«Тилим кўп тиллардан кўрукликдир»

2020-10-28T09:25:39+00:0028 Oktabr, 2020|Самарқанд вил.|

Дунёда етти мингга яқин тил бор. Бу тилларнинг дунё лисоний ҳамжамиятида тутган ўрни бир хил эмас. Шундай тиллар борки, халқаро тил вазифасини бажаради. Она тилимиз бугун жаҳон минбарларида баралла янграётган тилдир. Ўзбек тили неча минг йиллик тарихий тараққиёт босқичини босиб ўтган она тилимиз соф туркий манбалардан озиқланган тилдир.

Бироқ, биз бугун фахр билан гапираётган она тилимизни, унинг нуфузини асраш осон бўлмаган. Қадим-қадимдан аждодларимиз Ватан мустақиллигини асраш, маънавий, моддий қадриятларни авлодларга етказиш учун қандай курашган бўлсалар, тилимизнинг софлигини сақлаш, уни бекаму-кўст авлодларга тақдим этиш учун ҳам шундай курашган. Тилимиз қудратини ўзида яққол акс эттирган илмий, бадиий асарлар ёзган, шу билан бирга нафақат ўз даври, балки келажак авлодни ҳам тилимизни асрашга чорлаган. Масалан, Маҳмуд Қошғарий XI асрда тилимизга форс-тожик, араб тилининг таъсири сезила бошлаган бир пайтда “Девону луғатит-турк” асари орқали туркий сўзлар луғатини яратган, туркий тил бойлигини араб тили бойлигидан кам кўрмаган ва “араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб, ўзиб бораётган турк тилини”, кўкларга кўтарган.

Аҳмад Яссавий:

“Отим Аҳмад, Туркистондир

элим менинг,

Юртим турк, элим турк,

тилим туркдир.

Тилим кўп тиллардан кўрукликдир”, – деб ифтихор этган.

Хоразмий ўз она тилида “Муҳаббатнома” асарини  ёзиб, “шакартек тил била оламни” тутган бўлса, Алишер Навоий “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам” деб баралла айтган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур туркийда “Бобурнома”ни битиб, ҳанузгача авлодлар таҳсинига сазовор бўлиб келмоқда.

Шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла  Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон ўтган асрнинг долғали даврида тилимиз келажаги учун   қайғурган, ўзбек тилининг  равнақи йўлида дадил ҳаракатлар қилган.

Бугун тилимиз ўзининг кенг имкониятларини халқаро муносабатларда, энг мураккаб фан соҳаларида тўлиқ намоён қилмоқда. Давлат аҳамиятига молик йирик учрашувлар, халқаро анжуманлар, тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ўзбек тили фаол қўлланилмоқда. Ўзбек тили таълими тубдан ислоҳ қилинди, шунга мувофиқ янги дарсликлар яратилди, қайта-қайта нашр қилиниб тўлдирилиб борилмоқда.

Давлат тили ҳақидаги қонуннинг ижросини таъминлашга қаратилган давлат дастури асосида яратилган беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, кирилл ва лотин алифбосида нашр этилган “Ўзбек тилининг имло луғати” ва бошқа қатор луғатлар халқимизнинг тил маданияти ривожи учун хизмат қилмоқда.

Шарофат ТЎХЛИЕВА,

Орзибону ЮСУПОВА.

(Самарқанд вилояти)