Жиззахнинг сайёҳлик салоҳияти ортади

2020-10-26T05:59:55+00:0026 Oktabr, 2020|Жиззах вил.|

Жиззах бетакрор табиатга эга. Сайёҳларнинг ҳайратига сабаб бўлгувчи қадимий тарихий иншоотлар, азим минорлар, минг йиллик чинорлару бобоёнғоқлари бор. Ўлкамизда бой табиий ресурслар, маданий ёдгорликларни асраш, маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг ташрифини янада жонлантириш, юртни дунёга танитиш учун қатор ишлар бажарилмоқда. Жорий йилда соҳада қилинган ва келгусида қилинажак ишлар тўғрисида вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармасининг бўлим бошлиғи Шоҳруҳ АБДИМУРОДОВ билан суҳбатлашдик.

Сайёҳлик энг сердаромад, иқтисодда ўзига хос улушга эга соҳа. Вилоятда  бу борада қандай ишлар бажарилди?

—Жиззах вилояти табиий иқлим шароитининг бетакрорлиги, географик жойлашуви нуқтаи назаридан жуда катта экотуристик салоҳиятга эга. 2020 йил мобайнида 120 000 минг нафарга яқин маҳаллий ва 591 нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрган. Уларнинг асосий қисмини Франция (24%), Россия (18%), Германия (10%), Хитой (12%), Туркия (11%) ва МДҲ (14%)  мамлакатлари фуқаролари ташкил этган.

Вилоятда туризмнинг махсус турлари бўлган экотуризм, агротуризм, гастрономик туризм, этнотуризм йўналишларида истиқболли лойиҳаларни, шу жумладан агротуризмни ривожлантириш бўйича 10 та фермер хўжаликларида умумий қиймати 6 793,0 миллион сўмлик истиқболли агротуризм лойиҳалари шакллантирилиб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Экологик туризмни ривожлантириш мақсадида таклиф лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ҳозирда Бахмал, Шароф Рашидов, Зафаробод, Ғаллаорол, Зомин туманларида ҳамда Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоқларида умумий қиймати жами 25,636 миллион сўмлик 13 та экотуризм лойиҳалари амалга оширилмоқда. Аҳоли гавжум жойларда ва туристик объектлардаги жами 16 та санитария-гигиена шаҳобчаларининг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларнинг 14 таси талаб даражасига келтирилди. Иккитасида таъмирлаш ишлари олиб борилди ва қолганларида босқичма-босқич қайта қуриш ишлари олиб борилмоқда.

—Бугун соҳани ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

—Ўзбекистон  Республикаси  Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони сайёҳлик соҳасида катта имкониятларни очди. Унга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича қилган харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда 20 АҚШ долларида қопланадиган бўлди. Тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, «караоке» заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми  ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади. Шунингдек, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган тарихий ёки маданий ёдгорликлар ҳудудида фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлар сотилади.

—Юртимизга ўтган йили япон киногуруҳи, бу йил турк телеканаллари, кўплаб хорижий блогерлар ташриф буюришди ва бу қизиқиш йилдан йилга ортиб бормоқда. Улар учун яна қандай енгилликлар берилди?

—Хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар — кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар яратишдаги харажатларининг бир қисми («rebate») давлат бюджети ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг 20 фоизигача, лекин битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан  Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан ошмаган  миқдорда грантлар ажратилади.

—Тизимни ривожлантиришда қандай имтиёзлар берилди?

— 2023 йил 1 январга қадар етиб бориш қийин бўлган ва чекка жойларда — аҳоли яшаш пунктларидан камида 10 км ёки қаттиқ қопламали автомобиль йўлларидан 5 км узоқликда кемпинглар ва «сафари» туризмини ташкил этиш бўйича туризм хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар алоҳида автоном инфратузилмани яратган тақдирда мазкур фаолият тури бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилади. Намунавий лойиҳалар бўйича замонавий санитария-гигиена шохобчаларини қуриш ва уларнинг фаолиятини ташкил этишни амалга оширувчи юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек, ягона солиқ тўлови бекор қилинади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган дор (осма) йўлларини, «банжи-жампинг» ва «зиплайн» аттракционларини, бошқариладиган дирижабль, ҳаво шари ва бошқарилмайдиган, эркин ҳаракатланадиган аэростатлар,  жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган ғилдирак устидаги уйлар ёки кафе-фургонларга айлантирилган («фудтрак») ер усти транспорт воситалари божхона божи ва акциз солиғидан озод этилади.

—Туризм қишлоқларини шакллантириш — замон талаби. Вилоятда бу қаерларда ташкил этилади?

—2019 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари — шаҳарча, қишлоқ, овуллар ҳамда улар маҳаллаларининг рўйхати шакллантирилади. Ушбу фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари ташкил этилганда ва туристлар учун камида беш хил хизмат турлари (яшаш ва/ёки овқатланиш бўйича хизматлардан ташқари) кўрсатилган тақдирда уларга «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ёки «Туризм овули» мақоми берилади. 2020 йилдан бошлаб бу мақом берилган фуқаролар йиғинлари «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» давлат дастурларига биринчи навбатда киритилади. Вилоятимизда Зомин туманидаги “Дуоба”, Бахмал туманида “Музбулоқ”, Фориш туманида “Ўхум” қишлоқ фуқаролар йиғинлари туризм қишлоқларига айлантирилади. Жорий йилда ушбу “Туризм қишлоқ”ларида 130 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, 390 та қўшимча ишчи ўринлар яратилади ва барча хизматлар хавфсиз туризм тамойили асосида амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилади.

—Келгусидаги режалар тўғрисида гапирсангиз?

—Вилоятда 2020 йилда 577,9 млрд.сўм қийматга эга бўлган жами 27 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида  334 нафар иш ўрни яратилади. Жумладан, Жиззах шаҳар, Ғаллаорол, Фориш, Зафаробод, Зомин, Мирзачўл, Пахтакор туманларида умумий қиймати 554,776 млрд.сўмлик меҳмонхона мажмуалари, Жиззах шаҳар, Зомин туманларида умумий қиймати 10,0 млрд.сўмлик дам олиш ва соғломлаштириш, сиҳатгоҳ, Арнасой, Зафаробод, Зомин, Мирзачўл, Бахмал, Фориш туманларида умумий қиймати 15,8 миллиард сўмлик кемпинг ва экотуристик масканлар қурилади.  Ғаллаорол туманида жами қиймати 3 миллиард сўмлик “Амир Темур водийси” сайёҳлик мажмуаси ташкил қилинмоқда.

2020 йилда Жиззах шаҳридаги Синдор Ҳамроқулов кўчасида гастрономик, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, сувенир дўконлари ҳамда турли кўнгилочар дастурларни намойиш этадиган туризм кўчаси барпо этилади. 2020-2021 йиллар давомида умумий қиймати 770 544 миллиард сўмлик 39 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида  510 та янги иш ўринлари яратилади. Туризм йўналишига киритилган маданий мерос иншоотлари сонини жорий йилда 78 тага етказиш чоралари кўрилади.

Буларнинг ҳаммаси вилоятимизга, ўлкамизга сайёҳлар оқимининг янада ортишини таъминлайди. Жиззахдек гўзал масканнинг туризм имкониятлари янада кенгайишига имкон яратади.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА,

Жиззах вилояти.