Бағдод қалампири дунё бозорида!

2020-11-03T10:55:27+05:003 Noyabr, 2020|Фарғона вил.|

Гўзал табиати, соя-салқин кўчалари, сўлим дам олиш масканлари билан Марказий Осиёда ўз ўрнига эга Фарғонанинг ҳар бир ҳудуди бетакрор. Қува анорчилиги, Риштон кулолчилиги, Олтиариқ соҳибкор деҳқонлари, Марғилон ҳунарманду савдогарлари билан машҳур.

Бағдод эса қалампир етиштиришнинг ҳадисини олганлар юрти. Хонадонларидаги томорқада аччиқ қалампир етиштирган бағдодликлар бугун уни саноат даражасига олиб чиқиб, маҳсулотни қайта ишлаш, четга экспорт қилиш билан шуғулланяптилар. Бу йўналишда туманда кооперация ва кластер тизими жорий этилган.

“Арамати Багдада томорқа хизмати” МЧЖ мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланади. Лойиҳа қиймати 19 миллиард сўм бўлиб, шундан 12 миллиард сўми тадбиркорнинг ўз маблағи, қолган қисми банк кредитини ташкил этади. 105 та янги иш ўринлари яратилган. Асосий фаолияти кооперация асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишдан иборат бўлиб, Хитой давлатидан замонавий дастгоҳлар келтириб ўрнатилди. 1500 тонна сиғимга эга музлатгич ҳам мавжуд.

— Кооперациямиз 2019 йилда ташкил этилган, — дейди ”Арамати Багдада томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Фурқат Бердалиев. — Украина, Россия, Қирғизистон, Грузия давлатларига экспортни амалга оширяпмиз. Бу йил 200 тонна қалампир ички бозорга етказиб берилди. 100 тоннасини экспорт қилиб, 3,2 миллион АҚШ доллар соф даромад олдик. Аҳолидан сотиб олган 1600 тонна маҳсулотни эса қайта ишладик. Яқинда вилоят ҳокими корхонамиз фаолияти билан танишиш чоғида шу йўналишни кластерга айлантириш лозимлигини айтди. Ҳозир айнан шу ташаббус устида ишлаяпмиз.

Кооперацияга ажратилган ер майдони бугун тумандаги секторлар кесимида кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож, ”Темир дафтар”га киритилган оилаларга бўлиб берилмоқда.Уруғ ва кўчатни етказиб бериш, ерни экишга тайёрлаш каби ишлар корпорация томонидан бажарилиши йўлга қўйилди.

— Боқувчим йўқ, икки нафар фарзандимни ўзим тарбиялаб келяпман. Кам таъминланган оила сифатида “Темир дафтар”га киритилгандим. Болаларимни боқиш учун ёлланма меҳнатдан пул топиб, кун кечираётгандик. Яқинда кооперация томонидан менга 20 сотих ер ажратиб берилди. Меҳнат билан даромад топишга ва “Темир дафтар”дан чиқишга интиляпман. Бу йил қалампирдан 14 миллион сўм даромадга эга бўлдим, — дейди Шарифа Тўхлиева.

Туманнинг “Мирзаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган 700 га яқин хонадон эгалари ҳам асосан қалампир етиштириш билан шуғулланишади. Етиштирилган қалампир қайта ишлаш учун корпорацияга етказиб берилади.

Қуёшли ўлкамизнинг ҳар бир қарич ери олтинга тенг. Унумдор тупроғи, зилол сувлари ва серқуёш иқлими билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Етиштирилган сархил мева-сабзавотлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг довруғи етти иқлимга маьлум ва машҳур. Бугун Бағдод қалампири дунё бозорларини эгаллаётгани ҳам бежиз эмас, албатта.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.

(Фарғона вилояти)