Журналистлар учун пресс-тур

2020-11-10T11:37:01+05:0010 Noyabr, 2020|Бухоро вил.|

2020-2021 йил куз-қиш даври муваффақиятли ўтиши юридик ва аҳоли истеъмолчиларининг кўмирга бўлган эҳтиёжи қай даражада таъминланишига ҳам боғлиқ. Хўш, вилоятимизда мазкур ёқилғи билан боғлиқ ҳолат қандай? Мутасаддилар тадориги истеъмолчиларга ишончли таъминот кафолатини берадими? Журналистлар Жондор туманида ўтказилган пресс-турда бу ҳақда муфассал маълумот олдилар.

Республика “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти Бухоро филиали раҳбари Улуғбек Козимовнинг таъкидлашича, куз-қиш мавсумида 40 минг тонна, жумладан, бюджет ташкилотлари учун 10 минг тонна кўмир талаб этилади. Таълим, соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳа тармоқларига эҳтиёж даражасида, ўтган йилнинг ана шу давридагига нисбатан 18 фоизга кўп ресурс етказиб берилди.

Табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлар аҳолисига 30 минг тонна кўмир зарур. Ҳозирги пайтда уларга ана шу ресурснинг 7,5 минг тоннаси сотилди. Мазкур кў­мирнинг катта қисмини ­Ангренда ишлаб чиқарилган махсулот ташкил этади. ­Шунингдек, истеъмолчиларнинг хориждан импорт қи­линган ёқилғи ресурсига эҳтиёжи ҳам инобатга олинмоқда.

Бюджет ташкилотлари ва аҳолига етказиб бериладиган кўмир Когон, Олот, Қоракўл, ­Вобкент, Жондор ва Ғиждувон туманларидаги махсус омборларда жамғариляпти. Истеъмолчиларнинг кўмир кукунидан тайёрланадиган брикет махсулотининг бир қисми тўртта туманда ишлаб чиқарилмоқда. Ана шу мақсадда фойдаланиладиган хомашё сифати ҳам юқори. Брикетларнинг яна бир қулайлиги шундаки, уларни жамғариш, ихчам жойлаштириш жуда қулай.

Журналистлар Жондор туманидаги кўмир омборига ташриф буюришди. Улар мазкур объектда махсулотнинг ишончли даражада сақланиши учун яратилган шароитлар билан танишдилар. ОАВ вакиллари йилига 150 тонна брикет ишлаб чиқарадиган цехда ҳам бўлишди.

Кўмирдан фойдаланиш самарадорлиги унинг жойларда қандай сақланишига ҳам боғлиқ. Журналистларда ижтимоий соҳа объект­лари — мактабгача таълим муассасалари ва мактабларда харид қилинган ёқилғи ресурслари ёғингарчилик ва қуёш нурларидан қай даражада эҳтиёт қилиниши, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган холда асралиши ҳам илиқ таассурот қолдирди.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари тадбир давомида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.

Эркин ЁДГОРОВ,

“Бухоронома” мухбири