Коррупцияга қарши курашда биржанинг ўрни

2020-12-04T12:31:53+05:004 Dekabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун Республика товар-хом ашё биржасида “9 декабрь–Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбирда журналистлар, блогерлар, тадбиркорлар ҳамда товар ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад, журналистларни биржа фаолияти билан яқиндан таништириш, унинг очиқлиги, жамоатчилик ва фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, биржа фаолиятида коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини яқиндан таништиришдан иборат бўлиб, келгусидаги вазифалар ҳам белгилаб олинди.

Тадбирни товар хом-ашё биржасининг назорат ва ахборот хавфсизлиги бўлим бошлиғи Алишер Уринов олиб борди. Дастлаб у иштирокчиларини ўтказилаётган тадбирдан кўзланган мақсад, журналистлар билан доимий ҳамкорлик масалалари ва бу борадаги режалар ҳусусида қисқача тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг сўз олган Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Зулфиддин Камолов охирги йилларда биржа савдолари бўйича очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашда биржанинг тутган ўрни ва роли ҳақида сўз юритди.

–Биржа нафақат бозор иқтисодиётининг муҳим инфратузилмаси балки, хуфиёна иқтисодиёт ва коррупция элементларини бартараф этишнинг самарали воситаси ҳам ҳисобланади. Бунда шаффофолик ва ошкоралик замонавий IT-технологиялар ёрдамида биржанинг барча савдо тизимларида, биржа савдолари ва онлайн-аукционларнинг ҳар бир босқичида таъминланади,–деди Зулфиддин Камолов.

Тадбир давомида республика товар-хом ашё биржаси фаолияти тўғрисида видеоролик намойиш этилди ҳамда Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан тайёрланган тақдимот ҳам ўтказилди. Тақдимот “таклиф қилма, қабул қилма, коррупцияга йўл йўқ” мавзусида бўлиб, коррупция ўзи нима, унинг хавф-хатари, ҳуқуқбузарликлари, манфаатлар тўқнашуви, унинг таҳдиди ва шахсий манфаатлар каби муносабатларни қамраб олди. Унга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият, ҳар бир фуқаро ўзини масъул деб билиши кўрсатиб ўтилди.

Тадбир якунида журналистларни қизиқтирган саволларга биржа мутахассислари томонидан жавоб берилди ҳамда муҳмонларга биржа фаолиятини яқиндан таништириш учун махсус экскурсия уюштирилди.

 

Ислом АСИЛБЕКОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.