Таълим тўғрисидаги қонундаги янгиликлар ва уни қўллаш масалалари

2020-10-29T10:38:41+00:0029 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

2020 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрири эълон қилинди. Мазкур қонун амалдаги қонундан ҳам нормаларининг кўплиги, ҳам тартибга солиш предметининг кенглиги билан ажралиб туради. Агарда, аввалги қонун 34 моддадан иборат бўлса янги таҳрирдаги қ онун 75 моддадан ташкил топган.

Қонунга кўра давлат таълим муассасасининг мақоми аниқланди, яъни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат мулки бўлган мол-мулк негизида ташкил этилган, давлат таълим стандартларига ва давлат таълим талабларига мувофиқ таълим берадиган муассаса эътироф этилди. Шунингдек, нодавлат таълим ташкилотининг ҳам мақоми мустаҳкамланди. Яъни, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия асосида таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахс нодавлат таълим ташкилоти деб белгиланди.

Қонунда биринчи марта таълим соҳасининг 16 та муҳим принципи кўрсатилди. Бу принциплар миллий менталитетга асосланган бўлиб, улар таълимнинг эркинлиги, тенг имкониятлар таъминланаши, таълимнинг мажбурийлиги, таълим олишнинг очиқлиги, энг асосийси инсоннинг бутун ҳаёти давомида таълим олишининг белгиланганидир.

Таълим олиш ҳуқуқи ишлаб чиқаришдан ажралган (кундузги) ва ажралмаган ҳолда (сиртқи, кечки, масофавий) таълим олишни ташкил этиш орқали кафолатланади. Оилада ёки мустақил ўқиш орқали таълим олган фуқароларга, шунингдек умумий ўрта таълим олмаган шахсларга аккредитациядан ўтган давлат таълим муассасаларида экстернат тартибида аттестациядан ўтиш ҳуқуқини бериш асосий янгиликлардан бири ҳисобланади.

Таълим тизимининг қамрови кенг бўлиб, у ҳам ҳужжатларни-давлат таълим стандартларини, давлат таълим талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини  қамраб олса, ташкилотлар сифатида – давлат таълим стандартларини, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларини амалга оширувчи ва  таълим сифатини баҳолашни амалга оширувчи ташкилотларни, таълим тизимининг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлаш учун зарур бўлган тадқиқот ишларини бажарувчи илмий-педагогик муассасаларни ҳамда таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларини, шунингдек уларнинг тасарруфидаги ташкилотларни ўз ичига олади.  Қонунда таълим турлари қаторига мактабдан ташқари таълим турининг ҳам киритилгани таълимнинг инсонпарварликка йўналтирилганидан далолат беради.

Агарда, умумий ўрта таълим I–XI синфларни ўз ичига олса, ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга ошириладиган бўлди. Шунингдек, профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилди.

Бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX-синф битирувчилари негизида кундузги таълим шаклида 2 йиллик интеграциялашган дастур асосида бепул амалга оширилади. Ўрта профессионал таълим коллежларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги 2 йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади. Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида 2 йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилади.

Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этилиши, нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш эса уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилиши мумкин. Бунда нодавлат таълим ташкилотлари фаолият юритиши учун лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилади. Нодавлат таълим ташкилотларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тўлов-шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Ота-оналар ва кенг жамоатчилик таклифига кўра Қонунда умумий ўрта таълим ташкилотларининг синфлари (гуруҳлари)да таълим олувчилар сони ўттиз беш нафардан ошмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Маълумки, таълим ташкилотлари фаолияти алоҳида ва қатъий белгиланган ҳужжатлар – давлат таълим стандартлари ва  давлат таълим талаблари асосида тартибга солинади.  Давлат таълим стандартлари деганда давлат томонидан таълимнинг мазмуни ва сифатига нисбатан белгиланадиган талаблар мажмуи тушунилади. Давлат таълим талаблари эса таълимнинг тузилмасига, мазмунига ва уни амалга ошириш шарт-шароитларига, шунингдек таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий ҳамда касбий сифатларига қўйиладиган мажбурий талаблардир.

Давлат таълим стандартлари умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим мазмуни ва сифатига оид талабларни белгилайди. Давлат таълим стандартлари касбий стандартлар асосида ишлаб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Давлат таълим талаблари таълим соҳасидаги асосий ҳужжатлардан бири бўлиб, у кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари ва муддатлари, унинг тартиб-қоидаларини белгилайди. Фуқароларнинг касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилади. Давлат таълим талаблари таълим соҳасидаги тегишли ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Давлат таълим стандартлари ёки давлат таълим талабларини бажариш нодавлат таълим ташкилотларидан ташқари барча таълим ташкилотлари учун мажбурийдир. Нодавлат таълим ташкилотлари мустақил ишлаб чиқилган ва лицензияда кўрсатилган ўқув дастурлари асосида таълим фаолиятини амалга оширишлари мумкин.

Педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг қатор кафолатлари қонунда атрофлича белгиланган. Таълим олувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳам батафсил тавсифланган. Шунингдек, таълим ташкилотларининг ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланган.

Энг муҳим янгиликлардан бири-бу давлат аккредитацияси ва таълим ташкилотлари аттестациясининг фарқи ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Таълим ташкилотлари давлат таълим стандартларига, давлат таълим талабларига ҳамда ўқув дастурларига мувофиқлик жиҳатидан аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказилиши белгиланган, у беш йил муддатга амалга оширилади.

Давлат аккредитацияси деганда-давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига ҳамда ўқув дастурларига мувофиқлигининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда уларнинг битирувчиларига маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқининг тақдим этилишидан иборат жараён тушунилади.

Таълим ташкилотлари аттестацияси – бу  таълим ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатини аниқлаш бўйича давлат назоратининг асосий шакли.

Қонунда хорижий давлатдар таълим олганлик ҳужжатини тан олиш масалалари ҳам ёритилган. Хусусан, хорижий давлатда 1992 йил 1 январдан кейин олинган таълим тўғрисидаги ҳужжат тан олиш жараёнидан ўтказилганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қонуний кучга эга ҳужжат сифатида тан олинади. Хорижий давлатда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш Таълим инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Энди таълимнинг янги масофавий ва дуал таълим каби янги шакллари жорий этиладиган бўлди. Масофавий таълим ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни ахборот-коммуникация технологияларидан ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб олишга қаратилган.  Дуал таълим таълим олувчилар томонидан зарур билим, малака ва кўникмаларни олишга қаратилган бўлиб, уларнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисми эса таълим олувчининг иш жойида амалга оширилади. Масофавий таълим ва дуал таълимни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қонунчиликдаги яна бир янгилик оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш билан боғлиқ. Болаларнинг оилада таълим олиши ва мустақил таълим олиш услубий ва маслаҳат ёрдами кўрсатилган ҳолда тегишли ўқув дастурлари бўйича амалга оширилади. Оилада таълим олиш ва мустақил таълим олиш тартиби, шунингдек таълим олувчиларнинг тоифалари таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан белгиланади. Оилада таълим олган ва мустақил таълим олган шахсларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжатни бериш давлат таълим муассасаларининг тасдиқланган ўқув дастурига мувофиқ экстернат тартибида амалга оширилади.

Маълумки, кўпчилик фуқаролар мустақил равишда таълим олади ва бирон-бир касбни эгаллайдилар, лекин улар белгиланган тартибда ҳужжатга эга бўлмас эди. Ана шу муаммо экстернат тартибда ҳал этиладиган бўлди.  Экстернат тартибидаги таълим олиш ўқув дастурларини мустақил равишда ўзлаштиришни ўз ичига олиб, унинг якунлари бўйича таълим олувчилардан давлат таълим муассасаларида якуний ва давлат аттестацияларидан ўтишни талаб этади. Экстернат тартибидаги таълим олишни ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги таҳрирдаги қонуннинг қуйидаги асосий фарқлари мавжуд:

биринчидан, таълим олиш шаклларининг таснифи кенгайтирилган;

иккинчидан, Вазирлар Маҳкамаси, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (Таълим инспекцияси), Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, шунингдек соҳа вазирликлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари тафсилотлари билан аниқлаштирилган;

учинчидан, таълим жараёнининг барча иштирокчиларининг ҳуқуқий мақоми катта этибор қаратилган;

тўртинчидан, давлат таълим стандартлари ва талаблари, ўқув жараёнига ўқув режалари ва дастурларини, таълим соҳасига экспериментал ва инновацион фаолият таълимни жорий этиш билан боғлиқ масалалар тартибга солинган;

бешинчидан, таълимга оид ваколатли органлар санаб кўрсатилган ва уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид нормалар белгиланган, таълим жараёнини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш механизмлари белгиланган.

 

Гулнора Худайбердиева

Тошкент давлат юридик университети

Ихтисослаштирилган филиали доценти,

юридик фанлар номзоди