Ўзбек тилини ривожлантиришда ОАВ масъулияти

2020-10-28T06:42:28+00:0027 Oktabr, 2020|Умумий янгиликлар|

Бугун Ўзбекистон Журналистлари  ижодий уюшмаси  томонидан Миллий Матбуот  марказида  “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини оширишда ОАВ масъулияти” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов  олиб борди. У буюк тарихга эга она тилимизга мустақил юртимизнинг давлат тили мақоми берилгани, бугунги кунда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги,  хусусан, Президент Фармони билан  21 октябрь Ўзбек тили байрами, деб белгилангани ва бу йил илк марта  кенг нишонлангани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлаётгани, шу билан бир қаторда Давлатимиз раҳбарининг Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табриги ҳамда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган  вазифалар  оммавий ахборот воситалари  зиммасига катта масъулият юклайди”, дея таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан  Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим мудири Маъмуржон Парпиев, Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Сагатова ва бошқалар  ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситалари масъулиятини кучайтириш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Қайд этилганидек, янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини

барпо этишдек эзгу мақсадларга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудрати муҳим омил бўлади. Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда.

Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Хорижий тилларга ихтисослашган ҳамда таълим чет тилларда олиб бориладиган таълим муассасалари сони ошиб бормоқда. Бугунги кунда хорижий давлатлардаги 65 та олий ўқув юртида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда, ушбу соҳада илмий изланиш ва тадқиқотлар олиб бораётган чет эллик олимлар сафи тобора кенгаймоқда.

–Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги

обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашда биринчи навбатда ОАВ ўзининг алоҳида ўрнига, сўзига эга ҳисобланади,–дейди Адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Сагатова. Шу билан бирга мамлакатимизда фаолият олиб бораётган барча матбуот, телеведения, интернет сайтлари ҳамда радиоларда ўзбек адабий тили  қоидаларига риоя этилиши, журналист ва блогерларнинг бу борадаги билим-кўникмаларини мустаҳкамлашда устоз журналистлар, филолог олимларимиз, кўпни кўрган кексаларимизнинг маслаҳатлари доимо биз учун дастуриламал бўлиши лозим.

Давра суҳбати давомида айрим интернет сайтлари, радио ҳамда телеканалларда адабий тил меъёрларининг  бузилиш ҳолатларига эътибор қаратилиши, Давлат тилида тўлиқ иш юритишга ўтиш йўлида амалга оширилаётган ишларни кенгроқ ҳамда таҳлилий ёритиш, бу борада жойларда учраб турган  камчилик ва муаммоларга жамоатчилик  диққатини тортиш масалалари  бўйича ҳам фикр  алмашилди.

Тадбир сўнгида ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда унинг халқимиз, кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилишда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ журналист ва блогерларга Уюшма томонидан 5 жилдлик  “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” топирилди.

Ислом Эгамберди ўғли,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси мутахассиси.