Фарғонада “журналистлар уйи” бўлади

2020-10-28T06:44:56+05:0028 Oktabr, 2020|Фарғона вил.|

Халқимиз оилани бежизга “Ватан ичра мўъжаз Ватан” сифатида эъзозламайди. Бу борада оилавий тўкис бахтга эга бўлиб, замонавий шароитлар муҳайё бўлган янги уйда яшаш завқи бошқача бўлади. Айниқса, журналистлар учун ана шундай имконият туҳфа этилиши ўзига хос илҳом манбаидир. Куни кеча вилоятимизда журналистлар учун имтиёзли кредит асосида янги кўп қаватли уй қурилишига киришилгани ҳақидаги хушхабар соҳа фахрийлари, фидойи ҳамкасбларимиз, барча-барча ҳамюртларимизни беҳад мамнун этди.

Ҳозирги кунда вилоятда 60 га яқин ОАВлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 247 нафар журналист халқимизга холис ва тезкор ахборот етказиб бериш мақсадида сидқидилдан меҳнат қилмоқда. Аммо фарғоналик журналистлар орасида бир неча йиллар мобайнида ўзининг уй-жойига эга бўлиш орзуси билан яшаётган ҳамкасбларимиз ҳам йўқ эмасди.

Ўтган ҳафта вилоятимиздаги бир гуруҳ уй-жойга муҳтож журналистлар Фарғона шаҳрига йўлдош Миндонобод мавзесидаги шаҳарчага бордилар ва қурилаётган бинолар, уларга ажратилиши режалаштирилган уйлар билан танишдилар.

— Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан бўлган дастлабки суҳбатимиз чоғи мен бошқа муаммолар қатори Президентнинг журналистларга имтиёзли кредит асосида уй-жой қуриш ҳақидаги қарори ижроси масаласини қўйдим, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси, “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов. — Вилоят раҳбари Миндонобод мавзесида қуриладиган уйлардан бирини “Журналистлар уйи”га айлантирамиз, деди. Шундан сўнг биз тезликда уй-жойга муҳтож журналистлар рўйхатини шакллантирдик.

Айни кунларда Миндон-ободда 20 дан ортиқ кўп қаватли бинолар бирин-кетин қад ростламоқда. Яқин кунларда 480 ўринли мактаб фойдаланишга топширилади. Болалар боғчаси, кичик бозор, маҳалла гузари, савдо расталари учун жойлар ажратилган ҳамда ушбу объектлар қурилишини тез кунларда бошлаш кўзда тутилган.

— Имтиёзли кредит асосида қурилаётган бу уйлар 2-3 хонали бўлиб, кўчиб кириб яшайдиган ҳолатда, алоҳида иситиш ускунаси, ошхона жиҳозлари билан бирга топширилади, — дейди Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Ўткир Тешажонов. — Уйнинг нархи 2 хоналиги 160 миллион, 3 хоналиги 185 миллион сўм атрофида бўлади. Унинг ўн фоизи дастлабки тўлов бўлиб, қолган қисми 20 йилга ўн фоизли кредит асосида берилади.

Шу йилнинг 24 октябрь куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Миндонобод мавзесидаги янги қурилаётган йўлдош шаҳарчада “Журналистлар уйи”нинг биринчи ғиштини тантанали суръатда қўйди. Янги уй қурилиши бошланган ҳудудда фарғоналик бир гуруҳ журналистлар билан самимий суҳбатлашди.

— Икки фарзандимиз билан неча йиллардан буён ижарада яшаймиз. Хайрулло Бозоровга катта раҳмат. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан мен ва яна мен каби 23 та оила уйли бўлар экан, — дейди вилоят телевидениеси тасвирчиси Шерзод Юсупов.

— Биз бир хонадонда фар-зандларимиз билан жуда ноқулай шароитда яшар эдик, — дея суҳбатни давом эттиради “Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбири Шоҳсанам Эшматова. – Энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлади. Бу қандай бахт!

Журналистлар билан мулоқотда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бундан буён ҳам соҳа ходимлари
фаолиятини қўллаб-қувват-лаш бўйича эзгу ташаббусларни билдириб, бу борадаги ишлар изчил давом этишини таъкидлади.

2020 йил 24 октябрь Фарғона журналистикаси тарихида унутилмас воқелик сифатида эътироф этилади, албатта. Ишонамизки, 2021 йилги Наврўз байрами фарғоналик журналистларнинг янги уй тўйлари шодиёналари қаторида қўшалоқ тантана сифатида нишонланади.

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратни Элёр ОЛИМОВ олган.

(Фарғона вилояти)