Фарғонага соя-салқин берадиган дарахтлар экайлик!

2020-11-07T07:10:52+05:007 Noyabr, 2020|Фарғона вил.|

Дилбар табиати Фарғонанинг ўзига хос ташриф қоғози. Фарғона ҳақида гап кетганда, гўзал ва бетакрор табиат манзаралари эсга олинади.

Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида вилоятнинг бош кентлари, барча туманларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, ландшафт архитектураси асосида кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, хиёбонлар, манзарали дарахтлар аллеялари барпо этилди.

Чинорлар вилоятнинг ўзига хос рамзи бўлиб, биргина Фарғона шаҳрида 60 минг тупдан зиёд кўкка бўй чўзиб ўсганди. Айниқса, ёз саратонида аскарлардек бир сафда тизилган чинорлар соя-салқини одамга ҳузур бахш этарди. Янгиланишлар жараёнида чинорлар ўрнига хориждан ноёб манзарали дарахтлар олиб келиб экилди.

Эколог олимлар, соҳа мутахассислари асл табиат неъматларидан баҳраманд бўлиш учун Фарғонанинг барча шаҳар-туманларида соя-салқин берадиган, маҳаллий иқлим шароитимизга мос дарахтлар экишни кўпайтириш зарурлигини эътироф этмоқдалар.

Инсон ва табиат тақдири бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ҳаво тоза, унинг таркибида кислород (ҳаво таркибида 21 фоиз кислород бўлиши лозим) миқдори етарли даражада бўлса, инсон узоқ умр кўради. Бунинг учун эса муҳофазаланадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг биохилмахиллик ва табиий ҳудудлар муҳофазаси бўлими бошлиғи Баҳром Раҳмоновнинг қайд этишича, биргина жорий йилнинг ўзида шаҳар-туманларда 73 минг тупдан зиёд манзарали дарахтлар экиш режалаштирилган. Бунинг учун вилоят ўрмон хўжалиги ва кўкаламзорлаштириш бошқармалари, кўчатчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Бу борада лола дарахти, эман (дуб), каштан, элдор қарағайи, можевель арчаси, Қрим арчаси, япон сафораси, чинор, клен сингари манзарали дарахт ниҳоллари экиляпти.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳар йили эрта кўкламда вилоятдаги корхона-ташкилотлар, тегишли мутасадди идоралар, маҳаллалар, ўқув юртлари, оилалар томонидан турли акциялар, ҳашарлар ўтказилади. Янги дарахтлар экилгани бўйича жимжимадор рақамлар келтирилган ҳисоботлар тайёрланади. Афсуски, бу рақамларнинг кўпи қоғозларда қолиб кетади. Экилган ниҳолларнинг аксарияти қаровсизлик туфайли қуриб қолади. Акс ҳолда вилоятимизнинг барча ҳудуди аллақачон яшил чаманзор, боғу бўстонга айланган бўлар эди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор Асқар Қодиров яқинда яхши бир ташаббус билан чиқди. Гап шундаки, у ўз маблағи ҳисобидан Қўқон шаҳри кўчаларига 15 минг туп манзарали дарахт экиш ниятида. Ташаббус ижроси бўйича тадбиркор билан боғланганимизда, ҳозирда пойтахтдаги Ботаника институти мутахассислари жалб этилиб, Қўқон ўрмон хўжалигидан ҳамда хориждан қандай ноёб манзарали дарахтларни олиб келиб экиш мумкинлиги бўйича маҳаллий тупроқ ва иқлим шароити илмий асосда ўрганилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Марғилон шаҳрида 56 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд. Кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари туфайли бугун вилоятимизнинг бу кўҳна шаҳри замонавий қиёфада намоён бўлмоқда. Аммо шаҳарнинг аксарият кўчаларида соя-салқин берадиган дарахт йўқ.

Марғилон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати, ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа тегишли идоралар масъуллари билан боғланиб, нима учун Марғилонда бу борадаги ишлар сустлиги, соя берадиган дарахтлар экишни кўпайтиришга жиддий эътибор берилмаётгани хусусидаги саволларимизга жавоб ололмадик. “Бор отангга – бор онангга” қабилида иш тутган масъуллар биринчи куни ёлғон ваъдалар бериш, иккинчи куни эса телефон қўнғироқларига умуман жавоб бермай қўйишдан заррача уялишмади. Биргина шу ҳолатнинг ўзи ҳам бу соҳалар раҳбарларининг ўз ишига нечоғли масъулиятсиз ёндошаётганидан далолат беради.

Вилоятнинг бош кенти – Фарғона шаҳрининг бир пайтлар ерга тангадек офтоб нурини туширмайдиган дов-дарахтлар осмонга бўй чўзган кўчалари тарихга айланди. Дунёнинг турли қитъаларидан олиб келинган манзарали дарахтлар эса ҳали саратон офтоби, ёмғир ва қордан асрайдиган даражага етгани йўқ. Шаҳар аҳли ёзда қуёшдан сақланиш учун соябон тутишга одатланди.

— Сайёрамизда глобал исиш муаммоси туфайли дунёнинг барча ҳудудлари, хусусан, вилоятимизда ҳам дарахтларнинг иссиқ-совуққа чидамлилиги камайиб бораётгани кўп кузатиляпти, — дейди Фарғона давлат университети ўқитувчиси, эколог олим Нозима Ҳожиболаева. – Фарғона шароитида кўпроқ эман эккан маъқул. Мисол учун, чинор 30-35 метр, эман эса 50-55 метр-гача ўсади. Япон сафораси, каштан соя беришидан кўра, табиат фусункорлигини оширади.

Ҳозирги кунда Марғилон шаҳри, Қува, Тошлоқ, Данғара туманларида павлония дарахти кўп экилмоқда. У бизнинг иқлим шароитимизга мос, тез ўсади, лекин мўрт бўлади. Арчанинг салқини бўлмаса-да, инсон соғлиғи учун ғоят фойдали кислород, фитонцит моддаси ишлаб чиқариши билан фойдалидир.

Фарғона табиатининг ўзига хос рамзи бўлган осмонўпар дарахтлар сони ва сифатини ошириш, хусусан, соя берадиган дарахтлар экишни кўпайтириш учун аниқ тизим ва режа асосида иш ташкил этиш лозим. Муштарак мақсад йўлида жараёндаги бурч ва масъулиятини барча теран англаб етса, йилнинг тўрт фаслида ҳам она табиат ҳаётимизга янада файз ҳамда фароғат бахш этади.

Ботир МАДИЁРОВ

(Фарғона вилояти)