ҲАМДАРДЛИК

2020-11-09T10:21:30+05:009 Noyabr, 2020|Самарқанд вил.|

Самарқанд вилояти матбуоти ва жамоатчилиги оғир жудоликка учради.

Фахрий журналист Абдусодиқ Муртазоев вафот этди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, ҳамкасбимиз, вилоят матбуоти ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрий журналист Абдусодиқ Муртазоев 81 ёшида вафот этди.

А.Муртазоев 1939 йилда Ургут тумани Теракли қишлоғида таваллуд топди.Ўрта мактабни битиргач, аввал Тожикистон Республикаси Панжикент туманидаги педагогика билим юртида, сўнг Самарқанд давлат университетининг филология факультетида таҳсил олди. Қатор йиллар Каттақўрғон туманидаги мактабларда, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчилик қилди.

Абдусодиқ аканинг матбуот билан боғлиқ фаолияти 1964 йилдан бошланди. Дастлаб Каттақўрғон туманининг “Зарафшон” (ҳозирги “Каттақўрғон ҳақиқати”) газетасида мухбир бўлди. Кейин “Ёш ленинчи”, “Ишонч” газеталарида ишлади. 1974 йилдан вилоят “Зарафшон” газетасида мухбир, бўлим мудири вазифаларида самарали фаолият юритди.

А.Муртазоевнинг кейинги фаолияти Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва вилоят касаба уюшмалари ташкилотида кечди. Тажрибали қаламкаш Содиқ Софдил тахаллуси билан ижод қилди. Шоирнинг “Бахт”, “Ишқ хосияти”, “Мен кўрган дунё” шеърий китоблари чоп этилди.

Матбуот фахрийси, ўз касбига содиқ, камтарин инсон Абдусодиқ Муртазоев хотираси қалбимизда абадий яшайди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти жамоаси устознинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Самарқанд вилоят бўлими