Энергия таъминотидаги узилишларнинг бош сабаблари нима?

2020-11-26T05:53:46+05:0026 Noyabr, 2020|Навоий вил.|

Маълумки, қиш мавсумида аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ортади. Хусусан, Навоий вилоятида энергияга бўлган эҳтиёж одатда 900-950 мегаватт соатни ташкил этади. Бу рақам қиш ойларида 1200 мегаватт соатга бориши мумкин. Натижада электр тармоқларида кучланишнинг ортиши аварияларга — таъминотнинг кутилмаганда узилиб қолишига олиб келади. Бу эса табиий равишда аҳолининг эътирозларини келтириб чиқармоқда.

Юзага келаётган шу каби ҳолатлар фуқароларнинг нафақат масъул идоралар, балки ОАВга ҳам кўплаб саволлар билан мурожаат қилишига сабаб бўляпти. Бунга ойдинлик киритиш ва аҳолини ҳақиқий ҳолатдан хабардор қилиш мақсадида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида ўтказилган тадбирда 15 га яқин республика ва маҳаллий ОАВнинг вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, акциядорлик жамиятининг иқтисод ва молиявий масалалар бўйича директори Бобир Исломов ҳамда техник масалалар бўйича директор Ойбек Райимов корхона томонидан таъминотни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.

АЖ томонидан жорий йилда 3665 километр ҳаво электр узатиш тармоқлари, 55 дона подстанция ҳамда 946та трансформатор пунктлари жорий ва мукаммал таъмирланган. 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли истеъмолчиларини электр энергия билан таъминлашда узилишларнинг олдини олиш мақсадида корхонада 25 дона ҳар хил қувватли трансформатор пунктлари ва 10 тонна трансформатор мойи захираси яратилган. Бундан ташқари, вилоят ҳудудидаги 1190,2 километр узунликдаги 0,4-10-35 киловатт кучланишли электр узатиш тармоқлари тегиб турган дарахт шохларидан тозаланмокда. Аварияларни зудлик билан баратараф этиш учун 42 та бригада тузилган. Ҳозиргача вилоятдаги 60 фоиз ҳисоблагичлар электр-энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимидаги янгисига алмаштирилган бўлса, йил охиригача бу борадаги ишлар тўлиқ якунланади.

Матбуот анжуманида журналистлар электр тармоқларидаги тез-тез узилишлар, бу ҳақда истеъмолчиларни олиндан хабардор қилиш, уларга етказилган зарарни қоплаш, эскирган симёғочлар масалаларидаги саволларга батафсил жавоблар олишди.

  • Бизга асосан чекка ҳудудлардан мурожаатлар кўп, – дейди “Марказий студия” информацион-шоу дастури мухбири Азиза Абдурасулова. – Жойларда ўрганишлар олиб борганимизда эса симёғочларнинг қўлбола усулда одамларнинг ўзи томонидан тайёрланиб ўрнатилгани, талабга жавоб бермаслигига гувоҳ бўламиз. Бу каби симёғочлар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан бетон асосли симёғочларга алмаштириладими-йўқми?

Мазкур ҳолатлар юзасидан АЖ мутасаддилари корхона негизида темир-бетон симёғочлар ишлаб чиқариш цехи фаолияти йўлга қўйилаётганлигини маълум қилишди. Бугунги кунда талабга жавоб бермайдиган симёғочлар юзасидан ўрганишлар олиб борилаётган бўлиб, келгусида корхона ҳисобидан босқичма-босқич улар тўлиқ янгисига алмаштирилади.

  • Муаммолар ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг истеъмол ҳажмига нисбатан камлиги билан ҳам боғлиқ, – дейди Б.Исломов. – Бироқ, биз электр энергия истеъмолида тежамкорликка риоя қилишимиз керак. Албатта, давлатимиз томонидан янги станциялар қуриш борасида жадал ишлар амалга оширилмоқда. Аммо, истеъмол маданияти юксалмаса муаммолар кўлами келгуси йилларда ҳам камаймайди.

Бир сўз билан айтганда, электр таъминотини яхшилаш аҳолининг ва мамлакатнинг ҳам иқтисодий фаровонлигида муҳим омил саналади. Бу борадаги ислоҳотларни эса фуқароларга тўғри тушунтириш, қолаверса электр таъминотини яхшилаш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар ижросида жамоатчилик назоратини олиб боришда ОАВ вакилларининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси.