Фахрийларга янги намунадаги гувоҳнома ва кўкрак нишонлари топширилди

2020-11-09T07:20:24+05:009 Noyabr, 2020|Бухоро вил.|

Абу Али ибн Сино номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида вилоят оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатиб келаётган фахрий журналистлардан 33 нафарига Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг эски намунадаги гувоҳномалари ва кўкрак нишонларини янгиланган намунадаги андозасини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Асадов очиб, соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар, халқ хўжалигининг турли тармоқларида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини халққа холисона ва ҳаққоний етказишда дуч келинаётган муаммолар, бу борада кўп йиллик тажрибага эга журналистлар тажрибасини оммалаштириш масалалари хусусида тўхталди.

Шундан сўнг Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги нашри “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Шодмон Сулаймонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнги йилларда оммавий ахборот воситалари, хусусан, журналист ижодкорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, уларнинг ижод қилишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш, сўз эркинлигини таъминлаш борасида сезиларли ишлар амалга ошириб келинётганини мамнуният билан таъкидлади.

Ҳозирги синовли кунлар, пандемия шароитида ҳаётнинг турли жабҳаларини ёритишда жонбозлик кўрсатиб келаётган журналистлар меҳнати доим улуғланаётгани, кекса авлод вакилларининг ибратли ҳаёт ва ижод йўли ёшлар учун ҳам ибрат-намуна бўлиши лозимлиги қайд қилинди.

— Бугун вилоятда 200 нафарга яқин журналист ижодкор турли оммавий ахборот воситаларида хизмат қилиб келмоқда, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Бахтиёр Асадов. — Уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. 1994 йилгача Бухоро вилоятидан жами 124 нафар журналист уюшма аъзолигига қабул қилинган бўлса, ўтган 26 йил давомида уюшма аъзолигига қабул тўхтаб қолган эди. Бугун орамизда ҳаёт бўлган, 33 нафар узтоз журналистнинг гувоҳномаси янгиланиб, кўкрак нишонлари топширилаётгани биз учун ҳам ютуқ, албатта.

Шу куни, кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга устоз журналистларга гувоҳнома ва кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди

 

ЎзЖИУ Бухоро вилоят бўлими