Фахрий журналистларга янги намунадаги гувоҳномалар ва кўкрак нишонлари топширилди

2020-11-26T05:41:36+05:0026 Noyabr, 2020|Навоий вил.|

Бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан уюшмага янги аъзоларни қабул қилиш ва эски аъзоларга янги намунадаги гувоҳнома ҳамда кўкрак ишонларини топшириш ишлари давом этаяпти.

Худди шундай тантанали тадбир 25 ноябрь куни Навоий шаҳридаги “Коворкинг” марказида Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими томонидан ташкил этилди. Унда вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

Тадбирни Уюшма вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов кириш сўзи билан очиб, бугунги кун журналисти олдида турган долзарб вазифалар ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида фикр билдирди. Айни пайтда таҳририятларда фаолият олиб бораётган ёш журналистлар тезкорлик ва аниқлик талаб этилаётган бугунги давр талабига мос бўлиш баробарида соҳада катта тажрибага эга устоз ижодкорлар фаолиятидан ибрат олиш лозимлиги ҳам алоҳида таъкидлади. Хусусан, холис ва долзарб ахборот тайёрлаш муҳим масалага айланган ҳозирги даврда нафақадаги фахрий журналистлар салоҳиятидан ҳам унумли фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди. Шундан сўнг, уюшмага аъзо 15 нафар фахрий журналистга янги гувоҳнома ҳамда кўкрак нишонлари тантанали равишда тақдим этилди.

– Бугунги кунда вилоятдаги 40 дан ортиқ босма ва электрон таҳририятларда 200 нафардан ортиқ ижодий ва техник ходимлар фаолият олиб бормоқда, – дейди “Халқ сўзи” газетасининг Навоий вилояти бўйича мухбири Темур Эшбоев. — Шунингдек, вилоятда матбуот хизмати соҳасида ҳам 30 нафардан ортиқ мутахассис иш юритяпти. Улар асосан ёшлар. Уларнинг малакасини оширишда забардаст ижодкорлар тажрибасидан самарали фойдаланиш лозим. Боиси, Навоий вилоятининг ўзига хос журналистика мактаби бор. Бугунги қалами ўткир кўпгина ёш журналистларимиз ҳам ана шу мактаб вакили.

– 1994 йилгача Навоий вилоятидан 60 нафардан зиёд журналист уюшма аъзолигига қабул қилинган бўлса, ўтган даврда аъзолик масаласи тўхтаб қолган эди, – дейди фахрий журналист Иброҳим Жумаев. – Уюшмага аъзо бўлган айрим устоз ижодкорлар вафот этиб кетди. Янги аъзоларни қабул қилиш ишлари бошлангани яхши, албатта. Фахрийларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганидан мамнунмиз. Бугун янги гувоҳномаларни олдик. Бу эътибордан кўнглим кўтарилди.

Тадбир якунида устоз ижодкорлар ва ёш журналистлар ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида таҳририятларда “Устоз-шогирд” анъаналарини йўлга қўйиш, кекса ижодкорларни “Маънавият соатлари”га жалб қилиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Уюшманинг вилоят бўлими қошидаги “Фахрий журналистлар Кенгаши” томонидан бу борада алоҳида учрашувлар ташкил этилиши белгиланди.

Озод МУСТАФОЕВ,

ЎЖИУ Навоий вилояти

бўлими мутахассиси