Қадим қўнғироқлар жаранги

2020-11-03T09:34:32+05:003 Noyabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Абдулкарим ас-Самъонийнинг “насабнома” китобини ўқиб чиқиб, фахр-ифтихордан кўнглим тўлди. Қомусий олим катта меҳнат қилган экан. Қаранг, Ўзбекистондаги мавжуд вилоятларнинг қадимий қишлоқлари номланиши, шу жаннат бағридан етишиб чиққан олимлар ҳақидаги маълумотларни жамлаб, бебаҳо китоб битган, улуғ аждодимиз. Бухоро вилоятида 8-,9-,10-,11-асрларда мавжуд бўлган 150 дан ошиқ қишлоқлар олимлари, шайхлар, ҳадисшунос ва авлиёуллоҳларни, шу ерда келиб, ўрганиб, халққа танитиш шарафли. Яна ҳар бир қишлоқда бир-икки соат бўлиш, айримларида бир кеча тунаш, айрим қишлоқларда эса маълум муддат яшаб, ҳадис ўрганиш, сабоқ олиш – мўъжизанинг ўзи.

Бир куни ғаройиб иш бўлди. Вобкент туманида қурилаётган намунавий уй-жойлар қурилиши ҳақида мақола тайёрлаш учун Понобга бордим. Қурилиш жадал суръатда кетяпти. Қўли гул усталар ишидан бош кўтармайди. Штабда ўтирган лойиҳа муаллифи билан танишиб, суҳбатлашдик.

– Бинолари янги қурилаётган қишлоқ номи нима?

– Паноб!

– Нима маънони билдирар экан Паноб?

– Мен ҳам билмайман. Тошкент лойиҳалаш институтидан ҳам сўрадилар. Жавоб тополмадик.

– Қишлоқ аҳлидан сўрамадингизми? Наҳотки улар ўзи яшаётган қишлоғи номи маъносини билмаса?

– Сўрадик, улар ҳам елка қисишдан нарига ўтмади. Биз қурилиш қилаётган қишлоқ-ку, Паноб, қўшни қишлоқ номи Боноб экан. Яқинда ўша ерда ҳам янги қурилиш бўлади. Эски гузар, кўчалар ўрнида замонавийсини қуриб берамиз.

– Боноб?

– Ҳа Боноб!

– Э, тўхтанг, тўхтанг. Иккала қишлоқ ўртасидан зарафшон дарёси ирмоғи ўтмаганми?

– Унисини билмадим-у, ҳув, анави ерда катта серсув ариқ бор.

Қурувчининг бу шарҳидан янгилик юз очди.

– Сиз лойиҳасини чизган Поноб, Боноб қишлоқлари номланиши маъносини топдик!

– Э, қандай яхшисиз-а! Айтинг-чи. Туман ҳокими ҳам бир соат бошини қотирди, шу тўғрида. Тайинли бир гап топмагач, “Тарихчилардан сўраймиз”, деб кетиб қолди. Ёрдамлашинг, матбуотчи-ку, Сиз!

– Ерлик аҳолининг сўзлашув тили вақти замонида тожикча бўлган. Поноб – Поёни об, Боноб–Болои об дегани. Яъни катта оқар сув ариғининг юқориси, пастида жойлашган қишлоқлар маносида, маъқулми?

– Э, бор бўлинг. Бу шарҳингиз бирор китобда борми? Биз ҳам ўқийлик. Болаларга ҳам керак, бу тарих.

– Ҳа, бор.“Насабнома” китобида Бонобдан чиққан олимлар тўғрисида ҳам маълумот бор… 8, 9-, 10-асрда яшаган олимлар.Улар 6 нафар.

– Йўғ-е, бир қишлоқда-я! Биз номи маъносини билмай ўтирган Боноб, Паноб қишлоғидан 6 нафар қомусий олим чиққан экан-у, ғафлатда қолиб юрган эканмиз-да…

Суҳбатдан кейин уйга келиб, “Насабнома”ни варақлаб ўқидим. Ас-Самъонийнинг гувоҳлик беришича,“Абу Таййиб Жулвон ибн Самура ал-Бонабий… зоҳид, обид, тақводор олимлардан эдилар… Аҳмад ибн Ҳафсдан ҳадис ривоят қилганлар… Бир куни масжидда азон айтаётганларида, бир одам мактуб олиб келади. Қарасалар, мактуб амирдан. Дарҳол ўша кишининг қўлига мактубни қайтариб: “Мен қачондан бери амирнинг одами бўлибман? Менинг улар билан ишим йўқ”, – деб жавоб берибдилар. Бу хабар амирга етганида, “Худога шукр, халқим орасида менинг мактубимни ўқимайдиган инсон ҳам бор экан-да”, деган экан”…

Ромитан туманидаги Сарикунда қишлоғидан бир йигит телефон қилди:

– Қишлоғимизга келиб, кетмайсизми? Тушунмовчиликлар исканжасида қолдик.

– Нега?

– Қишлоғимиз масжиди эски. Намоз ҳам, жаноза ҳам ўқиб бўлмайди. Шуни янгидан тикласак деб турувдик, лекин рухсат бўлмади. Намозни-ку, уйда, бир дарахт тагида ҳам ўқиса бўлади. Лекин жаноза ҳукми бошқа…

Сарикундага бордим. Масжид, масжид меҳроби ортида мангу уйқуга кетган олим авлиёуллоҳ қабри ёзувларини қўрдим. Шаҳарга қайтиб, яна “Насабнома”ни“титкиладим”. Фактларни аниқлаб, яна Сарикундага бордим. Ариқ бўйида бир чол ўтирган экан. Воқеа тафсилотини сўрадим.

– Мен ҳам унчалик тушунмадим. Сарикунда қишлоғи бор, шу масжид бор. Шу ерда жаноза ўқиб, марҳум билан видолашардик…

– Бугун раҳматли бўлаётганларнинг жанозасини қаерда ўқияпсизлар?

– Қўшни қишлоқ масжидида.

– Майит тобутини қўшни қишлоққа олиб бориб, жаноза ўқиб, қайтиб келтириб, тупроққа топширасизларми?

– Ҳа, мутасаддилар шундай дегандан кейин, қўлимиздан нима келади.

– Ўша қишлоқ одамлари жаннатий эканлар. Сизлардай масжидни ҳам ижарага оладиганларга бир оғиз гапирмай. Аслида мумкин эмас, тобутни у ёқдан, бу ёққа кўтариб, юриш. Янги масжид қуринглар.

– Рухсат йўқ, анави қабр билан тошёвузни ҳам бир катта келиб, қабристонга кўчиринг. Бу жойни бирор тадбиркорга берамиз. Савдо дўкони қурсин, обод қилсин, – деган экан.

– Одамлар кўнгли-чи. Меҳроб ортида ётган авлиёуллоҳ руҳи-чи. Улар ободлик истамас эканми?

Тортишдим, талашдим. “Сен яхши-ю, биз ёмон”лардан кейин яна келиб, “Насабнома” ва бошқа манбалар қаршисида бош эгдим. Барча керакли маълумотларни тўплаб, Сарикундага яна қайтдим. Менга қўнғироқ қилган йигитни ҳам чорлаб, икки-уч оқсоқол ҳузурида Сарикунда тарихини баён қилдим.

– Қишлоғингиз номини Сарикунда эмас, вақти замонида Сари куҳан диза – қадимий қалъанинг киравериш қисми деганлар. Меҳроб ортида мангу уйқуга кетган ҳадисшунос олим Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Соркуний. Шу ерда олимнинг фиқҳ, ҳадис мактаби бўлган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмаддан ҳадис ривоят қилган. У кишидан эса Абу Убайд ибн Молик ал-Ханоматий ҳадис ёзиб олиб,ривоят қилган. Бу олтин занжирни узоқ давом эттириш мумкин. Аниқ тарих ана шу. Ҳаракатларингизни қилинглар. Майит тобутини бу қишлоқдан у қишлоққа кўтариб юргандан кўра, масжидни янгилаб, олиму омил руҳини шод қилиш савоблироқ…

Ромитан тумани ҳудудидаги 48 та қадимий шаҳар, кент, диза қолдиқлари–тепаликларни ўрганиш нияти туғилди. Симич қалъа ёнидаги қабристондан тош ёзувларни учратиб, калька қоғозга кўчирдим. Ўқиб таржима ҳам қилдим. Туронтепага йўл олдим. Шу ерлик оқсоқоллар билан учрашиб, кент устига чиқиб, тўрт томонни томоша қилдим.

Тепалик устида юлғунлар. Шохалари тагидан тариқ майсасидай ниш уриб ўсган бир гиёҳ новдаларидаги уруғдонларини шипириб, кафтимга олдим. Шундай муаттар ҳид тарқалдики, аста қўяверасиз.

– Э, бу нима гиёҳ экан, хушбўй, – дедим беихтиёр.

Даврамиз тўрида ўтирган Эшонбобо: “Бу Бухоронинг девзираси. Ҳозир баҳор, йигирма кундан кейин пишади. Ўшанда зира теришга келинг, файз топасиз”, –дедилар.

–Йўғ-е, Бухорода зира гиёҳи ўсишини билмас эдим. Ростдан ҳам бу зирами?

– Ҳа, –дедилар Эшонбобо.– Бу Бухоро зираси. Муаттарлиги жуда баланд. Бу ҳудудда баравж униб чиқади. Қишлоқ яқин, болалар бу ерларда қўй боқади. Қўй териб егач, кўпчилик билмайди-да, бу нима эканлигини. Аслида Бухоро зираси ана шу кенгликларда ўсади… Йигитлик пайтим, совхознинг бульдозерини ҳайдардим. Тепалик атрофидаги мана шу буғдойзор ерларни очганман. Бир куни денг, манави (қўли билан тепалик кунчиқар ёнини кўрсатиб) пастликда ишлардим. Бир бориб келдим, икки бориб келдим, бульдозер билан учинчи марта тупроқ тортганимда, бир нечта тошсандиқлар чиқди. Югуриб тушиб, сарпўшини кўтарсам, ичи тўла одам суяги. Ҳангу манг бўлиб, қолдим. Бошқа говсандиқлар қопқоғини ҳам очдим. Шу ҳол –ичида одам суяклари.

– Бош суяги битта эдими?

– Ҳа, ҳа, битта…

– Э, Эшонбобо. Булар сандиқ эмас! Сополдан қилинган тоштобутлар бўлган. Исломдан олдин ўтмишдошларимиз марҳумларни сопол тобутларга солиб кўмганлар. Ўша (қўлим билан кўрсатиб) катта тупроқтепадан топган эдингизми тоштобутларни. 4-1-асрга тегишли улар. Ҳозир пастга тушиб, ковлаб кўрамизми, мен айтган тоштобутлар чиқади…

– Йўқ, йўқ, синглим, Бугун эмас, кеч бўлди, эртага. Унгача мен техника топиб қўяман.Шаҳардан келгунингизча,ҳамма нарса тайёр бўлади. Ҳозирча қўлингиздаги сопол парчаларини ўрганинг, шу ҳам катта гап бўлади, майлими?

Рози бўлиб, шаҳарга қайтдим. Топилган сопол парчаларини Бухоро давлат музей-қўриқхонасидаги мутахассисга топшириб, жавоб кутдим. Натижа ғаройиб бўлди. Симичтепа, Кампиртепа, Қизилтепа, Туронтепа атрофи, устидан териб олган сопол синиқлари 6-аср хумдонида пиширилган дон, ёғ, сувхумлар парчалари экан…

“Насабнома”да келтирилган Бадокар, Барсахий, Бадихун, Басбий, Заранжарий, Жизохишт, Займун, Дахфандун, Сурмор каби қадимий қишлоқларнинг бугунги ўзгарган номини излаб топиш, олимлар, шоир, шайхлар ҳаётини ўрганиб, бирор рисолами, каттароқ мақолами ёзиш иштиёқи туғилди.

Сизга илинаётганларим – ана шу мўъжаз рисоланинг биргина саҳифаси. Қадим қўнғироқлар жаранги кўнглимга солган ўтмиш парчаси…

 

Ибодат РАДЖАБОВА,

журналист