Шавкатжон Абдураззақов: Вилоят аҳолисининг 60 фоизини ташкил этадиган ёшлар учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз

2020-10-30T10:29:17+05:0030 Oktabr, 2020|Наманган вил.|

Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир арафасида БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC ROCA) номидан юридик клиника — ҳуқуқий клиника маркази очилди. Мазкур клиникани очилиши бўйича вилоят адлия бошқармаси ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарлари иштирокида меморандум имзоланди.

“Ҳоким ва ёшлар” учрашувида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси (UNODC ROCA) раҳбари Ашита Миттал, БМТ Тараққиёт Дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска иштирок этди.

Уларнинг чиқишларидан сўнг ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот давомида жойларда ёшлар марказлари, инклюзив таълим мактаблари очиш, Ёшлар парламенти аъзоларининг маҳаллий кенгашлар фаолиятидаги иштирокини таъминлаш, имтиёзли асосда ёшлар уйларидан хонадонлар олиш ва бошқа масалалар юзасидан ўнлаб савол ва таклифлар тингланди.

—Ёш тадбиркорлар учун махсус кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда. Унинг 30 гектарли ҳудудида 65 та лойиҳа жойлаштирилади, 3,5 мингта янги иш ўрни яратилади. IT park, касб-ҳунарга ўргатиш марказлари очилмоқда. Буларнинг барчаси ёшларимиз учун. Вилоятимиз аҳолисининг 60 фоизини ташкил этадиган ёшлар учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Уларни бемалол вилоятимиз драйверлари деб атасак бўлади, — деди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов.

Тадбир якунида бир гуруҳ фаол ёшларга вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Наманган вилоят бўлими