Матбуот анжумани: ягона миллий меҳнат тизими талаб-меъёрларига бағишланди

2020-11-27T05:56:12+00:0027 Noyabr, 2020|Бухоро вил.|

Мамлакатимизда электрон ҳукуматни ривожлантириш ва модернизация қилиш, аҳоли мурожаатларини кўриш жараёнининг шаффофлиги ва оптималлашувини таъминлаш, фаол тадбиркорликни рағбатлантириш, шунингдек, инвестицион иқлим ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган давлат хизматларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча соҳада рақамли технологиялардан фойдаланиш тажрибаси кенгайиб, инсон омили иштироки қисқартирилмоқда. Бунда ижтимоий-меҳнат соҳасида ҳам муайян чора-тадбир ишлаб чиқилган.

Президентимизнинг 2019 йил 31 октябрдаги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан бугун вилоят Бандлик бош бошқармаси тизимида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга бағишлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда бошқарма бошлиғи Анвар Ҳамроев йиғилганларга “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат мажмуининг афзалликлари, тармоқ ходимлари ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланганидек, шу йил январь-ноябрь ойларида “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида 31 минг 134 та юридик шахс ва 293 минг 892 нафар жисмоний шахс рўйхатдан ўтказилган бўлса, бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам талайгина. Масалан, иш берувчилар томонидан тизимга ишчи-ходимларнинг олдинги иш жойлари, диплом ёки шахсий ҳужжатларига оид маълумотларни киритишда ноаниқлик ва тартибсизликлар учрайди. Бундан ташқари, солиқ базасига мувофиқ корхоналарда ишловчи 16 минг 106 нафар жисмоний шахснинг меҳнат муносабатларига оид маълумотлари киритилмаган. Бунга сабаб эса пандемия вақтида кўплаб корхоналарнинг фаолиятида узилишлар қайд этилганидир.

Вилоят Бандлик бош бошқармасининг меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўлими бошлиғи Замир Ортиқбоев томонидан “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси тизимида шу кунга қадар жами 47 та меҳнат жамоасида олиб борилган мониторинг натижалари хусусида ахборот берди.  Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот восталари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.

 

Ш.ОЧИЛОВ.

ЎЖИУ вилоят бўлими мутахассиси