Тилимиз қадр-қимматини нималар белгилайди?

2020-10-26T09:39:32+05:0026 Oktabr, 2020|Бухоро вил.|

Ҳар сафар октябрь ойи келди дегунча давлат тили мақомидаги она тилимиз хусусида ҳар қачонгидан ҳам тўлиб-тошиб сўзлаш, уни алқаш, улуғлаш, қолаверса, забонимиз билан боғлиқ муаммолардан сўз очиш урф тусига кирган. Аслида бу вазифалар фақат тарихий сана муносабати билангина эсланадиган, қолган пайтларда эса унчалик эътибор берилмайдиган вақтинчалик масалалар бўлмаслиги керак. Албатта, ушбу жиҳат кўпчиликка аён ҳақиқат. Бироқ шундай очиқ-ойдин нарсага чиндан ҳам амал қилиш – бошқа гап.

Масаланинг муҳими муҳим!

Одатда, юртимизда давлат тили билан боғлиқ меъёрларга риоя этиш муаммоларидан сўз очилса, аксарият кишилар шаҳару қишлоқларимизда қўр тўкиб турган кўплаб ресторан, емакхона, меҳмонхона, гўзаллик салонлари ва бошқа турли маиший хизмат кўрсатиш масканлари номлари, шунингдек, қатор реклама лавҳаларидаги жумлалар ажнабий эканлигидан нолишади. Бундай куйинчакликда жон бор, албатта. Аммо тил қадр-қиммати нуқул моҳиятан қамрови шундай торроқ бўлган майда омилларга боғлиқмикан?! Агар ижтимоий объектлар тўлиғича ўзбекча номланса, кўча-кўйдаги ёзувларда адабий тил қоидаларига оғишмай амал қилинса, халқ, мамлакат тақдири, келажаги билан боғлиқ бу муаммо тўла-тўкис ижобий ечим топадими? Назаримизда, шундай кичик жиҳатларга андармон бўлиб, асосий оғриқли нуқталарни эътибордан қочираётгандаймиз. Бунда биз, аввало, мана бу саволга жавоб излашимиз керак: диёримиз аҳолиси фойдаланадиган асосий тилнинг нуфузи, қадри, ривожи ва унга муносабатни қамраб олувчи икки тарихий давр – 1989 йилнинг 21 октябригача бўлган ва ундан кейинги замон ўртасида тафовут қанчалик катта?

 

Ҳам ғуруримиз, ҳам ўкинчимиз

Тан олиш керакки, ўзбек тили давлат тили мақомини олганидан ўнлаб йиллар ўтганидан сўнг ҳам ўз ўрни, даражасига яраша юз фоиз қадр-қиммат топди дейиш қийин. Йўқса, унинг атрофидаги баҳсу мунозаралар, муаммолар ҳанузгача давом этмаётган бўларди.

Албатта, Президентимизнинг давлат тили қадрини янада ошириш, миллий забонимиз нуфузини жаҳон миқёсига кўтариш борасидаги улкан ташаббуслари, жон куйдиришлари, оламшумул саъй-ҳаракатлари барчамиз учун ибрат мактабидир. Айниқса, яқинда БМТ минбаридан туриб давлатимиз раҳбарининг соф ўзбек тилида нутқ сўзлагани бизга чексиз ғурур бағишлади. Аммо шахсан ўзимиз тилимиз равнақи, эртаси учун нима қиляпмиз?!

Жуда яхши эслайман: ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ва ҳатто 2000 йиллар бошларигача мактабда, олий юқув юртида ўқиб юрган кезларимизда ўзга забонда сўзлашувчи, маданий ва маънавий савияси ҳаминқадар айрим кимсалар нега ўзбек тилида сўзлашишимизни айтиб, таҳдид қилишган пайтлар ҳам бўлган. Ҳолбуки, ўшанда биз ишлатган тил ўзимизнинг она тилимиз, халқимизнинг аксар қисми қўллайдиган тил, боз устига, давлат тили эди. Афсуски, ўзбекча забонга менсимай қарайдиганлар, ўзбек бўла туриб ўз тилидан оғриниб, ўзга тилларда бийрон сўзлашини кўз-кўз қиладиганлар орамизда ҳалигача топилади. Шуни ўйлаганда, қалбингни аллақандай ўкинч ўртайди…

Гоҳида бундай хунук ҳолатнинг аксини – хорижлик меҳмонлар ва сайёҳларнинг ўз тилларига муносабатини кўриб, очиғи, ҳавас қиламиз. Инглиз ёки рус забони сингари воситачи тилларда эмас, балки она тилларида мурожаат қилганимизда уларнинг бизга хайрихоҳлиги чандон ошиб, ўзаро мулоқотимиз самимий ва дилкаш суҳбатга айланиб кетган дамлар кўп бўлган. Бунинг бош сабаби – уларнинг ўз тилларига чексиз меҳр-муҳаббатидир балки! Хўш, биз ўз тилимизга муносабатда улардек бўла олармиканмиз?

 

Юз йилда атиги икки бор!

Боя тилимиз муаммолари кичик нуқсонлардангина иборат эмаслигига урғу бердик. Энди ғоят оғриқли ва залворли масалалардан яна бирига тўхталсак. Тил нуфузи ҳақида кўп гапирамиз-у, бу омилни белгиловчи энг муҳим жиҳатлардан бири – луғатчилигимиз қай аҳволда эканлигига кўп диққат қаратмаймиз. Ҳурматли тилшунослар, адабиётшунослар, умуман, филология ва бошқа ижтимоий фанлар йўналишларидаги мутахассислар, зиёлиларимиз шу саволга жавоб беришса, яхши бўларди: охирги юз йил ичида тилимиз бўйича бор-йўғи икки бор кенг миқёсли, йирик изоҳли луғат чоп этилган – 1981 йилда 60 минг сўз ва бирикмадан иборат икки жилдли ҳамда 2005-2008 йилларда 80 мингдан ортиқ сўз ва бирикманинг изоҳларини қамраб олган беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғат”лари. Хўш, нега атиги шунча? Бошқа хил луғатлар ҳақида айтишга ҳожат ҳам йўқ.

Ўзбек тили ва адабиёти бир жойда депсиниб, турғун бўлиб қолгани йўқ-ку. Охирги йилларда нутқимизда янгича сўз, атама ва иборалар кескин кўпайди. Уларни лингвистик жиҳатдан тушунтирадиган, чунончи, лексик маъноларини англашга ёрдам берадиган манбалар керак. Қатор мамлакатларда сўзлар изоҳига йўналтирилган қўлланма, қомус ва луғатлар тинимсиз тайёрланиб, янгиланиб боради ва уларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганиб, ўзимизда қўллаш фақат фойда келтиради.

Афсуски, замонавий луғатчилигимизнинг нафақат босма, балки онлайн, электрон шаклдаги намуналари билан ҳам мақтана олмаймиз. Интернетдан оддийгина “олма” сўзининг лексик, грамматик, фонетик, этимологик хусусиятлари борасида тузукроқ маълумот тополмаймиз. Чунки сўзларимизни изоҳловчи бирорта онлайн луғат йўқ. Солиштириш учун мисол келтирсак. Биргина французча “pomme” (“олма”) сўзига хос лингвистик жиҳатлар тўғрисида халқаро тармоқ орқали оламжаҳон маълумот йиғиш мумкин.

Айнан тил тадқиқотларига ихтисослашган академия, университет, институт ва ўзга илмий муассасаларимиз ҳам жонланиши, хусусан, малакали дастурчилар, ахборот технологиялар мутахассислари билан ҳамкорликда доимий равишда ҳам босма, ҳам электрон луғатлар чиқариб, бундай адабиётларни тез-тез янгилаб бориши шарт ва зарур.

 

Ибратда гап кўп

Одатда сўз бойлиги, услубият, маънодорлик, нутқнинг ҳар томонлама тўғри тузилиши, аввало, зиёли қатламдан талаб этилади. Таассуфки, баъзи педагог, илмий ходим ва журналистлар ҳам бу борада оқсаётгани – аччиқ ҳақиқат. Айрим муаллимлар ариза ва бошқа ҳужжатларда “ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари”, “маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” қабилида ёзишганига гувоҳ бўламиз. Аслида тилимиз грамматикаси, услубияти ва оддий мантиқ талабларига кўра “директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари”, “директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари” тарзида битиш зарурлигини ҳар қандай саводли киши яхши билади.

Яна бир ҳолат. Баъзи олимларимиз мақолаларида “тилшунос олим”, “табиатшунос олим”, “тарихшунос олим” каби бирикмаларни қўллайдиларки, бу тавтологиядан бошқа нарса эмас. Чунки тилимизда -шунос қўшимчасининг ўзи “олим” маъносини билдирадики, бу ўринда “олим” сўзини қўшишнинг сира ҳожати йўқ.

Ҳозир кўплаб журналист ва блогерлар “очиқламоқ” деган сўзни “маълум қилмоқ”, “билдирмоқ” сўзларининг ўрнида тез-тез қўллашмоқда. Ҳолбуки, ўзбек адабий тилида бундай сўз аслида йўқ.

Юқоридаги нуқсонларни бекорга тилга олмадик. Фикримизча, биринчи галда зиёлилар, ақлий меҳнат кишилари ишлатаётган ҳар бир сўз ва жумлаларини яхши тушуниб, ўз ўрнида қўллашса, нутқий камчиликларини тузатишса, ўзга қатлам вакилларига тил маданияти ва билимдонлиги борасида ибрат кўрсатган бўлишарди.

 

Рустам ИБРАГИМОВ,

“Бухоронома” мухбири.

(Бухоро вилояти)