Ҳавога учаётган малҳам сўз ёхуд «сомсани қайси газетага ўраб сотса бўлади?»

2020-10-31T05:45:12+05:0031 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

«Афсуски, биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар…»

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Бугун босма нашрларнинг кундалик ҳаётимиздан бир қадар четда қолаётгани борасида турли фикр-мулоҳазалар билдириляпти. Кимлардир анъанавий таълимнинг бир усули бўлган газета-журналлар тақдири тобора аянчли аҳволга тушиб қолаётганидан ўринли равишда ташвишланса, яна бошқалар бундай усул эскириб, ўз ўрнини электрон ресурсларга бўшатиб бераётганидан боши осмонда.

 

Халқ журналистга ишонч билдириб, газетанинг бир йиллик обунаси учун олдиндан пул тўлаб қўяди. Бу жуда қизиқ ҳодиса. Биз айтмаган, ёзмаган, ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаган нарсаларнинг харидори бор. Улар кўрмаган-билмаган нарсасига олдиндан харидор бўлиш билан бизга жуда катта ишонч билдиришади. Зиммамизда ана шундай улкан ишонч турганини ҳис қилиб яшаш – оғир! Жуда оғир!

Биз ишхонада ўтириб, сўзпарастлик қилиш билан мухлисларнинг ишончини оқлаёлмаймиз. Мухлисларга қувват бўладиган, мадор ва нажот берадиган малҳам сўз керак. Шу маънода журналистлар жамиятнинг сўз ва ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондиришга, кундалик муаммоларни сўз воситасида бартараф этишга масъул ходимлардир.

Ўзини шу касб орқали синаб кўрмоқчи бўлганларга мен: «Агар иложини қила олсангиз, ёзманг. Журналист ҳам бўлманг», – деб маслаҳат бераман. Бу гапдан улар ҳам – худди сиздек – ажабланишади.

Журналист бўлишнинг афзал жиҳатлари жуда кўп. Буни ҳамма билади. Шунинг учун ҳам одамларда журналист бўлишга иштиёқ кучли. Шу билан бирга, журналистика энг катта масъулият демакдир.

Журналист бўлишни истайдиган ёшларнинг баъзилари шу касб воситасида тезда кўзга кўриниб, машҳур бўлиб кетишни кўзлайди. Шунинг учун ҳам телевидение, радио каби ОАВда ишлашни хоҳловчилар кўпчиликни ташкил қилади. Босма нашрларда ишлайдиганлар ҳам нима қилиб бўлса-да шов-шув бўладиган бирон нарса эълон қилсаму тезда кўпчиликнинг оғзига тушиб, танилиб, машҳур бўлиб кетсам, деган илинжда юради. Айримларда мақсад шу. Яна баъзилар эса, таассуфки, мақсад нималигини ўзлари ҳам билишмайди.

Мен журналистика деганда шу соҳа орқали ўзларини тиклаб олган кимсаларни эмас, элга жонбахш бир сўзни етказиш йўлида бор-йўғини сарфлайдиган, касбини ўзидан кўра кўпроқ ўйлайдиган ва қайғурадиган инсонни мулоҳаза қиламан. Ўз манфаати йўлида касбини восита қилувчи эмас, инсониятнинг энг эзгу ва буюк мақсадлари учун ўз сўзи билан хизмат қилувчи ходимни тушунаман.

Ўтган асрнинг бошларида матбуот майдонига кириб келган буюк инсонлар ўзининг ҳузур-ҳаловатидан, ҳатто жонидан кечиб, халққа айтар сўзларини қолдириб кетишди. Биргина Мунаввар қорининг «Бизнинг жаҳолат…» мақоласи шундай дейишга тўла асос бўла олади. Мақола 1906 йилда «Тараққий» газетасининг нишона сонида эълон қилинган.

У пайтлардаги журналистларнинг биринчи навбатдаги вазифаси жамият тараққиётига тўсиқ бўлиб турган муаммоларни сўз орқали буткул йўқ қилиш, элнинг бахти-саодатига йўл очиш, бошқаларни ҳам шунга чорлаш бўлган холос. Улар журналистик нуфуз, журналистик обрў, журналистик шон-шуҳрат ва касби орқасидан бойиб кетиш каби жиҳатларни кўзлашмаган.

Шунинг учун ҳам уларнинг юракдан чиққан сўзларига халқ юрагидан жой берган. Орадан бир асрдан ортиқроқ вақт ўтди, ҳали-ҳануз у сўзлар халқнинг қалбини мунаввар қилиб турибди.

Абу Ҳомид Ғаззолий: «Фикр уч нарсадан ҳосил бўлади», дебдилар: «Илм, ҳол ва амал».

Энди тан олиб қўявериш керак, бунинг ҳеч уят жойи йўқ, бугун ўзини «сўз аҳлиданман», деб даъво қилувчилардан бир сўз топиш маҳол. Соҳада ижод қилаётганлар қанча кўп бўлса, улар орасида ўз сўзи борлари шунча кам. Яъни, бизнинг сўзимиз (Мавлоно Жалолиддин Румий айтганларидек) ҳаводангина иборат. Шунинг учун ҳам гапирилган заҳотиёқ йўқ бўлиб кетади. Юракдан чиқмаган сўз юракка етиб боролмайди. Шундай бўлгач, ўзини журналист деб билувчи мардум ҳар куни минглаб сўзларни исроф қилиш билан шуғулланади. Чунки унда мақсад ўзидан кечиб, инсонларга сўз малҳамини етказиш эмас, сўзлардан кечиб, ўзини барпо этишдир. Сўзларини оёғи остига қўйиб, шон-шуҳрат топиб, баландламоқчи бўлган кимса ўзининг нақадар пасткаш эканини намойиш этади, холос. Ҳазрат Навоий: «Илмни ким воситаи жоҳ этар, Ўзинию элини гумроҳ этар», дебдилар.

Сўз – инсонни барча ёмонликлардан қутқаришга қодир. Бунга ишонган, амал қилган ва бошқаларни ҳам ишонтира олган кишигина ўзини ва ўзгаларни нажотга етаклай олади.

Элга саодатбахш бир сўз айтиш учун, аввало, бизда аниқ, ишончли ва фойда берувчи илм бўлиши шарт. Кейин у илмнинг самараси қалбда акс этади ва бизни, бутун танамизни, барча аъзоларни ҳаракатга келтиради. Ўзимиз ҳам яхши билмайдиган, тушунмайдиган, ишонмайдиган, қадрламайдиган сўзни бошқаларга туҳфа қила олмаймиз.

Айтган ё ёзган ҳар бир сўзимиз учун, аввало, виждонимиз, қолаверса, халқ ва Ҳақ олдида жавобгармиз (Демак, журналист бўлиш учун виждонли ва имонли ҳам бўлиш талаб этилар экан-да?!). Бошқа касбларда эса виждонсизлар ишлайверсин, демоқчи эмасман. Чунки юраксиз яшаш мумкин, лекин виждонсиз яшаб бўлмайди! Ҳа, шундай. Юрак уришдан тўхтаса, бугун уни жарроҳлик амалиёти орқали алмаштириш имкони бор. Аммо кимгадир жарроҳлик йўли билан виждон кўчириб ўтқазилгани ҳақида ҳеч эшитганмисиз? Йўқ! Демак, виждонни юракдан ҳам кўра кўпроқ эҳтиёт қилиш керак экан.

* * *

Мен газетани қоғоз деб эмас, сўз деб қабул қиламан. Сўзни ҳожатхонада ишлатиб бўлмайди. Бошқа мақсадларда ҳам. Сўз – буюк неъмат. Сўз воситасида инсон ҳайвондан устун бўлган. Газетага кўрсатилган эҳтиром аслида сўзга эҳтиромдир. Сўзни сўз аҳли бошқалардан кўра кўпроқ қадрлаши зарур. Чунки улар ҳар бир газетанинг қандай қилиб газета ҳолига келишини миридан-сиригача билишади. Ҳар бир газета қанча-қанча одамнинг машаққатли, залворли, масъулиятли, айни пайтда шарафли меҳнатлари билан юзага келади. Унда қанчалаб ижодкорларнинг дил сўзлари нашр қилинади. Бировнинг дил сўзига писта ўраб сотиш нима эканини ҳеч тушунолмайман. Ахир, унда кимнингдир мақоласи чиққан, кимдир бу газета чиқишини газет-дўкон олдида туриб, тонггача кутган. Кимдир шу газетани ҳалигача тополмай юрибди. Кимдир, ҳатто, букланса, тахи бузилади, деб букламасдан асраб қўйибди. Яна кимдир уни йиртиб, нос ўраб сотяпти…

Бир куни сомса олишга борсам, уни газетага ўраб сотишаётган экан. Мамлакатнинг биринчи рақамли газетасига! Аччиқландим. Бу ишнинг сабабини сўрасам, «бизга газетчилар ўтмай қолганларини ташлаб кетишади», дейишди. Бир нарсалар деб гапирдим. Қайтиб кетаётсам, сомсапаз орқамдан чақириб қолди. «Ҳой, ука, сомсани қайси газетага ўраб сотсак бўлади?..»

Шуни бир танишимга айтиб берсам, «зўр латифа экан», деб роса мириқиб кулди. Менинг эса бу воқеани эсласам, йиғлагим келади. Мана, бизнинг маънавий қиёфамизу савиямиз…

* * *

Бу борадаги яна бир муҳим масала журналист сўзини халққа етказиб бериш муаммосидир. Бизда «зиё тарқатиш» тушунчаси музейга қўйилган экспонат каби жонсиз ҳолатга тушириб қўйилган. Мана, ўттиз йилдирки, бу йўлда муносиб бир тизим йўлга қўйилгани йўқ. Ўз навбатида бу халқнинг бир қанча норозиликларига, давлат раҳбарининг жиддий танқидига учради. Аслида, зиё тарқатиш масаласи қолипли нон етказиб беришдан кўра муҳимроқ бўлиши керак. Худо кўрсатмасин, қирғинбарот бўлиб, электр тизими буткул издан чиққанда ҳам хонадонларга ҳар куни даврий нашрлар кириб бора олсагина кутилаётган учинчи ренессансга қадам қўя оламиз. Тўғри, таълим тизими ҳамиша бирламчи, унга ёндош тизимлар саналувчи даврий нашрларни эса, ихтиёрий ўқув адабиётлари дейиш мумкин. Мажбурий адабиётлар одамлар истаса-истамаса кенг тарғиб қилинади, етказиб берилади ва ўқитилади. Агар омма ўз ихтиёри билан даврий матбуотни тарк этса, бу улкан фожиа бўлади. Бундай ҳолда кўзланган юксак марраларга мутлақо эришиб бўлмайди.

Матбуотнинг жамият ҳаётидаги улкан ўрнини кўролмаслик – бу маънавий шабкўрлик. Онгнинг тутқунлик кишанларидан озод ва эркин бўлолмагани кишининг ўз фикр-қарашига эга эмаслигидан дарак беради.

Ҳозир бир-биридан яхши даврий нашрлар бор. Улар йиллар давомида халқнинг диққат марказида, назарида турибди. Лекин уларнинг кўпчилиги иқтисодий жиҳатдан жуда аянчли аҳволда. Айниқса, халқ учун фойдали жуда кўп журналлар «мажбурий обуна» ниқобидаги матбуот қатағонининг жабрдийдалари, фидойи қурбонлари бўлишди.

Халқимиз ҳеч қачон мутолаага эътиборсиз бўлган эмас. Ҳатто очарчилик ёки қирғинбарот уруш даврларида ҳам. Бугунги турмушимиз эса, у даврлар билан таққослаб бўлмайдиган даражада. Ахир, одамлар шунчаки кўнгил хуши ё эрмак учун ҳам минг-минглаб маблағ сарфлаётгани сир эмас-ку. Бундай халқ ҳеч қачон илм-фандан, китобдан, матбуотдан, зиё ва маърифатдан юз ўгирмайди. Агар юз ўгирса, демак, бунинг жиддий сабаблари бўлади.

Масалан, мен юқори савиядаги муносиб журналларни, инсонни мушоҳадага ундайдиган газеталарни ҳамиша мутолаа қилиб боргим келади. Оиламга ҳам шуни раво кўраман. Уларнинг обуна нархлари ҳам мени қаноатлантиради. Астойдил обуна бўлсам дейман. Аммо ўтган йили ўзим обуна бўлган нашрнинг бирон сони қўлимга етиб келмаганини эслаб, фик­римда тараддудланаман. Фарзандларим ризқи-насибасидан қирқиб, «обуна ўйини»да тегирмон юргизаётган айрим кимсаларнинг киссасини емаган сомсам учун пул тўлаб тўлдириб қўйгим келмайди.

Яна ўйлаб қоламан: пойтахтда – марказда аҳвол шу бўлса… Яхшиям халқимиз анча сабр-матонатли экан. Йиллар давомида обуна учун пул тўлаб, қўлига бирон газета ё журнал ушламаган жабрдийдалар сони бизда қанча? Уларнинг дардини ким эшитади? Бизда аҳолининг зиёли қисми анча оғир-босиқ ва камсуқум одамлар. Улар «менинг ҳақимни беринглар!» деб ҳеч кимга оғиз очмайди. Қонунни рўкач қилиб, ҳақ-ҳуқуқ талашмайди. Ҳассасини иккинчи марта йўқотмасликка ҳаракат қилади, холос. Оқибатда жамият зиёлиларининг бирдамлигига путур етади. Зиё тарқатишдаги нотўғри механизм миллат зиёлиларини битта-битталаб сўнган юлдузларга айлантиради. Зиёлиларда, халқнинг энг пешқадам қатламида матбуотга, журналистларга, ҳукуматга ва давлатга, давлат одамларига ишончсизлик пайдо бўлади. Бу – ўта оғир масала! Бу – улкан фожиа! Давлатнинг, матбуотнинг ва барча тизимларнинг бирламчи мақсад-муддаоси — одамларни рози қилиш, уларнинг кўнглига йўл топиш, ҳар бир жабҳада ишончини қозониш. Агар ўзаро ишонч йўқолса, орадаги муносабатларнинг ҳаммаси бузилади. Ўзаро келишув йўқолади. Ҳурмат, меҳр-оқибат, бирдамлик, ҳамкорлик йўқолади. Одамларнинг ширин тили аччиққа дўнади, саломга очиладиган қўллар муштга айланади… Буларнинг ҳаммаси шу биргина орадаги ишонч йўқолишидан юзага келади. Фитна ва бузғунчилик эса, одамларни оммавий қирғин қилишдан ҳам даҳшатлироқ таъсирга эга.

Кейинги пайтларда одамлар ҳамма нарсани уйида ўтириб буюртма қиладиган бўлди. Буюртма берсангиз, истаган нарсангиз бир зумда ҳузурингизда бўлади. Буюртма қилинаётган нарсаларнинг кўпчилиги таом ва озиқ-овқат маҳсулотлари. Мана, карантин пайтида ҳам бунинг имкони бор экан-ку!? Нега энди карантинни бошқа нарсаларга эмас, айнан илм-маърифатнинг, зиёнинг одатдаги фаолиятига тўсиқ деб қабул қилишимиз керак? Нега энди кутилмаган ноқулай ҳолат инсоннинг илм-маърифатга янада интилишига эмас, ундан узоқлашишига сабаб бўлиши керак? Ахир, муқаррар ўлим олдида ҳам илмий масаланинг ечими ҳақида савол сўраган Берунийлар авлоди шундай аҳволга тушиши қанчалик тўғри? Оғир пайтларда қорнимизни ўйласагу, қадр-қийматимиз нима билан эканини унутишга ҳаққимиз борми?

Матбуот нашрларини халққа янада яқинлаштириш учун жуда кўп механизмлар бор. Бу борада халқаро тажрибадан ҳам фойдаланиш мумкин. Нима бўлганда ҳам халқни маърифатсиз қолдирмасликка жуда катта эътибор зарур. Одамлар доимий равишда ихтиё­рий илм-маърифат йўлини танласа, жамият бошига бало бўлиб турган турли муаммоларга ўрин қолмайди.

* * *

Журналистикани ўзининг шарафли қисмати деб билмаган киши, яхшиси, журналист бўлмагани маъқул. Журналист бўлдими, энди уни шарафли қисмат деб билиши шарт. Чунки журналист кун бўйи бирон бир ускунанинг мурватини бураб ўтирадиган техник ходим эмас. Унинг ютуғи оммага катта-катта фойдалар етказгани ҳолда, тўғри йўлдан тойиши минглаб инсонларнинг мусибатига сабаб бўлади. Журналистнинг ҳар сўзи минглаб, миллионлаб одамларга етиб боради, уларга таъсир қилади, керак бўлса, ҳаётини ўзгартиради. Пок қалбли, виждонли, ақлли, билимли, ҳушёр журналистдангина ўзига ўхшаган ардоқли сўз чиқади. Агар бунинг акси бўлса-чи? Худо сақласин!

Ҳусниддин Бердиев.

Манба: «Оила даврасида» газетаси

2020 йил 29 октябрь, 44-сон.