Ижодий учрашув ижодкорга илҳом беради

2020-11-07T07:01:16+05:007 Noyabr, 2020|Самарқанд вил.|

Айни кунларда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, тарғибот гуруҳи аъзолари Самарқанд вилоятида ҳам бўлиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш мақсадида маҳаллаларда учрашувлар ўтказмоқда. Гуруҳ аъзолари бугун вилоят «Матбуот уйи»да бўлишди.

Меҳмонлар дастлаб вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” ҳамда “Овози Самарқанд” газеталари таҳририяти, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими фаолияти, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди, ижодий учрашув ташкил этди. Улар “Самарқанд вилояти матбуот тарихи музейи”да ҳам бўлишиб, бу ердаги газета-журналлар, босмахоналар тарихига оид экспонатларни томоша қилишди.

Меҳмонлар орасида серқирра ижодкор, таниқли ёзувчилар Нурали Қобул, Шаҳодат Исохонова ҳам бор. Памфлет-ёзувчи сифатида ном қозонган Нурали Қобул таржимон сифатида Г.Маркеснинг “Танҳоликнинг юз йили” романини, Ч. Айтматовнинг “Болалигим” асарини ўзбек тилига таржима қилган. Шаҳодат Исохонованинг асарларида эса Тўмарис, Бибихоним, Нодирабегим каби ўзбек аёл қаҳрамонлар сиймоси гавдаланади. Шунинг учун ҳам бу ижодкорлар асарларини китобхонлар севиб мутолаа қилишади. Учрашув давомида ёзувчиларнинг суҳбати ва таниқли сўз устаси Худойберди Зиётовнинг ичакузди ҳангомалари барчани ўзига қаратди.

– Бу каби маъанавий-маърифий, ижодий учрашувлар ҳар қандай ижодкорга илҳом бағишлайди, – дейди Нурали Қобул. – Айниқса, журналистлар билан суҳбатда бўлишнинг завқи бошқача. Улар билан ҳар гал дилдан суҳбатлашганимда янги-янги асарларга мавзу топаман.

Таҳририят кутубхонасига Нурали Қобул ўзининг “Сукут суиқасди ёхуд Сталиндан Саддамгача”, “Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчелгача”, “Тавқи лаънат тамғаси ёхуд Трумендан Трампу Таракидан Туркманбошигача” каби панфлет-романларини совға қилди.

 

Ҳусан ЭЛТОЕВ

(Самарқанд вилояти)