг 20 ноябрига қадар қабул қилинди ҳамда тажрибали ҳакамлар ҳайъати кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Мазкур танловнинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бугун, 9 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилди.

Кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга совғаларни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Нарзулла Обломуродов ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов тантанали равишда топширди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати