Ўзаро ҳамкорлик асосидаги тадбир

2020-12-09T09:53:51+05:009 Dekabr, 2020|Қашқадарё вил.|

Мамлакатимиздаги нефть маҳсулотларининг кўп қисми Қашқадарё вилоятида ишлаб чиқарилади. Шўртангазкимё мажмуаси, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси вилоятдаги йирик саноат корхоналаридан биридир. Ушбу корхоналардаги ишчи ва инженер-техник ходимларнинг самарали меҳнатлари туфайли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бормоқда.

Корхоналар фаолияти ҳақидаги ахборотни аҳолига холис етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамкорлигида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист-блогерлар иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Журналистлар ҳамда блогерлар дастлаб Шўртангазкимё мажмуасида бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.

«Шўртангазкимё» мажмуасининг ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Ўктам Исаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда жамоада меҳнат қилаётган 3800 нафар ходимнинг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Корхонада тозаланган газ, суюлтирилган газ, газ конденцати, полиэтилен, олтингугурт ишлаб чиқарилади. Бу борада барча кўрсатгичлар бўйича ўн бир ойлик режа 110 фоизга бажарилди. Эндиликда мажмуани кенгайтириш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

Лойиҳа қиймати 49,0 млн доллар ҳисобланган “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида учта пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасининг қурилиш-монтаж ишларини ўз вақтида амалга ошириш учун пандемия даврида ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилинган ҳолда барча кучлар сафарбар қилиниб, қурилиш ишлари тўхтамади. Лойиҳадаги мавжуд пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмаларида йилига қўшимча 61,0 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ишлаб чиқаришга, бунинг асосида ички бозорда ушбу маҳсулотга ошиб бораётган талабни қондиришга қаратилганлиги журналистлар ҳамда блогерларга тушунтирилди.

Шўндан сўнг, тадбир иштирокчилари Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг 40 йиллиги муносабати билан ташкил этилган музей фаолияти билан ҳам танишдилар. Музейдан бошқарма фаолиятига доир маълумотлар, амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида тўлиқ маълумотлар олиш мумкин. Пресстур давомида иштирокчилар бошқармадаги дестпетчерлик хизмати билан ҳам танишиб, унинг фаолияти ҳақидаги барча саволларга мутахассилардан жавоб олдилар. Бу ерда автоматлаштириш жараёнлари қандай бажарилганлиги мисоллар асосида намойиш қилинди. Иштирокчилар табиий газ қазиб чиқариш ҳолатини ўрганиш мақсадида “Шўртан” конидаги қудуқларда амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Бошқарманинг Нефть ва газ конларини ишлатиш бўлими бошлиғи Баҳодир Очилов, “Шўртан” кони бошлиғи Элёр Ҳамроевлар кондаги мавжуд қудуқлардан табиий газ қазиб олиниши, қазиб олиш жараёнида қандай ишлар амалга оширилишини тушунтириб, кон ҳамда мавжуд қудуқлар фаолияти ҳақида маълумот беришди. Пресс-тур иштирокчилари 57-сонли қудуқда машаққатли меҳнат эвазига табиий газ қазиб чиқарилаётганининг гувоҳи бўлдилар.

“Шўртан” конидаги 380-сонли қудуқда 2850 метр масофадаги чуқурликда бурғулаш ишлари олиб борилаётгани журналист ва блогерларни бефарқ қолдирмади. Бурғулаш ишларининг қандай бажарилиши, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, ишчи-ходимларнинг меҳнат қилаётганлиги каби саволларга мутахассислар батафсил жавоб қайтаришди. Шунингдек, “Шўртан” конидаги 322-сонли қудуқда 3050 метр чуқурликда тўла таъмирлаш олиб борилаётганлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юртимизда саноатни жадал ривожланаётганлиги, қишда хонадонларимизнинг иссиқ бўлиши, автотранспортларнинг ҳаракатланиши, барча юмушларни бажариш табиий газ қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш жараёнлари билан бевосита боғлиқ. Бунда албатта “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг юртимиздаги мард ва жасур 50 мингга яқин фидойи ишчи-хизматчиларининг, муҳандис ва чилангарларнинг хизмати беқиёс. Бу борада соҳа ходимларининг машаққатли меҳнатларини алоҳида таъкидлаш лозим.

-Ўзаро ҳамкороликда ташкил этилган пресс-турдан кўзланган асосий мақсад-«Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги корхоналарда табиий газнинг қазиб чиқарилиши ва уни қайта ишлаш ҳолатини ўрганишга бағишланди,-дейди «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати раҳбари Сиёвуш Хошимов.-Бу каби тадбирларни келгуси йилда ҳам ташкил этиш режалаштирилади. ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Шавкат СУЛТОНОВ,

ЎЖИУ Қашқадарё вилоят бўлими

«Фахрийлар кенгаши» раиси.