Ҳамдардлик

2020-10-26T10:22:53+05:0026 Oktabr, 2020|Бухоро вил.|

Бухоро вилояти матбуоти ва жамоатчилиги оғир жудоликка учради.

Қарийб 50 йиллик умрини матбуот ривожига бағишлаган устоз журналист, Бухоро вилояти оммавий ахборот воситаларининг забардаст вакили Халилов Абдужалил Вакилевич 73 ёшида вафот этди.

Абдужалил Халилов 1947 йил Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳрида туғилган. 1970 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини муваффақиятли тамомлаб, Бухоро вилоятининг бош нашри “Бухоро ҳақиқати” (ҳозирда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимлигиниг “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририяти) да ўз меҳнат фаолиятини бошлаган. Газетанинг маданият бўлими мудири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида муваффақиятли меҳнат қилди.

А.Халилов 1986 йилдан вилоят партия қўмитасининг йўриқчиси, бўлим мудири, 1991 йилдан Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси вилоят Кенгашининг иккинчи котиби вазифаларида сидқидил меҳнат қилди. Абдужалил Халилов 1992 йилдан Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Абдужалил Халилов 1997 йилдан яна жонажон газетасига, вилоят бош нашри “Бухоронома” ва “Бухарский вестник” газеталари таҳририятига қайтди. 2015 йилгача газета таҳририяти бош муҳаррирининг ўринбосари вазифасида фаолият юритган забардаст журналист Абдужалил Халилов 2015-2016 йилларда “Бухоронома” газеталари бош муҳаррири вазифасини вақтинча бажарувчиси лавозимида ҳам муваффақиятли фаолият олиб бориб, кўплаб ёшларга журналистика касбининг сирларини ўзлаштиришларида бор билим ва салоҳиятини аямади.

Кўп йиллик самарали меҳнати ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун 2019 йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида«ги Фармонига кўра Абдужалил Халилов давлатимизнинг юксак мукофоти «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган эди.

Камтарин ва хокисор инсон, вилоятимиз матбуотининг фидойиси Абдужалил Халиловнинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу яшайди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Бухоро вилоят бўлими.