ЭЪТИРОФ (Усмон Юсупов таваллудининг 120 йиллигига)

2020-11-07T07:04:24+00:007 Noyabr, 2020|Сирдарё вил.|

“Ота” номини олиш осон эмас. Айниқса, бутун бир миллат бир инсонни “Ота” деб атаса, ўша зот халқнинг эҳтироми, эъзози ва ҳурматига сазовар бўлган чиқади. Ўзбек халқи таниқли давлат арбоби Усмон Юсуповни ҳурмат билан “Ота” деб атайди. Сирдарёликларга бу инсон икки карра азиз. Чунки ул зот 1954-1962 йиллар миёнасида “4-Боёвут” (ҳозирги Усмон Юсупов номли “2-Боёвут”) хўжалигига раҳбарлик қилганлар. Биз мазкур хўжаликда бўлиб, ота билан ишлашган, суҳбатини олган одамлар билан гурунглашиб, фикр-мулоҳазалари, эсламларини қоғозга туширдик.

Абдурасул ота 86 ёшнинг устида. Уларнинг оиласи Сталин вафот этган 1953 йилда Зоминдан Боёвутга кўчиб тушган. Ўшанда Дарвозақир қишлоғида илк ертўлалар пайдо бўлган. Бугун бу қишлоқ обод гўшага айланган.

Теграсида қоратолу ёнғоқлар, садаю чинорлар қуюқ соя ташлаган сўрида отахон билан гурунг қилдик. Атроф-жонибда барқ уриб ўсиб ётган дову дарахтлар сўрига ажиб бир салқинлик бахш этган. Ариқчадан шилдираб сув оқиб турибди. Бамисоли жаннат дейсиз.

Суҳбатимиз ройиши Усмон ота Юсуповга бориб тақалди. Отахон гарчанд тўқсон томон қадам ташлаган бўлса-да, хотираси тиниқ, сўзлари бийрон. Сўзамоллик билан ўтган кунларни бир-бир эслайди.

“Усмон ота 1954 йил 14 апрель куни хўжалигимизга директор бўлиб келдилар, —дея ҳикоясини бошлади Абдурасул ота. —Ўша пайтларда пахта даласида оддий кетмончи эдим. Кейин сувчилик қилдим. Ота хўжалигимизга раҳбар бўлиб келиши билан катта ишларни бошлаб юбордилар.  Боёвут станциясидан “1-Боёвут” хўжалигигача темир йўл тортилиб, мотовоз қатнови йўлга қўйилди. Ўғит ва қурилиш материаллари мотовозда келтирила бошланди. Чунки машина кам, улов етишмасди. Хўжалигимиз етиштирган пахта ҳосили мотовозда қоп-қанорларга жойланиб “1-Боёвут” хўжалигидаги пахта заводига олиб кетиларди. Хўжаликда пичоққа илинадиган йўл йўқ эди. Отанинг саъй-ҳаракати билан қулинг ўргилсин йўл қурилди.

Яхшидан боғ қолади, деганларидек Усмон ота хўжаликда 250 гектарлик бир неча боғ ташкил қилди. Хўжалик маркази дов-дарахтга бурканган хиёбонга менгзаб кетадиган гўзал ва баҳаво масканга айланди. Бугун ота яратган боғлардан ҳеч вақо қолмади. Боз устига, хўжаликнинг барча бўлимларида бир, икки, уч, тўрт ва беш хонали фин уйлари қурилди. Меҳнат аҳли учун барча шароитлар яратилди”.

Етти синф маълумотига эга бўлишига қарамай Абдурасул Абдуллаев уқувлилиги, фаросатлилиги туфайли звено бошлиғи, бригадир, бўлим бошлиғи, бўрдоқичилик хўжалиги директори каби ловозимларга кўтарилди. Усмон Юсупов билан ота-боладай яқин бўлиб кетди. Устозидан кўплаб ҳаёт сабоқларини олди.

“Август ойи эди, — дейди гурунгни давом эттириб Абдурасул ота. —50 гектарлик пахта майдонига звено бошлиғи эдим. Дала бошига Усмон ота келиб қолдилар. Виктор Хайдуров хўжалигимизда агроном бўлиб ишларди. Чеканкага зўр бериб тургандик. Усмон ота пайкални оралаб келдиларда: “Расул, эгат оралаб 50 метрга бориб кел”, дедилар. Мен отанинг буйруғини бажариб, айтган жойигача бориб келдим. Ҳузурларига қайтганимда: “Нимани сездинг?” деб сўрадилар. Мен ҳайрон бўлиб отага тикилиб туравердим. Шунда: “Тиззангга кўсак урилдими?” деб сўрадилар. Мен: “Баъзи жойларда урилди, баъзи жойларда йўқ”, деб жавоб бердим. “Сенинг еринг баланд жойда. Насос орқали сув ичади. Қуруқ ер. Захкаш эмас. Ҳозир ғўзаларингни чилписанг, кузда 3-4 та кўсакдан айриласан. Хўжакўрсинга қарта четидаги ғўзаларни чеканка қилиб қўй. Қолганига тегма”, дея елкамга панжаларини қўйдилар. Қўлининг оғирлигидан тебраниб кетдим. Усмон ота дўлвор инсон эдилар-да. Ўзлариям 130-140 кило тош босардилар, чамаси. Оғир вазнли раҳбар бўлишларига қарамай меҳнаткашлар билан мулойим муомала қилардилар. Оғизларидан ёмон гап чиққанини эслолмайман”.

Ўша йиллари Усмон Юсуповнинг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги туфайли хўжалик аҳолиси туманда энг тўқ яшайдиган қавмга айланди.  “Одамлар тўймаса, давлат бойимайди” – Усмон отанинг шиорларидан бири ана шундай эди. Пахтакорларни тўйдириш мақсадида у киши хўжаликда шоли экишни йўлга қўйди. Одамларнинг кандиклари (дон сақлайдиган ўра) шолига тўлди. Қишин-ёзин еганлари ош бўлди. Ўзбекларда мақол борку: “Ёнингда бир сўминг қолган бўлса ҳам ош е”, деган.

Абдурасул ота шоли  билан боғлиқ бир воқеани сўзлаб бердилар. Ўзбекистон Марказқўмининг ўша пайтдаги секретари Габрелянц катта йиғилиш қилиб Усмон Юсуповнинг шоли сиёсатини қаттиқ қоралайди. Шунда Усмон ота тап тортмай, бўш қоп қачон тикка турган, дея мухолифини қайириб ташлайди. “Чўлда отни чақса кишнатиб юборадиган пашшаларга дош бериб ишлаётган деҳқонларга ҳар қанча ғамхўрлик қилсак арзийди”, дейди баралла. Зални қарсаклар босиб кетади. Чунки Усмон ота ҳақ эди-да!

Гурунгимиз роса чўзилди. Отахон билан хайр-маъзур қилиб хўжалик марказига қайтарканмиз ҳамроҳларимиз “Ҳосилобод” МФЙ раисининг ўринбосари Файзулла Сайдуллаев ва меҳнат фахрийси Сувонқул Сулаймонов Усмон ота ҳақидаги хотираларини сўзлаб келдилар. Қайтишда йўлнинг сўл тарафида бир неча қуюқ дарахтзорлар кўзга ташланди.

“Мана шу дарахтзорлар Усмон ота ташаббуси билан бунёд этилган, — дейди Файзулла Сайдуллаев. —Халқ уни “лесополоса” дейди. Бекобод шамоли йўлини тўсиб, ерни эррозиядан (емирилиш) сақлаш учун қилинган. Осмонга дўқ ургандай ўсиб ётган дарахтларнинг экилганига 70 йилдан ошдиёв”.

Файзулла Сайдуллаевда ҳам Усмон ота ҳақида яхши хотиралар қолган экан.

“Усмон ота дунё иморатлари ичида энг улуғи — мактабни жуда яхши кўрардилар, — дейди суҳбатдошимиз. —У киши раҳнамолигида хўжалик маркази, 2 ва 4-бўлимларда ҳашар йўли билан лой-кесакдан “П” шаклида учта мактаб қад ростлади. Бир куни Усмон ота мактабимизга меҳмон бўлиб бордилар. Ўшанда 3-синфда ўқирдим. Мени ёнларига чақирдилар-да, бошимни силаб: “Яхши ўқи, болам, келажакда олим бўласан”, дедилар”.

1990 йилда Усмон Юсупов таваллудининг 90, хўжалик ташкил этилганлигининг 40 йиллиги кенг нишонланади. Юбилей муносабати билан ҳайкалтарошлар томонидан отанинг бюсти ясалиб, хўжалик марказига ўрнатилади. Музей очилади. Афсус-надоматлар бўлсинки, бугунги кунда музейдан ном-нишон қолмабди.

Ҳамроҳимиз, меҳнат фахрийси Сувонқул Сулаймоновга ҳам Усмон отанинг назари тушган экан.

“Кийиктепа қишлоғида умргузаронлик қилардик, — дея хотирлайди Сувонқул ака. —Отам пахтачилик бригадасининг бошлиғи эди. Кунлардан бир куни Усмон отанинг  “ГАЗ-69” машинаси уйимиз олдида тўхтади. Ундан ота тушиб келдилар-да, ўзларини қоратол соясига олдилар. Бир коса яхна чойни симиргач, уйимиз ичига йўналдилар. Асосий уйга ошхона орқали кириларди. Онам ғўзапояда оби овқат пиширавериб ошхонанинг шифтигача қорақурум босиб кетганди. Бу аҳволни кўриб чуқур хўрсиндилар. Ўшанда 10 яшар бола эдим. Эшик кесагасига суяниб турганимни кўриб, ёнларига чақирдилар. “Исминг нима? Катта бўлсанг ким бўлмоқчисан?” дея сўрадилар. “Сиз каби директор бўламан”, дедим. “Райком секретари, ижроқўм раиси бўламан, деб орзулагин, болам”, дея бошимни силаб қўйдилар. Ўшанда фаришталар омин, деган эканми, собиқ Меҳнатобод туманида ҳоким ўринбосари даражасигача кўтарилдим”.

Суҳбат билан бўлиб йўл таноби тортилганини ҳам сезмай қолибмиз. Галдаги суҳбатдошимиз Қобил ҳожи Эшбеков бўлди. Бу оила 1958 йил Форишдан Мирзачўлга кўчирма бўлган экан.

“Боёвутга келмасдан бир йил олдин ўқиб шофёрлик гувоҳномасини олгандим, —дейди Қобил ота. —Бир йил тракторчилик қилдим. “ДТ-54” тракторида ер ҳайдадим. Сўнгра машина бошқариш насиб қилди. Баъзан Усмон отанинг хизмат машинаси бузилиб қолганида олиб юришимга тўғри келган. У киши кабинага ўтирганларида вазни оғирлигидан машина бир силкиниб қўярди. Йўлда бир оғиз ҳам гапирмасдилар. Гоҳида машинани пайкал оралатиб ҳайдашга буюрарди. Хўжаликка мелиса зотини йўлатмасди. Қандай муаммо бўлса, халқ билан бамаслаҳат ҳал қиларди. Бир кунда хўжаликни камида икки марта айланиб чиқарди. Қанча ишлаган бўлсалар, бировнинг бурнини қонатганини эслай олмайман”.

Абдуазим ота Турғунов айни дамда кексалик гаштини сурмоқда. Бу йил 84 баҳорнинг юзини кўрди. 1958 йилнинг февраль ойида Фориш туманининг Қоробдол қишлоғидан чўлга кўчиб тушган. Қирқ йил тракторчилик қилган. Усмон ота билан елкама-елка ишлаган. Отахондан Усмон Юсупов ҳақида хотирасида муҳрланиб қолган воқеаларни сўзлаб беришни сўрадик.

“Бир куни қабристон ёнидаги қартада культивация қилаётган эдим, – дейди Абдуазим ота. –Тракторимнинг суви қайнаб кетди. Пайкал бошига бориб радиаторимга сув қўймоқни мўлжаллаб бораяпман. Бир пайт қарта бошига Усмон отанинг таниш машинаси келиб тўхтади. Қарта бошига етганимда Усмон ота ўрисчалаб “Включи трактор!” дея буйруқ бердилар. Мен тракторни ўчирмадим. Ариққа ўта солиб, пақирга сув олдимда радиаторга қўйдим. Тракторни ўчирсам, прокладкаси куйиб кетар эди-да. Усмон отанинг авзойи чатоқ эди: қўлида бир тутам культивация пичоғи кесиб кетган ғўза. У киши культивация қилган майдонимни аралаб кетдилар. Йўқ, кайфиятлари жойига тушиб қайтдилар. Кейин билсам, қўшни картада культивация қилаётган тракторчи тажрибасизлик қилиб ғўзаларга қирон келтирган экан. Шундан Усмон отанинг табиати тирриқ бўлган экан. У киши менга қўлидаги нобуд бўлган ғўзаларни кўрсатиб: “Агар ҳар тракторчи шунча ғўзани нобуд қилаверса, ғалвир сувдан кўтарилган куз фаслида ер чизиб қоламиз”, дедилар ва менинг ишимдан қониқиш ҳосил қилиб мақтаб қўйдилар. Машинасидан кастюм-шим ва ботинка олиб, менга совға қилдилар.

Усмон ота шунақа эдилар. Барча ходимларнинг бажарган ишлари сифатини қатъий назорат қилардилар. Яхши ишлаганларни муносиб рағбатлантирардилар. Машина киролмадиган жойларга пою-пиёда киришдан ҳам тоймасдилар.

Кунлардан бир куни туман ҳарбий комиссариатидан чақирув қоғози олдим. Армияга кетишим керак эди. Оиламизда опа-сингилларим бўлмаганлиги сабабли рўзғор ишларига қайишадиган келин керак, деб отам 16 ёшимда уйлантириб қўйган эдилар. 22 ёшимда чўлга келган бўлсам, фарзандлар ҳам кўпайиб қолган эди. Усмон ота чақириқ қоғози келганини эшитибдиларда ҳарбий комиссариатга бориб муаммони ҳал қилибдилар. Хонадонимизга келиб: “Хўжаликка сенга ўхшаган тажрибали тракторчилар сув билан ҳаводек зарур. Армияга бормайсан. Сенинг жойинг пахта фронтида”, дея кўнглимни кўтариб кетдилар.

Ҳалол меҳнат қилган кишининг ҳурматини жойига қўярдилар. Механизаторлик касбининг орқасидан элда обрў топдим. Шўролар давлатининг олий мукофоти Ленин  ҳамда “Меҳнат Қизил байроқ” орденлари билан тақдирландим. Мустақил давлатимиз томонидан “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига ноил бўлдим. Саккиз ўғил, уч қизим бор. Набира ва чевараларнинг сонидан адашиб кетаман. Ҳаётда ўз ўрнимни топишимда Усмон ота Юсуповнинг ўрни беқиёс. Жойлари жаннатда бўлсин. Ажойиб инсон ва доно раҳбар эдилар”.

Сафаримиз қариб  “Ҳосилобод” МФЙга қайтганимизда  яқиндагина қурилган ёзги айвончада маҳалла оқсоқоли Аъзам Ибрагимов бизни кутиб ўтирган экан. МФЙ биноси ортидаги кенг майдонда қурилиш-ободонлаштириш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бу ер хўжалик меҳнаткашлари дам оладиган гўзал хиёбонга айлантирилади. Майдон ўртасига Усмон отанинг мисдан ясалган бюсти ўрнатилади. Яқин кунлар  миёнасида мазкур хиёбонда Усмон отанинг 120 йиллик юбилейи кенг нишонланади. МФЙ биносининг бир хонаси кутубхонага ажратилибди. Аъзам Ибрагимовнинг шаҳодат беришича, мазкур кутубхонанинг бир жавонини Усмон ота ҳақида ёзилган китоблар, газета ва журналларда чоп этилган мақолалар банд этар эмиш. Эл улуғ фарзандларини эъзозласа, қандай яхши!  Усмон  ота бундай эътирофга тўла лойиқ зот эди.

Муҳаммадали АҲМАД

(Сирдарё вилояти)

Leave a Review

  • feature
    0
Submit

User Reviews

REPLY
Cancel