Қоракўлдан таралган зиё

2020-11-13T09:08:17+05:0013 Noyabr, 2020|Бухоро вил.|

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида қоракўллик муаллимлар хизматига ҳам юқори бахо бериб ўтдилар:

«Оққаy дарё окаверади”, дейди доно халқимиз. Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд, дейишга тўла асосимиз бор. Ҳамма гап ҳам ана шу имкониятлардан қай даражада фойдалана олишимизга боғлиқ.

Бу фикрларга бир мисол келтирмоқчиман.

Биласизлар, Қоракўл туманида ҳаммамизга маълум бир мактаб бор. Бу мактабни машҳур қилган фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаев номини ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги таълим методикаси билан оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, ушбу мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас эди.

Бугун ушбу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиги олий ўқув юртларига ўқишга киряпти. Халқаро олимпиадалардан энг кўп медаль олиб келаётганлар ҳам айнан шу мактабнинг ўқувчилари ҳисобланади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахт Тошкентдан ҳам одамлар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ана шу мактабга ўқишга беряпти.

Биз бу таълим маскани эришаётган катта ютуқларни инобатга олиб, ўтган йили уни Халқаро математика мактабига айлантирдик.

Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди.

Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунаввар қориси…»

Президентимизнинг бу каби ҳар бир сўзларини жон қулоғим билан эшитар эканман, жадидчи буюк маърифатпарварларимиз Абдулла Авлоний, Мунаввар Қори, Маҳмудхўжа Бехбудийларнинг номлари тилга олинганда сергак тортдим. Улар орадан сал кам 100 йил вақт ўтиб “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланганларини эшитиб тамоғим тўлишиб, кўзларимдан севинч ёшлари беихтиёр ёноғимга ўрмалади… Ўзимча». Хайрли ишнинг кечи бўлмас эканда?»-деб турганимда, кўҳна дўстим Тўхтамурод Жумаев исму шарифи йўқланди ва ул зот ҳам худди шундай «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани эътироф этилди. «Бизнинг жадидчи!» «-хаёлимдан ялт этиб ўтди», менинг…

Дарҳол ҳамсалаф дўстларим, «Қоракўл садоси” газетаси бош муҳаррири Олимжон Тангриев ва газетанинг фахрийси Сайли Бозоровлар билан уландим. Улар ҳам аллақачон бу хушхабардан воқиф бўлишган экан, қувончлари ичларига сиғмасди. Маслаҳатни бир жойга қўйиб, индинга домлани бориб табриклашга келишдик. Шу куни биз билан кетма-кет Тошкент шаҳридан ҳам меҳмонлар келиб қолишди. Дарвоза олдида танишдик: Тошкент вилоят ҳокими Рустам Холматов ташаббуси билан Қоракўлга келишган Оҳангарон шаҳар ҳокими Акрам Эшонқулов ҳамда шаҳар Халқ таълими бўлими мудири Зуҳриддин Деҳқоновлар экан. Улар бир кун олдин 9 та умумтаълим мактаблари раҳбар ва математика ўқитувчилари билан келишиб, академик лицей ҳамда «Халқаро математика мактаби”нинг Тўхтамурод Жумаев яратган иш услуби билан танишишга улгуришибди. Бугун эса домла зиёратига келишган экан.

Ҳамиша ва ҳамма учун очиқ дарвозадан ҳовлига қадам босдик. Бизларни юзларидан нур ёғилиб турган қаҳрамонимиз, у кишининг турмуш ўртоқлари Зумрад опа ва набиралари очиқ юз билан кутиб олишди.

Салом-аликдан кейин, бир пиёла чой устида Оҳангарон шаҳар ҳокими Акрам Эшонқулов Тўхтамурод Жумаевнинг Оҳангарон шаҳри фахрий фуқаролигига қабул қилинганлик «Ҳужжати»ни топширди. «Ўқитувчилар ва мураббийлар куни»дан атига икки кун ўтиб, шунча олис йўлдан етиб келган меҳмонларга бўлган ҳурматимиз чексиз эди, албатта…

Шўро тузуми «комага» тушган кезлар, иқтисодиёт инқирозга учраган, бир ойлик моянага аранг бир халта ун берарди. Тўхтамурод Жумаевни эса иқтидорли болалар учун интернат мактаби очиш хаёли кечаю кундуз тарк этмайди. Ахири турмуш ўртоғи Зумрад опага маслаҳат солди. Улар ҳамтенг, ҳамфикр, мактабда бирга ўқиб турмуш қуришган. Икки ўғил, уч қизни биргаликда тарбия қилишган, фақатгина нуридийдалар боис олий маълумотли бўла олмади.., албатта тушунади.

Зумрад опа ҳам турмуш ўртоғининг фикрини қўллаб-қувватлади. Арзонгаров сотиб юборилган кўҳнагина «Жигули” пули ҳаш-паш дегунча сойга тушган тошдай сарф бўлиб кетди. Ахир, рухсатнома учун неча марталаб Тошкентга бориб келиш, ҳужжатларни тайёрлаш ўз-ўзидан бўлмас эди, ўша кезлар. сансоларлик, буйруқбозлик, қоғозбозлик авжига чиққан, «ит эгасини танимас» эди…

Тўхтамурод аканинг хомуш ўтирганини кўрган Зумрад опа, молхонадаги соғин сигирни сотишга рози бўлди. Начора…

Уларга 8-сонли мактабга ёндош эски бинони беришди. Борига барака, дея таъмирлаб, 1990-91 ўқув йилига шай қилишди. Илк шогирдлари Темир Рўзиев, Ҳазрат Рахимов, Исмат Шукуров ҳозирда лицей директори Foлиб Жумақуловлар қанотига киришди. Энди болаларни жалб қилиш қолганди. Буни қаранг-ки «интернат мактабда етим болалар ўқирмиш…»-деган гап тарқаб, ҳеч ким ўзича келмади. Энди уйма-уй юриб, ота-оналарга тушунтиришга, болалар билан суҳбатлашишга тўғри келди. Бир амаллаб, дастлабки қалдирғочларни тўплашга эришилди.

Бу орада юртимиз истиқлолга эришиб, ишлар анча юришиб кетди. илк битирувчиларнинг аксари қийналмасдан, юқори баллар билан Давлат гранти асосида талаба бщлишгач, бу интернатга кириш олийгоҳга киришдан ҳам қийин бўлиб қолди. Ҳозирда ўша илк қалдирғочларнинг аксари юқори мартабали давлат ва жамоат арбоблари, олимлар, шифокорлару муаллимлар. Жаҳон буйича ўтказилган фан олимпиадаларидан нақ 70 нафар ўқувчилар турли қийматдаги медаллар билан қайтишди.

Президентимиз рағбати билан Ўзбекистонда илк бора «Халқаро математика мактаби” очилди. Унга Тўхтамурод Жумаевнинг содиқ шогирдларидан Темир Рўзиев бош бўлди. Таъсис йиғилишида бир овоздан Тўхтамурод Жумаевни ушбу билимлар масканига «Фахрий директор” қилиб сайлашди. Ҳатто хорижий билим дарғаларини жалб қилишга рухсат берилди. Бунинг натижаси ўлароқ 2019-2020 йилда битирган 48 нафар ўқувчидан нақ 48 таси юқори баллар билан, аксарияти давлат грантлари асосида олийгоҳларга қабул қилиндилар. Домланинг шогирдларидан бўлмиш химия-биология фани ўқитувчиси Дилбар Ғойибова «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ, хайрлидир»-дея ёзади буюк адибимиз Абдулла Қодирий ўзининг «Ўткан кунлар» романининг муқаддимасида. Яқин мозийга назар ташлаб домла ҳаёт йўли билан қисқача танишсак:

Жумаев Тўхтамурод Муртазаевич 1945 йил 15 августда Қоракўл туман (ҳозирда Олот тумани ҳудуди). “Юқори қоровул” қишлоғида таваллуд топган. 1962 йил Бухоро педагогика олийгоҳининг математика куллиётига сиртдан ўқишга кириб, 1967 йилда тугатган. Меҳнат фаолиятини 1961-йилда 10 мактаб ёшлар етакчиси ва бошланғич синф ўқитувчилигидан бошлаган.

1990-2009 йилларда 1 сонли ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернатида директор, 2009 йилдан 2016 йилгача БДУ қошидаги академик лицей директори., 2016 йилдан то ҳозиргача академик лицей ва «Халқаро математика мактаби” фахрий директори.

1991 йилда «Халқ маорифи аълочиси” нишони, 1995 йил Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси унвони, 2005 йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, 2020 йил «Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби. Бундан ташқари домла қирқдан ортиқ турли даражадаги фахрий ёрлиқлар, нишонлар олган, 1999 йилдан Ўзбекистон математиклар жамияти аъзоси. 100 дан ортиқ илмий мақолалар, ўнлаб услубий қўлланмалар муаллифи. Ҳозиргача у киши раҳбарлик қилаётган академик лицей ва «Халқаро математика мактаби” ўқувчиларидан 1500 га яқин олийгоҳларга юқори баллар билан қабул қилинган ва аксарияти етук мутахассислар бўлиб фан, маданият, халқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатиб, ўз раҳбарлик, илмий, маънавий қобилиятларини намоён қилмоқдалар. Алқисса улар учинчи ренессанснинг таъмал тошини қўйишмоқда.

Устознинг 70 йиллик юбилейлари ва академик лицейнинг 25 йиллиги арафасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатан маданият ходими, таниқли шоира Хосият Бобомуродова билан биргаликда устоз фаолиятига бағишланган «Саккизинчи мўжиза» китобини чоп этишга мушарраф бўлдик. Шу жараёнда Тўхтамурод ака билан кўп бора суҳбатлашиб, атрофлича танишишга тўғри келди. Бир гал борганимда Тўхтамурод ака юмшоқ бошмоқ кийиб, оҳиста юрганларига қия очилган эшикдан синфларга мўралар, муаллимларнинг дарс бериш савиясига қулоқ осардилар.

Энг қизиғи, бир синфга бирга кирганимизда, муаллим учун ўтириш курсиси йўқлигидан ҳайратга тушдим. Фикримни ўқиган домла: – бу тасодифий эмас, барча синфларда шундай,-дея изоҳ берди…

Саккизинчи мўъжиза китобининг тақдимотига борганимда, Хосият Бобомуродова ва менга шахсан таклифнома бериб, «дўстлар билан бирга келинг»-дея қўшиб қўйдилар. 2015 йил августида лицей стадионида ажойиб тадбир бўлди. Мен эски қадрдоним, адабиёт ихлосманди Ҳазрат ака Умаров билан бирга бордим. Тошкентдан келган Бобомурод Ҳамдамов гуруҳи хизмат кўрсатиб, туманимизнинг «Феруза» ансамбли уларга ҳамнафас эди. Вилоят, туман раҳбарлари келишган, энг қизиғи етти-саккизта вилоят халқ таълими бўлими раҳбарлари ҳам ташриф буюришган, юбилярнинг юзга яқин шогирдлари тик оёқда туриб, хизмат қилишарди. Ўша йил охирида домла оғир дардга чалиндилар. Операция бош мияда ўтказилди. Ҳар тунда ўнлаб шогирдлари далда бўлиб, навбатчиликда турганларини кўриб, шифокорлар лол қолиб, таҳсин айтганлар…

Яратганнинг имдоди, шифокорлар тадбиридан Тўхтамурод ака оёққа турдилар ва ҳозирда тетик, соғ-саломатлар…

Муаллими аввал ҳисобланмиш Арастудан кейин юртимиздан етишиб чиққан Абу Наср Фаробий иккинчи муаллим-муаллими соний дея ҳануз эътироф этилади. 70 дан ортиқ тилни мукаммал билган, ўша даврдаги фанларнинг деярли барча соҳаларида фаолият кўрсатган энциклопедик даҳо олим Турон заминда биринчи ренессансни бошлаб берган ва шу ўрамдан ибн Сино, Беруний, Ал-Хорозмий, Бухорийлар етишиб чиққан эди. Иккинчи рeниссансни соҳибқирон Амир Темур бобомиз бошлаб берган бўлиб, бу жараёнда Улуғбек, Бобур Мирзо, Алишер Навоийлар буй кўрсатишди. Учинчи ренессанс уруғлари cерунум Қоракўл заминида ташланди ва иншо Оллоҳ яқин келажакда бутун Ўзбекистон диёри бўйлаб қанот ёзажак.

Энг қизиғи, ҳар 700 йилда бир маротаба Қирон-коинот буржи юз кўрсатаркан. Шу буржда милодий 570 йилда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дунёга келганлар, 1336 йилда эса Жаҳонгир бобомиз, Амир Темур таваллуд топганлар. Яна 15 йилдан сўнг Соҳибқирон бобомиз таваллудига 700 йил тўлади ва янги Қирон буржи киради. Шу бурж остида туғилган ўғил-қизлар соҳибқиронлар бўлишади.

Ишончим комилки яқин келажакда бизнинг юртимиздан яна навқирон Фаробийлар, Харазмийлар, Берунийлар, Бухорийлар, Ибн Синолар, Амир Темурлар, Улуғбеклар, Бобурлар, Навоийлар етишиб чиқажак!

 

Муҳаммад Пирриев

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Олим Тангриев

«Қоракўл садоси» газетаси бош муҳаррири